Оврўпо Иттифоқининг Тараққиёт бўйича комиссари Ўзбекистонга борди

Andris Piebalgs
Image caption Пиебалгснинг сафари Оврўпо Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар олдинга силжиётганининг белгисидир

Оврўпо Иттифоқининг Тараққиёт бўйича комиссари Андрис Пиебалгс Тошкентда Президент Ислом Каримов ва бошқа юқори лавозимдаги расмийлар билан учрашган.

Жаноб Пиебалгснинг учрашувлари кун тартибида Ўзбекистонни модернизациялаш мақсадидаги ислоҳотлар бўлгани хабар қилинган.

Жаноб Пиебалгснинг Марказий Осиёдаги ташриф буюрадиган иккинчи мамлакати Қирғизистон бўлади, Бишкекда Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлик ва Қирғизистонга ёрдам масалаларини муҳокама этиш кўзланган.

Тобора илиқлашаётган муносабатлар

Оврўпо Иттифоқи ижроия идораси Оврўпо Комиссияси аъзосининг ушбу ташрифи олий мақом мулоқот ҳисобланади ҳамда бу Оврўпо Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар олдинга силжиётганининг белгисидир.

2007 йилда Оврўпо Иттифоқи Марказий Осиё билан янги шериклик стратегиясини ишлаб чиққанидан кейин иттифоқ билан Ўзбекистон алоқалари изчил ривожланаётгани кузатилади. Тараққиёт бўйича Оврўпо Комиссари Андрис Пиебалгс минтақа учун бегона инсон эмас.

Жаноб Пиебалгс асли латвиялик ва Тараққиёт учун комиссар этиб тайинланишидан олдин Энергетика комиссарлигини бошқарган.

У, "Қирғизистон ва Ўзбекистон Оврўпо учун икки сиёсий ва иқтисодий шериклар", деб айтган.

Тошкентда Андрис Пиебалгс Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистоннинг 2011-2013 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва ҳуқуқий ислоҳотларга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига умид билдирган.

Оврўпо Комиссияси Ўзбекистонга 2007-2013 йиллар мобайнида 75 миллион Евро ажратишга қарор қилган.

Бу маблағ адлия тизими ислоҳоти, оналар ва болалар саломатлигини яхшилаш, узлуксиз таълим, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган дастурлар, турмуш даражасини узайтириш, қишлоқ жойларида савдони тараққий эттириш, бизнес муҳитини яхшилаш йўналишларига қаратилган.

Яқин орада Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистондаги парламент тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадидаги дастурини йўлга қўйишни мақсад қилган.

Оврўпо Комиссияси, шунингдек, қайта тикланадиган ва тежамкор энергия манбаларига урғу берилган энергетика ва атроф-муҳит соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам дастакламоқда.

Оврўпо Иттифоқи ва Қирғизистон

Оврўпо Иттифоқи Қирғизистоннинг энг йирик донори ҳисобланади.

Бу мамлакатга иттифоқ 2010-2013 йиллар мобайнида 118 миллион Евро ажратишни кўзлаган.

Бу маблағ шу йил июлида Бишкекда йиғилган Донорлар анжуманида Қирғизистонга ваъда қилинган жами молиявий кўмакнинг ўндан бир қисми ҳисобланади.

Қирғизистон учун мўлжалланган маблағларни бу мамлакатда демократияни кучайтиришга қаратилган махсус лойиҳаларга сарфлаш, қонун устуворлиги, ижтимоий муҳофаза ва маориф тизимларидаги ислоҳотларга йўналтириш кўзланган.

17 декабр куни Комиссар Пиебалгс Қирғизистоннинг Молия вазири Жоробек Имашев билан учрашуви мўлжалланган.

Бу учрашувда Қирғизистоннинг Озиқ-Овқат хавфсизлиги ахборот тизимини такомиллаштириш мақсадидаги 2 миллион Евролик битим имзоланади.

Президент Роза Ўтинбоева ҳамда ҳукуматнинг бошқа юқори лавозимдаги мулозимлари билан учрашувда Андрис Пиебалгс Оврўпо Иттифоқининг Қирғизистон бошидан кечирган шу йил апрелидаги ҳодисалардан кейин кўрсатажак ёрдамлари масаласини муҳокама этади.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124