Ўзбекистон ўз спортчилари ҳайъатини допинг синовидан ўтказишга чақирилди

Кураш

Яна бир курашчиси Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё Ўйинларидан четлатилиши ортидан, Осиё Олимпия Кенгаши Ўзбекистонни ўз спортчилари ҳайъатини допинг синовидан ўтказишга ундаган.

Бу гал 84 кг вазнда юнон-рим курашида хитойлик рақибига енгилган Жаҳонгир Мўминовнинг пешобидан ҳам спортчилар учун тақиқланган метилгексанемин моддаси топилган.

Ўтган пайшанба куни худди шундай допинг синовидан ўтолмаган ўзбекистонлик дзюдочи Шокир Мўминов Осиё Ўйинларида қўлга киритган кумуш медалидан мосуво этилганди.

Бурунга томирилувчи томчи дорилар таркибида бўлган ва танани кучайтириш хусусиятига эга метилгексанемин моддаси шу йилнинг бошида Жаҳон Допингга қарши кураш агентлиги томонидан тақиқланганди.

Айни шу модда сабаб, ўтган яқин ҳафталар ичида бошқа спорт турлари бўйича қатнашаётган қатор спортчилар ҳам турли халқаро беллашувлардан четлатилганди.

Осиё Олимпия Кенгаши Тиббиёт қўмитаси раҳбарининг мухбирларга айтишича, ўзбекистонлик икки спортчининг иши алоҳида-алоҳида кўриб чиқилмоқда ва уларнинг бир-бирига алоқаси йўқдир.

"Бироқ ҳар иккаласи ҳам Ўзбекистондан бўлгани ва улардан бир хил тақиқланган модда топилгани учун ҳам, Осиё Олимпия Кенгаши Ўзбекистон Олимпия Қўмитасига бундай ҳолларнинг қайта такрорланишининг олдини олиш учун текширув ишларини олиб боришни маслаҳат берди," деб айтган кенгаш тиббиёт қўмитаси раиси.

16-Осиё ўйинларида бирор бир совринли ўринни қўлга киритмаган бўлса-да, Жаҳонгир Мўминов ўтган йил Данияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида юқори ўнликка киришга муваффақ бўлган спортчидир.

Жаҳон Допингга қарши кураш ташкилоти спортчилар methylhexaneamine моддасини билмасдан қабул қилишлари эҳтимолини назардан соқит этмайди.

Шу сабаб, январ ойидан бошлаб, Жаҳон Допингга қарши кураш ташкилоти танасидан ушбу модда аниқланган спортчиларнинг жазолари юмшатилиши мумкинлигини айтганди.

Халқаро ташкилот томонидан берилган ушбу имконият остида бир қанча спортчилар ўз номларини оқлаб олишган.

Лекин, ушбу моддани қабул қилиш масаласида бутун масъулият спортчиларнинг ўзларига юкланади.

Шу сабабдан ҳам, уларнинг ўз гуноҳсизликларини исботлашлари осон бўлмайди.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124