Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоғистон маҳкамаси ўзбекистонлик яна тўрт бошпана изловчининг даъвосини қондирмади

Қозоғистон маҳкамаси ўзбекистонлик яна тўрт бошпана изловчининг даъвосини қондирмади.

Жавобгар томон бошпана сўровчиларни турли экстремистик гуруҳларга аъзо эканлигини ва Оврўподан бошпана топган ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровнинг издошлари эканлигини айтган.

Бошпана изловчиларнинг яқинлари эса, Ўзбекистонда таъқибларга учраганликлари ва жавобгар томон қўяётган айбларда асос йўқлигини таъкидлашган.

Ҳакам Шўлпанай Умбеталиева даъвгорларнинг аризасини асоссиз, деб топган ва тўрт бошпана изловчига рад жавобини берган.

Адвокат Анжелика Раҳимбердина ҳимоясида бўлган ушбу ўзбекистонликлар Миллий Хавфсизлик қўмитасининг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Даъвогарларнинг ўзлари маҳкама жараёнида иштирок этишмади. Аммо уларнинг яқинлари жараёнда учинчи шахс сифатида қатнашишди.

Биринчи бўлиб даъвоси кўрилган Тойиржон Абдусаматовга тошкентлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровнинг дарсларида қатнашгани учун қидирувда эканлиги айтилди.

Миграция полициясидан жавобгар сифатида қатнашган Исхакова Кулсун Обидхон қори Назаров маърузалари давомида тоқатсизликка чақирган деди.

Маҳкама жараёнида Обид қори Назаровнинг айбловда кўрсатилганидек руҳду қилган чиқишлари ёда бошқа тасдиқловчи далиллар келтирилмади.

Тойиржон Абдусаматовнинг даъвоси қондирилмагандан сўнг 20 ёшли Файзулла Акбаровнинг иши кўриб чиқилди.

Миграция полицияси ходими Файзулла Акбаровнинг 2009 йил 25 майда Андижоннинг Хонобод шаҳрида бўлиб ўтган портлашларда иштирок этганлиги тўғрисида Ўзбекистон томони берган ҳужжатлар борлигини айтган. Аммо уларни маҳкамага тақдим қилишдан бош тортган.

Файзулланинг онаси Раҳима Акбарова ўғли ёш экани ва мактабни битиргандан буён савдо-сотиқ қилишда унга ёрдам бериб келаётганини билдирди.

Портлашлар бўлган маҳалда Хонободга савдо ишлари билан аммасиникига борганини айтди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Файзулла Акбаровни сўроққа чақириб, 4 кун тергов қилган.

Кейин уни онасига топширар экан, “жуда одобли фарзанд тарбиялабсиз”, деб раҳмат айтишган.

Аммо ушбу тўрт кунлик сўроқдан сўнг ўғлининг ҳаётидан хавотирланган она унинг бир ўзини Қозоғистонга БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигидан бошпана сўраш учун юборади.

Раҳима Акбарова ўғли номига янграган айбловларда асос йўқлигини айтади.

Ҳакам Шолпанай Ембеталиева даъвогарнинг аризасига рад жавобини берди ва 15 кун давомида ҳукмдан арз қилиши мумкинлигини билдирди.

Шундан сўнг Аброр Қосимовнинг иши кўриб чиқилди. Миграция полициясидан вакил қочқинлик мақоми бериш жараёнида Аброр Қосимовнинг ишини чуқур ўрганганлигини ва унинг ёнидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига оид ва яна бир ўзбекистонлик таниқли имом Абдували Мирзаевнинг маърузалари туширилган дисклар топилганини ҳамда Аброр Қосимов бошқа бошпана изловчиларга "Қуръон"дан дарс берганини айтди.

Унинг турмуш ўртоғи Марғуба Худойберди Охунова ушбу айбловларнинг барчасини рад этди. Аброр Қосимов олийжаноб инсон эканлигини ва қийин аҳволда бир боласи билан бева қолганида ўзига уйланганини айтди.

- Менинг биринчи никоҳимдан болам бор, ёзда беш ёшга тўлди. Агар у ёмон одам бўлганида менга уйланмас эди. Мана ҳозир қаршингизда ёзги кийимда турибман, менга турмуш ўртоғим керак. Аёл бўлганим учун ишлаб пул тополмайман. У бизни боқиб кийинтирарди. Мен томда ижарада тураман. Болам икки марта иккинчи қаватдан тушиб кетди. Ейишга қуруқ нон ва сувдан бошқа нарсамиз йўқ. Жуда қийин аҳволдамиз, муҳтарам ҳакам, эрим ҳеч қанақанги террорист эмас. Икки йилдан бери яшаётган бўлсак, у мени бирор марта ҳам хафа қилмаган. Агар ёмон одам бўлса уйда дарҳол билинарди," деди унинг рафиқаси.

Ҳакам адвокат Анжелика Раҳимбердина ва учинчи шахс сифатида қатнашган Марғуба Худойберди Охунованинг келтирган далил ва асосларига эътибор қаратмади ва жавобгар шахс Олма ота Миграция полицияси фойдасига ҳукм чиқарди.

Энг сўнгида қаршилик Шуҳрат Ботировнинг иши кўриб чиқилди. Миграция полициясидан Кулсун Исхакова АҚШ давлат департаментининг 2008 йилда чиққан ҳисоботларида Ўзбекистонда диндорларга нисбатан аҳвол юмшагани, кўчаларда ҳижобли аёллар ва намозхонлар кўпайган, деган ёзувларни келтирди.

Турмуш ўртоғининг орқасидан келган Ҳавас Номозова Қашқадарёда бундай эмаслигини, диндорларга нисбатан таъқиблар ҳали ҳам мавжудлигини айтди.

Ҳакам Шолпан Умбеталиева Шуҳрат Қосимовга ҳам рад жавобини берди ва 15 кун ичида маҳкама қароридан норозилик билдириши мумкинлигини билдирди.

Шу кунгача даъвоси қондирилмаган бошпана изловчилар сони 22 тага етди. Қолган 7 кишининг иши ҳам шу кунларда кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон расмийлари таниқли имом Обидхон қори Назаровни мамлакатдаги "Ваҳҳобийлик" оқимининг руҳоний раҳбарларидан бири сифатида айблаб келадилар.

Аммо ўзбек имомига қарши куч билан халифалик ўрнатишга чақирганлик айби Қозоғистон маҳкамасида биринчи бор янграмоқда.

Биз ҳозирда Швецияда муҳожиратда яшаётган имом Обидхон қори Назаров билан боғланиб, ундан аввалига бугун маҳкамада ҳозир бўлган Тойиржон Абдусамотовни танийсизми, деб сўрадик.