'Ўзбекистонда ҳатто нафақахўрлар ҳам пора беришга мажбур'

Image caption Ўзбекистон дунёдаги порахўрлик ва коррупция энг кўп тарқаган давлатлардан бири сифатида қолмоқда

BBCUzbek.comга мактуб йўллаган ўзбекистонлик ўқувчиларимиздан бири мамлакатдаги порахўрлик ва коррупциянинг илдизларига назар ташлайди. Мактубни таҳрирсиз эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

Салом Би Би Си таҳририяти!

Ўтган ҳафта давомида дунё бўйича коррупция ва порахўрлик муаммолари БМТ томонидан кўтарилгач, кўплаб хорижий матбуот нашрлари учун кенг қамровли мавзуга айланди. Пайтдан фойдаланиб мен ҳам Ўзбекистонда кенг томир отган коррупция ва кўзимизга энг майда бўлиб кўринган, лекин улкан муаммолар сабабчиси бўлган арзимас порахўрликлар ҳақидаги фикримни сизлар билан баҳам кўрмоқчи эдим.

Мамлакатимизда ҳукумат даражасидаги коррупция қанчалик кенг тарқалгани ҳеч кимга сир эмас. Буни ҳамма билади, лекин ҳеч ким расмий равишда ёки матбуотда буни тан олмайди. Албатта, президент Ислом Каримовдан ташқари. Президентнинг Конституция куни муносабати билан қилган нутқида айтилган порахўрлик ҳақидаги муаммолар аслида янги эмас. Бу гапларни президент авваллари ҳам, вилоят ҳокимларини алмаштиришда, бошқа турли нутқларида ҳамиша қайтариб келган.

Лекин бу гал президентнинг порахўрлик ва товламачилик ҳақидаги гаплари бироз кескинроқ янгради ва огоҳлантиришга бой бўлди. Демак, келаётган янги йил давомида коррупцияга қарши кураш қай даражага кўтарилишини вақт кўрсатади.

Лекин мен демоқчи бўлганим, аслида Ўзбекистонни дунё мамлакатлари орасида коррупция авж олган энг олди мамлакатга айланиши учун ким кўпроқ айбдор? Одамларни оғзини очиртирмай қўйган давлат сиёсатими ёки порахўрлик қон-қонига сингиб кетган ва бундан қайсидир даражада ишини енгиллатаётган оддий одамларми?

Мен ҳукумат миқёсидаги коррупция, ҳоким, ҳакам ва прокурорлик лавозимларини, тендерларни, хусусийлаштириш баҳона миллионларни ўмариш ҳолларига тўхталмоқчи эмасман. Зеро бу каби ишларга яна ўша давлат одамларининг тиши ўтади, холос. Улар эса керак пайти кимнидир тутса, бошқа пайт ўша ишга ўзлари шерик бўлиши табиий.

Масалан, ўртача туман ҳокими лавозими 70 минг доллардан, шифохона директори лавозими 50 мингдан бошланиши, прокуратура терговчиси бўлиш учун эса 200 минг доллар тўлаш кераклиги халқ оғзида достон бўлиб юрибди.

Одиллик учун айтиш керакки, бу йил тест имтиҳонлари пайти бўладиган коррупцияга қарши қаттиқ курашилди. Баъзи олий ўқув юртларида ўқитувчиларни автобус-автобус қилиб сўроққа ташишди, баъзиларини ҳибсга олишди. Тестнинг "Х вариант" деб аталмиш жавобларини сотишга қаттиқ тўсиқ қўйилди. Ҳамма томонни хавфсизлик кучлари ходимлари текшириб турди. Бироқ шуни орасида ҳам кўплар "ўз ишини уддалади". Булар ҳукуматда ва керакли жойларда кучли таниш ёки қариндошга эга кишилар эди. Яъни, порахўрларни ушлашда ҳам танлов бўлиши маълум бўлди.

Тошкентлик зиёли бир танишимнинг айтишича коррупция билан боғлиқ Ўзбекистондаги вазият бу коррупция эмас, "бу яшаш тарзидир."

"Одамлар йўлдаги милиция ходимлари порахўрлигидан нолийди. Лекин ўзлари йўл қоидасини бузиб, пора таклиф этади. Агар милиционер 3 минг сўмга кўнса, индамай пуулни бериб кетади. Бироқ милиционер 10 минг сўм талаб қилиб туриб олса, пора таклиф қилган одам кейин ҳамиша милиционерларнинг порахўрлигидан нолиб юради," дейди бу танишим.

Унга кўра, ҳамма соҳада ҳам шу. "Биз ҳамиша пора беришга тайёрмиз, лекин оз миқдорда. Қачондир биздан кўп пул сўраб қолишса, кейин коррупция ҳақида бонг урамиз. Ҳеч кимнинг узоқ ва машаққатли йўлдан бориб порасиз иш битиришга юраги бетламайди. Одамлар ўрнак оладиган бундай мисолларнинг ўзи кам. Принцип учун курашган одамлар йўқ жамиятда. Бор бўлса ҳам давлат назоратидаги матбуот уларни қаҳрамон қилиб элга танита олмайди," дейди у.

Бу танишимнинг гапларида жон борга ўхшайди. Назаримда, коррупция ва порахўрликни тугатиш ҳақида баланд минбардан туриб фақат бир киши эмас, пастдан туриб ҳамма баралла бонг урса, бунга ҳамманинг ҳадди сиға олган тақдирдагина бизда қандайдир ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Пулга пул сотиб олиш йўллари

Ўзбекистонда вазият шу даражага етганки, аксар ҳолларда пора бериб иш битириб кетиш одатий ҳолга айланган ва бунга ҳамма кўникиб қолган. Бир танишим уйига газ ҳисоблагич қўймоқчи бўлди. Уни давлат стандартидан порасиз ўтказиш учун бир ой чопиб, яқин 30 минг сўм пули ва қанча вақти куйди. Охири бўлмагач, 15 минг сўм пора билан иши битди. "Аҳмоқ эканман, бошидаёқ шу пулни берганимда газ ҳисоблагични икки марта дўкондан сотиб олиб, икки марта қайта топширмаган бўлардим," дейди у.

Пора ҳатто янги туғилган чақалоқдан тортиб кеса ёшдаги нафақахўргача бориб тақалади. Қўшним яқинда неварали бўлди ва чақалоқ учун давлат томонидан белгиланган ёрдам пули олишни бошлади.

"Болалар учун тўланадиган ёрдам пули ойига 90 минг сўм атрофида экан. Маҳалла қўмитасидаги тегишли одамга шу ёрдам пулининг бир ойлиги пора сифатида қолдирилса, пулни олиш мумкин экан. Биз шундай қилдик. Лекин орадан тўрт ой ўтиб, пул келмай қолди. Маҳалла қўмитасидаги одам биздан яна бир ойлик эвазига тегишли ҳужжатлар билан пул келишини юргизиб юборишини айтди. Биз рози бўлдик. Чунки, акс ҳолда умуман пул олмаслигимиз мумкин эди," дейди у.

Кўчамиздаги кекса опанинг айтишича, улар нафақа пулидан ҳам пора беради.

"Ҳа тўғри, ҳатто нафақахўрлар ҳам пора беради. Авваллари нафақа пулини ўз вақтида етказиб келгани учун кассир болага ҳар ким дилидан чиқариб берарди, 2 мингдан 10 минг сўмгача. Энди нафақалар пластик карточкага ўтказила бошландику, шунинг учун нақд пул олиш мақсадида кассир болага ҳар ким 10 мингдан 15 минг сўмгача беради," дейди опахон.

Маошлар ва нафақаларнинг пластик карточкларга ўтказилиши Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги ва порахўрликнинг янги усулларини яратди, яъни банкирлар порахўрлигини яратди, дейиш мумкин.

"Ўтган йили 20 миллион кредит олиш учун ўғлим банкка борганида 4 миллион пора сўрабди. Биз кредит олиш ниятидан воз кечдик дейди опахон.

Бироқ нафақа тарқатувчи кассирлардан бирининг айтишича, буни ҳеч ким порахўрлик ёки товламачилик демайди, ҳаммаси кўнгиллилик асосида бўлади.

"Чунки мен ҳам нафақахўрларга бериладиган нақд пулни сотиб оламан. Банкда пул йўқ, мен Пэйнет тизимида ўтирган одамлар ёки дўкончилар ёнига бориб, уларга тушган нақд пулни фоиз бериб сотиб оламан. Улар менга нақд пул беради, мен эса нафақахўрларга. Дўкончилар ҳам нақд пулни бизнинг банкка олиб бориб топшириш ташвишидан қутулади. Бу порахўрлик эмас, керак бўлса тадбиркорлик, пулга пул сотиб олиш," дейди нафақа тарқатувчи банк ходими.

Демоқчи бўлганим, ҳукумат сиёсатининг шаффоф эмаслиги, давлат идораларига мурожаат қилишдаги, турли расмиятчиликларни битириш йўлида яратилган тўсиқлар одамларни пора бериш ва олишга мажбур этади. Бу эса кўпчилик эътироф этганидек, бизнинг ҳаёт тарзимизга айланиб бўлган.

Яна баъзилар порахўрлик ва пул билан иш битиришга мойиллик аслида бизда чуқур тарихий илдизларга эга ва буни йўқ қилиб бўлмайди, деган фикрдаки, мен бу ҳақда гапирмоқчи эмасман.

Мактубим мухлисларингизни ранжитиши мумкин бўлган тушкун руҳда бўлса, узр сўрайман, чунки вазият ўзи шунақа, дея,

Ўзбекистонлик мухлисингиз.