Ҳиллари Клинтон: мен Ислом Каримовни инсон ҳақларини яхшилашга чақирдим

Image caption АҚШ Давлат котибасини Ҳиллари Клинтонни Тошкент аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов кутиб олган

Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Президент Ислом Каримовни мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг аҳволини яхшилашга чақирган.

Остонадаги Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг саммитидан Бишкекка, куннинг иккинчи ярмида эса Тошкентга борган АҚШ Давлат котибасини Тошкент аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов кутиб олган.

"Мен Президент Каримов билан учрашдим. Мен уни инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликлар тўла ҳимоя қилиниши йўлидаги қатор чоралар воситасида ўзининг содиқлигини намойиш этишга даъват қилдим", деб айтган Клинтон хоним.

АҚШ Давлат котибаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан музокаралардан кейин Тошкентда журналистлар учун матбуот анжумани уюштирмаган, бироқ Клинтон хонимнинг ёрдамчилари журналистларга Оқсаройда кўтарилган мавзуларни маълум қилганлар.

Бундан маълум бўлишича, жаноб Каримовга Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида мужда берилган.

Рейтерс ахборот агентлиги Клинтон хоним сўзларидан иқтибос келтиради.

"Бирор бир мамлакат, жумладан Қўшма Штатлар ҳам бу соҳада(яъни инсон ҳуқуқлари соҳасида) доно эмас. Шундай экан, биз сизнинг ҳукуматингизга диний ва матбуот эркинликлари, қийноқ ёки болалар меҳнати сингари масалаларда гапирар эканмиз, буни биз ўзаро ҳурмат руҳида қиламиз", деган Клинтон хоним.

АҚШ Давлат котибаси айтишича, Ислом Каримов яқинда демократик эркинликларни кенгайтиришга ваъда берган ва ҳозир "гапни амалга кўчириш" фурсати етган.

"Бу чораларда биз дастаклов ва кўмакка тайёрмиз", деган Ҳиллари Клинтон.

Президент Каримов билан учрашувидан кейин Америка давлат котибаси ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар, ноҳукумат ташкилотлар вакиллари билан учрашган.