Муҳаммадқодир Қорабоев: "Қирғизистонда яшаётган ўзбеклар муаммоси бугун келиб чиқмаган"

Муҳаммадқодир Қорабоев
Image caption Муҳаммадқодир Қорабоев Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамоалари раҳбарларидан биридир

Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамоаси раҳбарларидан бири Муҳаммадқодир Қорабоев bbcuzbek.comўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Муҳаммадқодир Қорабоев ўтган июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган ҳодисалар ортидан қўшни давлатлардан бирида паноҳ топган.

51 ёшли Муҳаммадқодир Қорабоев 1992 йилдан 2007 йилга қадар Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозор-Қўрғон тумани ўзбек миллий-маданий марказига раҳбарлик қилган.

Бозор-Қўрғон туманида ётган йили июнида юз берган миллий низолар ортида Муҳаммадқодир Қорабоев Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтади.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уни Бозор-Қўрғон туманидаги "оммавий тартибсизликларга етакчилик қилиш"да айблаган.

Муҳаммадқодир Қорабоевнинг ўзи эса "ўзбек маҳаллаларини босқинчилардан ҳимоя қилганлардан бири," бўлганини айтади.

Шарафиддин, Қувасой:Муҳаммадқодир ака, сиз ўзбек маҳалаларини босқинчилардан ҳимоя қилганлардан экансиз, ушбу вазиятда ўқ отар қуролдан фойдаланганмисизлар? Фойдаланган бўлсангиз, қуролни қаердан олгансизлар?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Ҳақиқатда, биз ўз маҳаллаларимизга, ўз хонадонларимизга, асосан ўзбеклар яшайдиган қишлоқларимизга, шаҳарларга автоматлар билан қуролланган, снайперлари билан, оғир ҳарбий техникалари билан бостириб келган қирғиз босқинчиларига уйларимиздаги эски ўқотар милтиқлар билан, ов милтиқлари билан қарши турганмиз. Уям бўлса, 100 кишига 5-6 тадан тўғри келган. Бизда ҳеч қандай автомат ёки снайпер ёки катта бир ҳарбий қурол бўлмаган.

Шараффидин, Қувасой: Кейинги саволим: нима учун ҳозирги заиф қирғиз ҳукумати сизни айбдор, деб ҳисоблаяпти?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Энг биринчиси, мен ўзбекман. Демак, Қирғизистон мамлакати мениям мамлакатим, мениям она ватаним. Мен ҳам шу мамлакатда тенг ҳуқуқли инсонман. Аммо, бугун ўзбекларга бўлаётган ҳукумат томонидан нотўғри ишларни бутун дунё билиб турибди. Қирғизистон мамлакатида қирғизлар бошқараётгани учун... Демак мени, албатта, она юртимни, ўз маҳалламни, ўз хонадонимни, ўз аёлларимизни, опа-сингилларимизни ҳимоя қилганим учун мени айбдор деб ҳисоблашаяпти.

Красноярсклик Бозор-қўрғонликлар номидан: Салом Муҳаммадқодир ака! Сизлар нимага ишониб, қишлоқ халқини кўтардинглар ёки ишонган одаминглар панд бердими? Айбини бўйнига олишам мардниинг иши! Ўзингизни оқламасдан рўйрост жавоб берсангиз!

Муҳаммадқодир Қорабоев: Бозор-қўрғонлик менинг миллатдошларим, менинг ҳамқишлоқларим! Мен ва мени атрофимдаги инсонлар халқни кўтарганимиз йўқ. Халқ ўзи кўтарилди. 2010 йил 10-июнда бошланган Ўшдаги фожеани телефонларда, телевизорларда кўриб туриб, халқ ўзи кўтарилди. Лекин биз уни бошқара олдик. Биз, энг биринчиси, бозор-қўрғонлик аёл қизларни, опа-сингилларимизни, ана шу менга савол берган бозор-қўрғонликларнинг аёлларини, қизларини, опаларини, оналарини сақлаб қола олдик. Ўзбекистондан ёрдам сўраб, коридор очиб, биз келинларимизни, аёлларимизни, оналаримизни сақлаб қолдик. Халқ шунча нарсани кўриб туриб, ўзи кўтарилди.

Темур, Туркия: Муҳаммадқодир ака, қирғиз расмийлари Ўш хунрезлиги борасида ўзбекларни автономия талабида бўлганлигини, ажралиш ҳаракатида бўлганлигини тобора ишонч билан, баланд овозда айтишмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, ўзбекларда автономия истаги бормиди ёки энди бундан буёнга борми? Агар бўлса, қанчалик амалга ошиш эҳтимоли бор?

Муҳаммадқодир Қорабоев: 2010 йилда 10-июндан 14-июнгача бўлган воқеа 1990-йил июн ойида ҳам бўлган. Шундан буён мен ўзбек миллий-маданий марказини, шу ўзбекларнинг вакиллари билан ишлаб келаётган бўлсам, шу ўзбекларнинг ҳамма оғир-енгилида бирга бўлган бўлсам, 20 йил давомида ҳеч қачон автономия сўралганини ёки автономия талаб қилинганини мен эшитмаганман, кўрмаганман. Ва автономия талаб қилмаганмизам, сўрамаганмизам. Лекин бундан буёғи, Темурга айтмоқчи бўлган гапим, автономия қилмасак, Қирғизистонда, ўз она ватанимизда яшашнинг иложи йўқ. Биз, сўзсиз, автономия қилишга ҳаракат қиламиз.

Эркин, Москва: Қирғизистонда июн ойида юз берган воқеаларни яна бир сабаби у ерда Ислом ривожланиб, очиқчасига даъват кетгани учун буни учинчи куч уюштирган деб хулоса чиқарса бўладими?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Бу Ислом ривожланиб кетгани сабабли деб ўйламайман. Бунинг учинчи кучга ёки Исломга мен қандайдир бир таалуқли ери йўқ деб ҳисоблайман.

Сузоқ, Камолиддин: Жаноб Қорабоев, сизнинг фикрингизча, жаноб Қодиржон Ботиров муваққат ҳукумат эндигина ҳокимиятга келиб турган бир пайтда, ҳамда қирғиз жамияти бир қисми собиқ Президент Бакиев, иккинчи бир қисми муваққатт ҳукумат томонида турган пайтда, ўзбекларни тўплаб, ўзбек тилига мақом, ҳукуматда ўзбекларга квота, конституцияни ўзбек тилига таржима қилиш каби талабларни кўтариб чиқиши, халқни сиёсий ўйинларга аралаштириши керакмиди? Шу талабларни алғов-далғов вақтда қўйилиши тўғримиди?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Қирғизистонда яшаётган ўзбекларнинг муаммоси бугун келиб чиқмаган. Бу йиллар давомида тўпланиб келди. Лекин, бугунги кунгача ўзбек тилига давлат мақоми сўралган эмас. Ўзбекларга квота масаласи йиллар давомида сўралиб келаяпти. Лекин, ҳали ҳеч қайси ҳукумат бошлиғи - Акаев бўладими, Бакиев бўладими, бугунги кундаги Роза Ўтунбаева бўладими - ўзбекларнинг талабини, конституцион талабини бажаргани йўқ. Конституцияни ўзбек тилига таржимаси... Сўзсиз бу нарса бўлган. Бу Қодиржон Ботировнинг талаби эмас. Бишкекда конституцион мажлис бўлган. Конституцион мажлисда бизнинг 5-6 та вакилимиз ўтирган. Шуларга Текебаев рухсат берган. "Ўзбекча конституция ёзинглар, ўзбеклар ҳам ҳақ-ҳуқуқини билсин. Конституцияни ўзбекча таржима қилишларингга рухсат," деб туриб, Қодиржон Ботиров эмас, Текебаев рухсат берган.

Ҳақон, Британия: 1. Муҳаммадқодир ака, бу Ўш воқеаларини ҳақиқатдан ҳам ўзбек-қирғиз урушини чиқариб, Фарғона водийсида ўз ҳарбий базасини киритиб олиш учун четдан бирор бир мамлакат ташкиллаштирганми ёки бу фақат қирғиз элитасининг кучайиб бораётган ўзбек факторини заифлаштириш учун қилинган ҳаракатми?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Бу менинг кўз қарашим. Ҳақиқатда, тўғри, биринчи кунларда Америка ўз базасини Қирғизистон жанубига қўймоқчи бўлди. Россия ўз базасини Қирғизистон жанубига қўймоқчи бўлди. Бу саволам ўринли. Бу нимаям бор. Аммо, асосийси, шу қирғиз элитаси кучайиб, ўзбекларни заифлаштириш, ўзбекларни ҳақиқий хизмат қилдириб, ҳеч қандай бир катта лавозимларга интилмасдан, кучайиб боришига қаршилик қилди.

Ҳақон, Британия: 2. Ўзбекистон Ўш масаласини тубдан ҳал этиши учун яна қилишини кутгансизлар?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Ўш масаласини ҳал қилиш учун юртимиз, ватанимиз Қирғизистон бўлгани учун биз бутун дунё ҳамжамияти олдига, Қирғизистоннинг "Жоқорғу Кенгаши"га, ҳукуматига, президентига қўйиб туриб, бу масалани ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

Эшмат, Тошкент: Қирғизистондаги ўзбеклар келажаги қандай деб ўйлайсиз?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Ислом Абдуғаниевич айтганидай, сўзсиз, бизнинг она юртимиз - Қирғизистон. Бизнинг ота-боболаримиз яшаб келган. Биз ҳеч қачон бошқа юртлардан кўчиб бориб қолган эмасмиз. Қирғизистонда яшаганмиз ва бундан кейин ҳам яшаймиз, Худо хоҳласа.

Ўшлик, Флорида: Мен ҳам Ўш шаҳриданман, аждодларимиз ҳам Ўшдан бўлишган. Ҳаммамиз ўзбек бўлсак, бизга ўзбек миллий маркази керакми? Нега энди қирғизларда бундай нарса йўқ? Демак, ўзимиз хоҳлаган эканмизда иккинчи бўлишни....

Муҳаммадқодир Қорабоев: Биз ўша 1990-чи йилдаги Ўзган, Ўш фожеасидан кейин ўзбекларнинг муаммоларини, ўзбекларнинг келажакда ўз ўрнини топиши учун қайси йўлдан боришимиз керак эди? Биз ўзбек миллий-маданий марказини тузиб, ўзбекларнинг бошини бириктириб, мана 20 йилдан ошган бўлса, керакли нарсаларни мана шу ўзбек-миллий маданий маркази орқали қўйиб, озгина бўлса ҳам шу проблемаларни ечиб келаябмиз. Иккинчи бўлишни ҳеч ким хоҳламайди, аммо биз қирғиз мамлакатида яшаганимиздан кейин, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилишимиз учун ўзбек миллий-маданий марказини ташкил қилишимиз керак эди ва ташкил қилганмиз.

Бахтиёр Шоҳназаров, Канада: Биринчи саволим: Сизнингча, ўзбеклар ўз тарихий ватанларида иккинчи, ҳатто учинчи тоифадаги фуқаро ҳолатига тушиб қоладими?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Мен хоҳлардимки, ҳар бир инсон, ҳар бир ўзбек, у қаерда яшамасин, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши керак. Бугунги кунда бизнинг бошимизга оғир мусибат тушиб турибди. Аммо, мен Бахтиёрга ишонтириб айтаманки, биз ҳеч қачон иккинчи, учинчи бўлмаймиз. Биз қирғизлар билан тенг ҳуқуқли, ҳақиқий конституцион ҳуқуқимизга эга бўлиб яшаймиз деган умиддаман.

Бахтиёр Шоҳназаров, Канада: Иккинчи саволим: янги коалицион ҳукумат фақат қирғизлардан ташкил топганини қандай изоҳлайсиз?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Бугунги кунда қирғизлар жуда бир қаттиқ шиор билан кетаяпти. У ҳам бўлса, миллатчилик. Улар ўта хавфли миллатчи бўлиб қолдики, ҳаттоки, бошқа миллатлар вакилларини ҳукумат аъзолари қилиб сайлашмади. Лекин, улар келажакда бошқа миллатлар вакилларини ҳукумат аъзолари қилиб тайинлашга мажбур бўлишади. Чунки дунё бундай қўйиб қўймаса керак.

Бахтиёр Шоҳназаров, Канада: Учинчи саволим: Африкадаги Фил Суяги Қирғоғи давлатида этник зўравонликлар оқибатида икки юзга яқин киши ҳалок этилганидан кейин, БМТ шу кунларда бу мамлакатга тинчликни сақлаш кучларини киритиш учун зўр бериб ҳаракат қилаяпти. Минглаб ўзбек ўлдирилган Қирғизистон борасида БМТ бундай фаол эмаслиги сабаби нимада?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Биз жуда кўп материаллар тўпладик, кўп элчилар билан учрашдик, кўп ташкилотлар билан учрашдик. БМТнинг Ўрта Осиё бўйича вакили билан учрашдик. Мана бугунги кунда Оврўпо Комиссияси ишлаб, материалларни тўплаб, кетди. 2011 йилнинг феврал ойида ҳисоботини эълон қилади. Сиёсий баҳо беради. Биз ҳаммасига мурожаат қилдик. БМТ бўладими, БМТнинг қочқинлар бўйича идораси бўладими, Оврўпо Иттифоқи бўладими... Ва ҳамма президентларга мурожаат қилдик. Аммо, қайси куч буларни тўхтатиб турибди? Нима учун БМТ бу масалага тўғри қарамаяпти? Биз ҳайронмиз, агарда буни бутун дунё ҳамжамияти ечмаса, биз бошқа йўлни танлашга мажбур бўламиз.