Крейг Маррей: 'Wikileaksдаги ҳужжатлардан Каримов шубҳасиз дарғазаб бўлади'

Image caption Крейг Маррей ўз вақтида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган

Wikileaks веб cаҳифаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг оиласи ҳақидаги махфий дипломатик ёзишмаларни АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга сафаридан икки ҳафта ўтиб чоп этмоқда. Клинтон хоним ўз сафарини хавфсизлик соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш баробарида у ердаги инсон ҳуқуқларига яна бир бор эътибор қаратиш зарурати билан изоҳлаган эди. Хўш, нима учун Wikileaksда нашр этилган америкалик дипломатларнинг махфий ёзишмаларида гап мавзуси асосан Ислом Каримов ва унинг оиласи атрофида боради? Ҳар доим ҳам шундай бўлганми? Суҳбатдошимиз Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ эличиси Крейг Маррей:

Жавоб: Бу фактларни, яъни Ислом Каримов оиласининг Ўзбекистон ҳаётидаги барча жабҳаларни назорат этишини дипломатлар Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён кузатиб келишади. Ўзбекистондаги дипломатлар Каримов оиласи назорат тизгинини маҳкам тутиш баробарида мамлакат бойликларини четга ўғирлаб чиқаётганини яхши билишади. Улар бу ҳолатни хуфия ёзишмаларида муфассал ёритиб келишади. Элчи бўлган йилларимда Ўзбекистондаги режимни мен "клептократия", яъни "ўғрилар идора этган мамлакат" деб таърифлаган эдим. Ҳозир ҳам вазият ўшандайлигича қолмоқда.

Савол: Бир тарафдан АҚШ дипломатлари Гулнора Каримовани Ўзбекистонда "ҳамма энг кўп нафратланадиган инсон", "жиноятчи малика" деб аташса, бошқа томондан Каримов оиласи, режими билан ҳамкорлик қилишда давом этишмоқда. Бу ҳолатни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Жавоб: Мен бу аслида шармандалик ва жуда хунук ҳолат ҳамда калтафаҳмликка яққол бир мисол деб ўйлайман. Ғарб Афғонистон уруши ҳақида гап борганда Ўзбекистонни АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги кучларининг таъминоти учун транзит йўли сифатида тилга олади. Уларни фақат шу қизиқтиради. Ғарб Ўзбекистонда демократиянинг йўқлиги, аҳоли қашшоқлиги Каримов оиласининг очкўзлиги туфайли эканлигини яхши билса ҳамки, умуман парво қилмайди.

Савол: Каримов ва унинг оиласи Wikileaksда нашр этилган ҳужжатларга қандай муносабат билдириши мумкин сизнингча?

Жавоб: Мен Ислом Каримов шубҳасиз дарғазаб бўлади, деб ўйлайман. Бу нарсалардан Ғарб хабардор эканини Каримов албаттаки жуда яхши билади. Мен Ўзбекистондаги бу ҳолатларни очиқ гапиришим ортидан танилдим. Менинг чиқишларим дипломатларнинг амалда кўп нарсаларни билиши, аммо гапирмаслигини кўрсатди. Америкаликларнинг мамлакати ҳақида бундай маълумотларга эга бўлгани Каримовни аслида таажжубга солмайди. Уни ғазаблантирган нарса - бу маълумотларнинг ошкор этилиши. Чунки Каримов ҳаётида энг кўп қўрққан нарса ўзбек халқининг уни қашшоқ қилган, уни яланғоч қолдирган кимса Каримов эканини билиб қолишидир. Каримовни аслида энг кўп хавотирга соладиган нарса - интернет орқали халқнинг бу маълумотлардан хабардор бўлиб қолишидир. Америкалик дипломатларнинг нима деб ўйлаши уни умуман қизиқтирмайди. Зеро Каримов АҚШни Афғонистон масаласида қўллаб-қувватлар экан, Америка ҳам Каримовни қўллаб-қувватлашини яхши билади. Савол: Wikileaksда чоп этилган ҳужжатлар Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларига қанчалар зиён етказиши мумкин деб ўйлайсиз?

Жавоб: Бу ҳужжатлар алоқаларга катта таъсир кўрсатади деб ўйламайман. Боя айтганимдай, Каримов америкаликлар у ҳақида зимдан нима деб ўйлашларини билади. Уларнинг фикрлари жамоатчиликка ошкор этилмас экан, Каримовга фарқи йўқ. Каримовни ғазаблантирадиган нарса бу гал АҚШнинг эътиборсизлиги ва бу ҳужжатларнинг чиқиб кетишига йўл қўйгани бўлади. Аммо бу тарафларнинг узоқ муддатли манфаатларига таъсир кўрсатади деб ўйламайман.