'Сайт Интеллиженс груп': 2010 йил ЎИҲнинг 52 аъзоси ўлдирилган

Усмон Одил
Image caption Усмон Одилнинг ЎИҲ янги амири экани эълон қилинганди

Америка Қўшма Штатларида жойлашган "Сайт Интэллиженс Груп" гуруҳи хабар қилишича, охирги бир йил мобайнида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 52 аъзоси ҳалок бўлган.

"Ўзбекистон Исломий ҳаракати исломий жангари гуруҳлардан бири бўлиб, у Покистоннинг қавмлар истиқомат қиладиган ҳудудларида фаолдир. Гуруҳ АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоқларининг охирги пайтда кўпайган ракеталари нишонига айланган", деб ёзади "Сайт Интэллиженс Груп".

"Жангари гуруҳ 1991 йилда Ўзбекистонда ҳукуматни ағдариш ва исломий давлат барпо этиш мақсадида ташкил этилган", деб ёзади "Сайт".

"Баёнот "Шумух Ал-Ислом" форумида эълон қилинган", деб хабар қилади асосий мақсади жиҳодий оммавий ахборот воситаларини кузатиб бориш ва таржима қилиш эканини айтадиган "Сайт Интэллиженс Груп".

Баёнотда Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларидан 52 нафари охирги бир йилда ҳалок бўлгани, уларнинг аксари ҳаво ҳужумларида ўлдирилгани хабар қилинган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати Интернетдаги Furqon.com веб-сайтини ҳаракатнинг интернет-саҳифаси эканини айтади ва Furqon.com да "Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 1431 ҳижрий йил (мелодий 2010)даги шаҳидлари" деб номланган хабар эълон қилинган. "Жиҳодимиз бугунги кунда асосан уч жабҳа (фронт) - Покистон, Афғонистон ва Тожикистон диёрларида давом этмоқда", деб ёзади Furqon.com.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати "жиҳодий ҳаракати кенгайганини", "мужоҳидлар сони қарийб икки икки баробар кўпайгани"ни хабар қилади.

"Шаҳидлар сони ҳам салмоқли" экани айтиладиган веб-сайтда ҳалок бўлган 52 кишининг 9 мамлакатдан экани маълум этилади.

Furqon.com га кўра, шу йил давомида ҳалок бўлган жангарилар Афғонистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россиянинг Татаристони, Туркия, Покистон, Тунис ва Марокаш фуқаролари бўлганлар.

"Сайт Интэллиженс Груп" гуруҳи ҳалок бўлганларнинг аксари ёш йигитлар эканини ва уларнинг фотоаппаратга қараб туширилиган суратлари жойлаштирилганини қайд этади.

Суратларда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аъзолари турли қуроллар билан акс эттирилганига эътибор қаратади "Сайт Интэллиженс Груп".

Жиҳодий сайтларни кузатиб борадиган "Сайт Интэллиженс Груп" ҳалок бўлган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аксар аъзолари қаерда ва қандай шароитда ҳаётдан кўз юмганлари тафсилоти берилмаганини билдиради.

Furqon.com охирги бир йил мобайнида ҳалок бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари орасида шу йил октябридаги қамоқхонадан Наманган вилоятидаги яқинларига жасади қайтарилган Зайниддин Асқаров ўлимини таъкидлаган, уни "Шаҳид Зайниддин ака" деб атаган.

"1999 йилдан бери золим Каримов зиндонида 11 йил асир бўлиб турган биродаримизнинг қиличдек кескир тилидан кофирлар қаттиқ қўрқишган бўлса керак, у кишини қамоқхонадан тирик чиқаришга қўрқишди", деб ёзади Furqon нуқта com саҳифаси.