Таниқли ўзбек сиёсий арбоби Абдуманноб Пўлат оламдан ўтди

Ўзбек мухолифати ва инсон ҳуқуқлари фаолларидан бири, таниқли сиёсий таҳлилчи Абдуманноб Пўлат 59 ёшида АҚШда вафот этди.

У 1951 йил 16 декабрида Тошкентда туғилган.

Абдуманноб Пўлат Тошкент ва Ленинград университетларида таҳсил олган, физика-математика йўналиши талабаларга сабоқ берган.

Абдуманноб Пўлат 1988 йилда ташкил этилган "Бирлик" халқ ҳаракатининг асосчиларидан бўлган.

У Ўзбекистондаги илк инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотини ташкил этишда бош-қош бўлган.

1992 йилда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташкил этилади ва Абдуманноб Пўлат жамияти раиси этиб сайланади.

1993 йилда Ўзбекистон Олий суди Абдуманноб Пўлатни уч йилга озодликдан маҳрум этади ва амнистия қўллангани айтилиб, суд залидан озод этилади.

Абдуманноб Пўлат ўзининг жиноий жавобгарликка тортилиши сабабини 1992 йил 16 январида Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасидаги плакат билан боғлиқ бўлганини айтган.

Би-би-си меҳмони Абдуманноб Пўлат билан суҳбат

Абдуманноб Пўлатнинг Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳақидаги хотираларини тингланг

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шундан кейин Абдуманноб Пўлат Ўзбекистонни тарк этган.

У умрининг охиригача АҚШда муҳожирликда яшади.

Абдуманноб Пўлат 1999 йилгача "Бирлик" аъзоси бўлганини айтган.

"Абдуманноб Пўлат Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятини бошқарган 1991-2001 йилларда жамиятнинг ташкилий ва ғоявий шаклланишига етакчилик қилди. Абдуманноб ПўлатЎИҲЖ аьзолари қалбида жамиятнинг асосчисиларидан бири сифатида, биринчи раҳбари сифатида абадий сақланибқолади", дея таъзия билдирганлар жамият аъзолари.

"Абдуманноб ака Пўлатов юксак маданиятли, юксак маърифатли ва айни пайтда дилкаш оддий инсон эди", деб хотирлашган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари.

Абдуманноб Пўлат сиёсий таҳлилчи ва кузатувчи сифатида ўзининг шарҳ ва таҳлиллари билан танилган.

Бир неча ой илгари шифокорлар Абдуманноб аканинг бедаво дардга чалингани ҳақидаги нохуш хабарни маълум қилган эдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати таҳририяти Абдуманноб аканинг оиласи аъзолари, яқинларига ўз ҳамдардлигини изҳор этади.