Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Андижонда 'Шоҳидийлар" диний гуруҳи аъзолари ҳукм этилишди

Андижондан келаётган хабарларда айтилишича, "Шоҳидийлар" диний гуруҳининг 25 нафар аъзоси турли муддатга қамоқ жазоларига ҳукм этилишган.

Айбланувчилар устидан сентябр ойида бошлангани айтилган маҳкама жараёни уч ой давом этган.

Яқинда эълон қилинган маҳкама ҳукмига биноан 25 нафар судланувчидан 19 таси уч йилдан олти йилгача озодликдан маҳрум этилишган. Қолганларига эса, икки йилдан олти йилгача шартли қамоқ жазолари белгиланган.

Хабарларга кўра, айбланувчилар асосан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-моддаси бўйича, "Диний, экстремистик, бўлгинчилик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган гуруҳларни ташкил этиш, уларга раҳбарлик қилиш ёки фаолиятида иштирок этиш"да айбланган бўлишлари мумкин.

Аммо судланувчилардан ҳеч бирининг ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлмаганликлари айтилади.

"Шоҳидийлар" диний гуруҳига оид маълумотлар ниҳоятда кам.

Айрим хабарларга кўра, фаолияти тақиқланган "Шохидийлар" диний гуруҳига ўтган асрнинг 50-йилларида асос солинган.

Диний гуруҳ аъзоларининг жаъми сони 100 тага етиб-етмаслиги ҳам айтилади.

Аён бўлишича, "Шоҳидийлар"нинг Андижондаги тармоғи имом Ҳабибулло Каримов томонидан ташкил этилган.

Унинг ўлими ортидан эса, гуруҳга унинг биродари Насибулло Каримов бошчилик қилган.

Сўнгги маҳкама жараёнида Насибулло Каримовнинг ҳам 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилгани айтилади.

Ўзбекистонда шу пайтгача кўплаб инсонларнинг "Ҳизбут-таҳрир", "Ваҳҳобийлик", "Акромия ёки "Нурчилар" деган диний оқимларига аъзоликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилганликлари хабар берилган.

Биз Андижондаги сўнгги маҳкама жараёни тафсилотларини билиш учун таниқли маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджаҳон Зайнобитдиновни суҳбатга тортдик.