Руслан Чагаев: 'Кейинги жангим албатта Жаҳон чемпионлиги учун бўлади'

Ўзбекистонлик донгдор боксчи, профессионал боксда WBA йўналишининг энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев Би-би-си билан суҳбатида бундан кейинги жанги албатта Жаҳон чемпионлиги камари учун бўлишини айтди.

Руслан Чагаевга кўра, украиналик ака-ука Кличколар бўладими ёки британиялик Девид Ҳей, бўлажак жангда рақиби ким бўлишининг ўзига фарқи йўқдир.

Ўзбекистонлик боксчи Жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритиш учун келаси йил март ойларида яна рингга қайтишини айтди.

Руслан Чагаев ўтган шанба куни Олмониянинг Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги жангида америкалик рақиби Тревис Уокерни мағлуб этганди.

Кўпчиликни ҳайратга солиб, 8 раунд давом этган жуда шиддатли жангда Руслан Чагаевнинг қўли баланд келганди.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи Руслан Чагаев шу йилнинг май ойида австралиялик рақиби Кали Мианни енгиб, яна чемпионлик камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Руслан профессионал боксда ўтган йили илк бор украиналик донгдор боксчи, WBO ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Владимир Кличкодан мағлубиятга учраб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди.

WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги камари ҳозир британиялик боксчи Девид Ҳейдадир.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи бундан аввал ўтказган 26 та жангининг 24 тасида ғалаба қозонган, биттасида мағлуб бўлган ва яна биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Биз шанба кунги жанги ортидан Руслан Чагаев билан боғланиб, сўнгги жанги, ҳозирги кайфияти ва кейинги режалари билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди