Ўзбекистондаги амнистияга диний-сиёсий айблов билан қамалганлар ҳам 'тушди'

Image caption Ўзбекистондаги диний-сиёсий айблар билан озодликдан маҳрум этилган маҳбуслар сони ошкор этилмайди

Ўзбекистон мустақиллиги арафасида эълон қилган умумий авфга биноан, мустақил диний фаолиятда айбланган маҳбуслар ҳам озод этилмоқда.

Бу борада хабар бераётган маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, биргина Андижон вилоятида ўндан зиёд диний маҳбус уйига қайтган.

Андижондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича "Апелляция" жамияти тарқатган хабарга кўра, шу кунларда жазони ижро этиш муассасасида бўлган маҳкумларни қамоқхона нозирлари Андижонга олиб келганлар, шаҳар милиция идорасида диний-сиёсий айбловлар билан тутқунликда сақланган тўрт инсон яқинларига "топширилганлар".

"Апелляция"ташкилотига кўра, булар диний айбловлар билан қамалганларнинг Андижон вилоятига қайтарилган биринчи гуруҳидир.

Инсон ҳуқуқлари жамиятининг "Андижоннома" рўзномасига иқтибосан хабар беришича, бу йилги авф бўйича асли Андижон вилоятилик бўлган 1304 кишини озод этилади.

Улар орасида "тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашгани учун, тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноят содир этиб озодликдан маҳрум этилиб, ҳозир тўғри йўлга қатъий қайтган шахслар" борлиги ҳам хабар қилинган.

Парламентнинг охирги сессиясидаги чиқишида Президент Каримовнинг шахсан ўзи ҳам барчани қамайверса, ким оздликда қолади қабилида савол қўйган.

Бу Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил давомида илк бора диний маҳбусларнинг авф этилишидир.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқованинг Би-би-сига айтишича, ушбу амнистияда Ўзбекистон президентининг қайси гуруҳдаги маҳбусларни озодликка чиқариш борасидаги алоҳида ҳуқуқи инобатга олинган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди