Халқаро ҳамжамият Қирғизистондаги сўнгги ўзгаришлардан мамнун

БМТ, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда Оврўпо Иттифоқи Қирғизистонда мамлакат конституциясига мувофиқ равишда янги парламент ва янги ҳукумат қарор топганини хуш қаршилашларини билдиришган.

Халқаро ташкилотларга кўра, бу Қирғизистонда қонун доирасида фаолият юритувчи демократик ташкилотларни яратиш йўлида қўйилган йирик қадамдир.

Бу хусусда эълон қилинган расмий қўшма баёнотда айтилишича, янги қирғиз ҳукумати энди мамлакатни бирлаштириб, барқарорликни қарор топтириб, яхши бошқарув ва қонун устиворлигини таъминлаб, жамоалар орасида сулҳу мадорани ўрнатиб, иқтисодиётни тиклаб ва фуқароларнинг аҳволларини яхшилаб ўз халқининг умидларини оқлаши лозим бўлади.

Баёнотга кўра, бунинг учун бутун Қирғизистонда миллий бирдамликни қарор топтириш тақазо этилади.

Ҳар уччала халқаро ташкилот ҳам энг сўнггида Қирғизистон халқини дастаклашда давом этишларини ҳам баён қилишган.

Қирғизистон парламенти ўтган жума куни спикер, Бош вазир ва янги ҳукумат таркибини маъқуллаб, овоз берганди.

Бунинг ортидан Қирғизистонда Марказий Осиёдаги илк парламент бошқарувига асос солинганди.

Қирғизистонда катта таъсирга эга бўлишга уринаётган Россия томонидан қораланган, аммо Бирлашган Миллатлар томонидан дастакланган янги бошқарув моделига мувофиқ, энди Бош вазир президентдан кўра кўпроқ ваколатга эга бўлади.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева эса, 2011 йилнинг 31 декабрида расман ўз вазифасини топширади.

Айтилишича, бундан кейинги президентлар бир маротаба олти йилга сайланишади, шунингдек, мудофаа вазири ҳамда миллий хавфсизлик хизмати раҳбарини тайин этиш ҳуқуқига эга бўлишади.

Спикер, Бош вазир ва янги ҳукумат таркибига номзодлар эса, ўтган ҳафта коалицияга киришган Социал-демократлар, "Ата-Журт" ва "Республика" партиялари томонидан тақдим этилганди.

Қирғизистон парламентида ўтган жума куни бўлиб ўтган овоз беришлар ортидан спикерликка "Ата-Журт" партияси аъзоси Ақматбек Келдибеков, Социал-демократлар партияси раҳбари Алмазбек Атамбаев Бош вазир ва "Республика" партияси лидери Омурбек Бабанов эса, унинг муовини этиб сайланишганди.

Бундан аввал Қирғизистон раҳбари Роза Ўтинбоеванинг парламент спикери ва Бош вазирни тайин этишга қаратилган бир қатор уринишлари бесамар якунланганди.

Қирғизистондаги янги парламент сайловлари октябр ойида, мамлакат жанубида юз берган қонли этник низолардан қарийб ярим йил ўтиб бўлиб ўтганди.

Янги қирғиз ҳукуматига кузатувчилар қандай баҳо беришмоқда ва ундан кутилаётган умидлар қандай? Суҳбатдошимиз Қирғизистон масалалари бўйича АҚШдаги Жон Ҳопкинс университетида таҳлилчи Алишер Ҳамидов:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди