Равшан Эрматов учинчи бор "Осиёнинг энг зўр ҳаками" деб топилди

Ўзбекистонлик таниқли футбол ҳаками Равшан Эрматов Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан кетма-кет учинчи бор "Йилнинг энг қойилмқом" ҳаками деб топилди.

Равшан ушбу танловда япониялик кўзга кўринган ҳакам Юичи Нишимура ва саудия арабистонилик Халил ал-Гамдийларни ортда қолдириб кетди.

Равшан Эрматов Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида ҳам энг зўр ҳакамлардан бири деб топилганди.

2010 йилги Жаҳон чемпионатининг илк учрашувини очиб бериш билан Равшан танимаганга ҳам ўзини танитган, бир биринчиликнинг ўзида беш беллашувга ҳакамлик қилиш билан эса, номи халқаро рекордчилар рўйхатига ҳам кирган.

Бу каби шов-шувли ютуқлари ортидан, Равшан дунёнинг энг етакчи хорижий оммавий-ахборот воситалари ҳам ортидан тушган "матбуот қаҳрамонлари"дан бирига айланганди.

Жаҳон чемпионатидаги ҳакамлик иқтидори билан Осиё қитъаси қолиб, бутун дунёни тан олдирган ўзбекистонлик ҳакам "Ўзбекистон Ифтихори" нишони билан ҳам тақдирланганди.

Ўзбекистонда бу каби фахрий унвонга лойиқ деб топилганларнинг сони саноқли экани назарда тутилса, бу Равшан учун ниҳоятда катта шарафдир.

Равшан бор-йўғи 33 ёшида эришган ютуқларга эса, дунёнинг манаман деган ҳакамлари ҳавас қилса арзийди.

Дунёда 25 ёшидан бошлаб халқаро учрашувларга ҳакамлик қилишни бошлаган ҳакамлар жуда кам.

Устига устак Равшан унча-мунча ҳам эмас, икки бор ёшлар, сўнгра Клублар орасидаги ва булар ҳам қолиб, яна 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг ярим финал учрашувига ҳам ҳакамлик қилган.

Кетма-кет икки бор бутунбошли Осиё қитъасининг "Энг зўр ҳаками" деб топилганлигини айтинг.

Равшан майдондаги "ўз ўрни" билан дунёнинг манаман деган футболчилари, мутахассислари ва мураббийларининг ҳурматларини қозонган.

Кимга ишқибозлик қилишларидан қатъиназар, ўзининг холис ва профессионал фаолияти билан эса, дунёдаги ҳар қандай "муккасидан кетган" футбол ишқибозининг ҳам кўнглини топа олган.