Британия нега Ўзбекистон билан савдо алоқаларини кучайтирмоқчи?

Ўзбекистон билан ўзаро савдо алоқаларини кучайтириш учун британиялик йирик бизнес ҳайъати Тошкентда бўлиб қайтди.

Ҳайъатнинг сафари Британия ҳукумати ўз ташқи сиёсатида савдо соҳасидаги ҳамкорликка асосий эътибор қаратаётган бир паллада кузатилган.

Тошкентда "Британия ҳафталиги" деб номланган тадбирлар - Ўзбекистонга шу пайтгача ташриф буюрган йирик бизнес ҳайъати вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Британия Қироллиги оиласи вакили ўзбекистонлик ва британиялик бизнес вакилларига мурожаат қилиб, икки мамлакат ўртасидаги бизнес алоқаларини янги босқичга кўтаришга чақирди.

Британиянинг Кент улуси шаҳзодаси Майкл, савдо-сотиқ ҳажми ўсиб келаётганига қарамасдан, Ўзбекистоннинг ташқи савдосида Оврўпо Иттифоқининг улуши атиги 14, 1 фоизни ташкил этар экан, деб айтди.

Шаҳзода Майклнинг айтишича, бунинг сабаби - имкониятларни рад этишдир. Икки томондаги бизнеслар бир-бирини яхши таниб олиши керак, деди шаҳзода.

Сафарда қарийб 40 Британ ширкати вакиллари бор эди. Ҳайъат таркибида "Бритиш-Американ Тобакко", Оксус Майнинг" каби етакчи "ўйинчилар"ни, кончилик саноати гиганти Рио Тинто, фармацевтика ширкати - "ГлаксиСмит Клайн" ҳамда Тошкентда Хай-Тек паркини барпо этиш имкониятини ўрганаётган гуруҳ вакилларини кўриш мумкин эди.

Британиялик ширкатлар учун сармоя ётқизиш имкониятлари анча кўп, бу кончиликдан тортиб, энергетика соҳасигача, деҳқончиликдан тортиб, молия ва сайёҳликкача бўлган йўналишларни қамраб олади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг йирик бозори ҳисобланади, у ерда хорижликларни ўзига жалб этадиган асосий омиллардан бири маҳсулот таннархининг арзонга тушишидир.

Аммо чет элликни Ўзбекистонда ташвишлантирадиган сабаблар ҳам бор.

Мисол учун, яқинда Олмония мулозимларидан бири Ўзбекистондаги "Зеромакс" ширкати бошлаган қурилиш лойиҳасига маблағ ажратган Олмон ширкатларининг 100 миллион евродан зиёд пулларини қайтариб оломаётганларидан шикоят қилдилар.

Британия бизнес ҳайъати вакилларининг Ўзбекистондаги бизнес муҳити борасидаги саволларига Ташқи ишлар вазирлиги мулозими шундай жавоб қайтарди:

"Британия Президент Каримовнинг сармоядорлар учун зарур шароитларни яратишни устивор деб кўриш ёндашувига қўшилади".

Ўзбекистондаги хорижий сармоядорлар учун муҳит мавзусига тўхталаркан, Кент шаҳзодаси Майкл, агар инвесторлар Ўзбекистонни истиқболли деб кўрсалар ва уларнинг фаолияти учун адолатли шароит яратилса, бутун дунё бўйлаб бу мамлакат бизнес билан шуғулланишга яхши деган фикр тарқалади ва бошқалар британиялик бизнесменлардан ўрнак олади, деди.

Яқинда Британиянинг йирик ширкатлари - "Теско", "Маркс энд Спенсерс" ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларни тақиқлашга қарор қилдилар. Бунга пахта ҳосили болалар меҳнати эвазига йиғиб-териб олинаётгани айбловлари сабаб бўлди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги воизи айтишича, Тошкентдаги учрашувларда пахта савдоси ҳақида сўз бормаган.

Ушбу ташриф Британия ташқи сиёсатидаги бурилиш пайтига тўғри келди.

Шу йил бошида Ташқи Ишлар вазири Уильям Ҳейг Британия Ўзбекистон билан алоқаларга янги тужжорий эътиборни йўналтириш истагида, деб айтган эди.