Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбекистоннинг ' Жаслиқ' қамоқхонаси ўлим жамлоғига айланмоқда'ми?

"Жаслиқ" қамоқхонаси ўлим жамлоғига айланмоқда. Ўзбекистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи худди ана шундай баёнот билан чиққан.

Ташкилотнинг қайд этишича, аксил-конституциявий фаолиятда айбланган бир неча маҳбуснинг "Жаслиқ" қамоқхонасида оламдан ўтгани ҳақида хабарлар бор.

Сўнгги баёнот эса, "Жаслиқ"да сақланаётган тошкентлик Миркарим Сайиткаримовнинг қаттиқ қийноққа солинаётганини урғулайди.

Ушбу даъво маҳкум билан учрашган онасининг гапларига таянади.

Қатор халқарою маҳаллий ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар воситасида ҳаётдан кўз юмиши ноодатий ҳол эмаслигини айтишади.

Оврўпо Иттифоқи 2008 йилда Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган Миллатларнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирганди.

2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарига ташриф буюрган БМТ маърузачиси эса, мамлакатда қийноқларнинг мунтазам қўлланишини айтган эди.

Ўзининг қаттиқ шароитлари билан танилган "Жаслиқ" қамоқхонасида асосан, диний ва сиёсий маҳбуслар сақланади, деб ишонилади.

Бу ҳудуднинг иқлими жуда оғир бўлиб, қишида қақшатқич совуқ, ёзида эса жазирама иссиқ бўлади.

У ерга қамоқхона қурилганидан кейин темирйўл тортилган, бошқа йўл билан етиб бориш имконсиз, атрофни юзлаб километр саҳро эгаллаган.

Биз Тошкентдаги Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов билан боғландик ва аввало, "Жаслиқ"ни ўлим жамлоғи деб аташ қандай аниқ далилларга асосланади, деб сўрадик.