Президент Каримов КХШТни ички низоларга аралашмасликка чақирди

Image caption Россиялик таҳлилчиларга кўра, Қирғизистондаги воқеалар Президент Каримовни Москвага боришга ундаган ягона сабаб эмас

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов МДҲнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотини аъзо давлатлар ҳудудидаги низоларга аралашмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Ташкилотнинг жума куни Москвада ўтган саммитида гапирган жаноб Каримов шу йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган воқеалар чоғида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини ёпиб қўйиш қарорини ҳимоя қилган.

Президент Каримовга кўра, чегаралар очиқ қолгани ёки бошқа бирон давлат Қирғизистондаги воқеаларга аралашгани тақдирда, можаронинг оқибатлари бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди.

Ўзбекистон раҳбари Коллектив Хавфсизлик Ташкилотининг биринчи навбатдаги вазифаси аъзо давлатларни ташқи тажовуздан химоя қилиш эканини хотирлатган.

Президент Каримов охирги бир йил мобайнида ташкилотнинг барча саммитларини эътибордан четда қолдириб келаётган эди.

Би-би-си Ўзбекистон раҳбарини охирги саммитда иштирок этишга ундаган омиллар ҳақида Москвадаги МДҲ Институтидан таҳлилчи Андрей Грозин билан суҳбатлашган.

Андрей Грозин: Ўзбекистоннинг ҳар доим ўз мавқейи бўлиб келган. Аммо Президент Ислом Каримовнинг оҳанги бу сафар менга анча босиқ туюлди. Масалан, июн ойида Қирғизистонда юз берган воқеалар чоғида у Коллектив Хавфсизлик Ташкилотининг муносабати борасида анча ҳиссиёт билан гапирган эди. Ўшанда бир томондан Тошкент, иккинчи томндан эса, Минскнинг муносабати Коллектив Хавфсизлик Ташкилотининг Қирғизистонда тартиб ўрнатиш борасидаги иштирокини энг кам даражага туширишда муҳим рол ўйнади. Яъни ташкилот фақат инсопарварлик ёрдами ва маслаҳатлар билан чекланди. Ўзбекистон ва Минскнинг қаршилиги шунга олиб келдики, охир-оқибат Москва Қирғизистондаги воқеаларга фаол аралашмади. Ваҳоланки, кўпчилик Россия томонидан анча жиддий муносабат, хатто тинчликпарвар кучлар киритилишини кутган эди.

Би-би-си: Москвадаги саммитда Коллектив Хавфсизлик Ташкилотининг инқирозларга муносабат билдириш тартиби борасида янги ҳужжат қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда бирон ўзгариш борми?

Андрей Грозин:Кечадан олдин қабул қилинган охирги ҳужжатларда Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти аввалгидек, якдиллик билан қарор қабул қилиши айтилган, аммо шу билан бирга, қатъий қаршилик билдирмаган, бетараф мавқеъни эгаллаган давлатлар ташкилотнинг инқирозларга аралашишини тўхтатиб қололмайди, дейилади. Гарчи улар ўз қўшинларини жўнатишдан бош тортсалар ҳам. Аслида саммит ҳам шундай ўзгариш киритиш учун чақирилган эди. Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти раҳбарларининг кузда ўтган, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирок этмаган аввалги саммитида ҳам, Авросиё Иқтисодий Ҳамжамияти Бош вазирларининг учрашуви ҳамда МДҲ ташқи ишлар вазирларининг охирги йиғинида ҳам худди шу масала муҳокама этилган.

Би-би-си: Сизнинг-ча, Қирғизистондаги воқеалар Президент Каримовни КХШТнинг бу сафарги саммитини эътибордан четда қолдирмасликка ундаган ягона сабабмиди? Ёки бу ерда айрим кузатувчилар тахмин этаётгани каби, Россия томонга яна бир марта оғиш кузатиладими?

Андрей Грозин:Менинг назаримда бу ерда бир неча сабаблар бор. Россия-Ўзбекистон муносабатларидаги илиқлашув ҳам, албатта, жаноб Каримовнинг Москвага сафарида маълум рол ўйнаган. Агар ортиқча дипломатияни бир четга қўйиб туриб гапирадиган бўлсак, охирги ойларда жаноб Каримовда бир қатор муаммолар пайдо бўлди. Жумладан, Ўзбекистоннинг сиёсий элита доираларида барқарорликни сақлаш билан боғлиқ муаммо ҳам. Назаримда мамлакатдаги айрим молия-саноат гуруҳларининг ҳокимият ўзгаришига тайёрланаётгани ёки унда иштирок этиш мақсадида фаоллашгани ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эмас. Шу йилнинг апрелида Қирғизистонда президент Бакиев ағдарилгунига қадар бўлган вақтга нисбатан Ўзбекистонда ҳокимиятнинг беқарорлиги сезиларли даражада кучайганига мен шубҳа қилмайман. Мен бу жараёнлар бир-бири билан бевосита боғлиқ, деб айтаётганим йўқ. Аммо шунга қарамай, Марказий Осиё бир бутун минтақа эканини назардан соқит қилмаслигимиз керак. Шубҳасиз, Ислом Абдуғаниевич атрофидаги мамлакатлар, хусусан, Қирғизистон ва Тожикистондаги жараёнларга қараб, Ўзбекистондаги барқарорлик борасида кўпроқ қайғуришига тўғри келади. Бундан ташқари, Америка Қўшма Штатлари Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам жаноб Каримов кутган натижани бермаган бўлиши мумкин. Яъни Ўзбекистон Президенти АҚШ билан муносбатлар барча муаммоларни ҳал этмаслигига амин бўлган бўлиши эҳтимоли ҳам катта. Мамлакатдаги иқтисодий аҳвол, сармоялар, озиқ-овқат заҳираси ва яқиндаги ёқилғи инқирози билан боғлиқ вазият, буларнинг ҳаммаси жаноб Каримовни Россиядан ҳам ёрдам излашга мажбур қилган бўлса, эҳтимол. Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё раҳбарлари учун хос катта давлатлар ўртасида ўйин қилиш сиёсати давом этмоқда.