Ўзбекистонда бир йилда бир марта қулоқлар роҳат оладиган кун ёки...

Ассалому алайкум Би-би-си мухбирлари!

Мен бугун Ўзбекистон конституциясининг 18 йиллиги нишонланаётган кунда сизларга хат ёзишдан мақсад шу мамлакатимизнинг бош қомусида белгиланган ҳақ-ҳуқуқлардан биз қандай фойдаланаётганимиз ҳақида. Мана сизлар кеча Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" деган ташкилот ўтказган сўровдан олинган рақамларни эфирга бердинглар. Аҳолининг 95 фоиздан ортиқроғи ўзларининг бош қонундаги ҳуқуқ ва эркинликларидан амалда баҳраманд бўлаётган экан, дединглар.

Гапнинг очиғини айтсам, Ўзбекистонда ҳеч ким бу ташкилотнинг ишига, гапирган гапига ишонмайди. Қани биттаси айтсин-чи, ким сўров ёзилган варақага юрак ютиб, ўзининг норозилигини ёза олади? Ёзса, ўша куниёқ ишдан, ишсиз бўлса маҳалласидан қувилади. Шунақа экан, бу ташкилот ўтказган сўровга одамлар дилидагини эмас, тилидагини айтади, холос.

Кеча телевизорда президент сўзлаган нутқни кўрсатишди. Мана, президент биз аёллар ҳақида қандай жўшиб гапирди. "Бизга электр бераётган мана бу нур керак эмас, аёллар бераётган нур ҳам етади," деб айтди. Лекин муҳтарам президентимиз ўзбек аёлларининг бағри-дили қамалиб ётган, ишсиз, умидсиз, бегона юртларда мардикорлик қилиб юрган, йиллаб ўликми-тирикми хабари бўлмаган фарзандлари доғида аллақачон нур таратмай қўйганидан хабарлари бормикин?

Президентимиз аёлларга, айниқса, ёш оналарга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, сарфланаётган миллионлаб пуллар ҳақида гапирди. Бироқ чўнтагига пул қистирмасангиз, нигоҳини ҳам кўтармайдиган дўхтирлар, аёлларнинг мажбуран ёки ўзига айтмасдан бичиб, умуман фарзанд кўрмайдиган қилиб қўяётганларидан хабари бормикин?

Биз каму кўстсиз фаровон ҳаётни фақат ўзбек каналларида кўришга, биз учун яратилган дунёда энг олди шароитларни бир йилда бир марта Конституция куни президент оғзидан эшитишга кўникиб бўлдик. Конституция куни биз учун бир йилда бир марта ўзимизда йўқ нарсаларни бор деб тасаввур қилиш, айни пайтда ичимизда йиғилиб қолган аламларни яқин бир кимимизга тўкиб солиш куни бўлиб қолди.

Лекин бу гал мен ўзимни қийнаган саволларни сизлар билан баҳам кўришга аҳд қилдим. Авваллари президентнинг нутқини, жон куйдириб гапирган гапларини эшитиб, бу қадар самимий ғамхўрликдан баъзан кўзимга ёш ҳам келарди. Лекин кеча қуруқ истеҳзодан бошқа нарса йўқ эди. Нега?

Конституциямизда фуқаролар мамлакат ҳудудида эркин ва хоҳлаган жойида яшаши мумкин деб қўйибди. Лекин вилоятликлар учун пойтахт Тошкентга келиш қанчалик бошоғриқ эканини биласизми. Шу кунларда одамларни уйма-уй текшириб, доимий рўйхати йўқларни қувғин қилмоқда.

Конституциямизда ўқиш ва билим олиш учун барчага тенг шароит кўзда тутилган. У ҳолда президентнинг ҳар йили қанча бола ўқишга кириши ҳақида фармон чиқариши-чи? Ахир бу фармонда белгиланганидан ташқари битта ҳам бола ўқишга киритилмасин дегани-ку!?

Дугонам олийгоҳлардан бирида дарс беради. Ўзбекистонда ёшлар сони кўп, лекин бошқа мамлакатларга қараганда ўқув юртлари анча кам бўлгани учун ҳар битта ўрин учун мислсиз кураш кетади. Охир-оқибатда таниши ва пули кўплари ютиб чиқади. Кириш тестларидаги баллар сунъий равишда ошиб кетганки, агар бу балларга ишонилса, ўзбек талабалари дунёдаги энг ақллилар сирасига киради. Талаб шу даражада юқори экан, олийгоҳлар кенгайтирилсин, хусусийлари очилсин. Фарзандларимиз Россияга бориб, кўча супургандан кўра, инженер, техник ва ё доктор бўлиб ишлагани яхши-ку.

Ўзбекистоннинг ерости бойликлари билан тинимсиз мақтанамиз, конституцияда ҳам бу умуммиллий бойлик экани айтилган. Бироқ қанча олтин, нефт ва газ қазиб олингани ва қанча сотилгани бирор марта халққа айтилмаган.

Катта муаммоларни айтиб нима қиламан, энг кичиги бўлган пластик маошлар-чи? Маошимизни мажбуран пластикка ўтказиш қайси қонунда белгиланган. Нақд пул керак бўлса, бировларга ялиниб-ёлвориб, камида 10 фоиз қолдириб пул қилиб оламиз. Вилоятларда пластикдаги пулни нақдига айлантириш учун 20 фоиз ҳақ берилар экан. Пластикка 200 минг сўм маош оладиган ўқитувчи қариндошим уни нақд пулга айлантириш учун 40 минг сўмини кимгадир қолдирар экан, йўқса дўкондан пўпанак босган макарон ва мита тушган гуручни бозор нархида олишга мажбур бўлади. Ғирт қароқчилик эмасми бу?

Президентимиз Ўзбекистон конституциясига бутун жаҳон ҳамжамияти ҳавас билан қараши, кўпларга ўрнак бўлиши ҳақида гапирди. Лекин оддий одамларга келганда бу қонун иш бермаса, унинг дунёга донғи кетганидан не наф?

Албатта, қонунларда белгиланган ҳуқуқларни талаб қилишимиз керак, лекин бугунги Ўзбекистон шароитида бунга кимнинг юраги бетлайди. Сизни сумкангиз катта бўлгани учун ёки вилоятдан келганингиз учунгина тўхтатган милиционерга конституцияда белгиланган ҳуқуқингизни эслатсангиз устингиздан кулади. Камига бор-будингизни шилиб, Панелнийга (Қўйлиқдаги шахси номаълум кишиларни вақтинчалик ушлаб туриш ҳибсхонаси) тиқиб қўяди. Бу гапларни ҳаводан олиб эмас, уйимда ишлаган сувоқчи усталар ҳаётидан олиб айтяпман. Уларнинг ўз ватанида туриб "ҳатто Россияда бу ердагидан кўра ишлаш осонроқ" деган гаплари ёдимда турибди.

Келаси йил "Кичик бизнес ва тадбиркорлик" йили деб эълон қилинди. Аввалги йиллар тажрибасидан келиб айтиш мумкинки, амалдорларнинг кафти қичий бошлади бугундан, пул келади-да уларга. Тадбиркорман дегани давлат солиғидан ташқари бошқа "солиқларни" ҳам тўлаши керак-да.

Конституция куни расмийлар томонидан берилган навбатдаги дам олиш кунларидан бирига ўхшайди, холос. Лекин бошқача бўлишини чин дилдан истардик. Бу кун бир йилда бир марта фақат қулоқлар роҳат оладиган ўткинчи бир кун бўлиб қолмаслигини чин дилдан хоҳлардик.

Ҳурмат билан ўзбекистонлик мухлисангиз.