Янги йилни қорсиз кутиб олган Самарқанд...

Янги йил дастурхони

Янги йил арафасида Самарқандга жӯнаш учун Деновдаги такси бекатига кириб борар эканман, ноодатий манзарага дуч келдим.

Таксичилар нархда кӯп ҳам тортишмагани устига учинчи ёки тӯртинчи йӯловчини ҳам кутмай йӯлга отланишарди.

"Янги йил-да!" дейди "Нексия"даги ягона ҳамроҳим тайлоқлик йигит.

"Нима, ҳайдовчилар қорбобомиди?" дейман унга.

"Э-э, яшаш учун кураш деб қӯйишибди бугунги ишни. Таксилар Деновдан бӯш чиқаётгани билан, у ёқда янги йилни уйида нишонлаш учун йӯлга чиққан сурхонадарёлик талабалар кӯ-ӯ-п, за то у ёқда нарх осмонда," дейди тадбиркор йигит.

Тайлоқлик йигит Сурхандарёга бир КамАЗ уруғлик картошка олиб келганлигини айтади.

"Баҳорда, ёзда, бу ердан егулик картошка, сабзи, пиёз, карам олиб кетамиз," деб қӯшимча ҳам қилиб қӯяди.

Олтинсойдан ӯтаётганимизда у ҳайдовчига сӯз қотди.

"Қаранг ака, буғдой экилган жойларни, шудгор бӯлиб ётибди. Қор-ёмгир бӯлмаяпти-да, ишқилиб буёги хайрли бӯлсин. Билмадим, яна шундай давом этса, буғдой қандай бӯларкин бу йил?" дейди у ташвишланиб.

Лаълми ер майдонлари тақир бӯлиб ётарди.

Янги йил оилавий байрам-ми?

Янги йил – оилавий байрам.

Янги йил – тӯкин дастурхон атрофида нишонланадиган байрам.

Бу фикрлар самарқандликлар онгига ҳам сингиб кетганига анча бӯлган.

Бу тушунчаларга ўзига хос ирим ҳам талқин қилинади.

Йил давомида ҳамжиҳат бӯлиш ва тӯкин-сочин яшашга ишора!

Ана шу ният ва Россияда қишда иш камайиши сабабидан самарқандлик муҳожирларнинг бир қисми янги йилгача уйларига қайтишади. Беш ёшли Элёрнинг дадаси Россияга ишга отланаётганда бола жуда инжилаверибди.

"Қор ёққанда қайтаман," деган экан дадаси.

"Ҳеч ким қорни Элёрчалик кутмагандир. Яхшиям, қор ёғиб бермади. Янги йилга бир ҳафта қолганда дадаси уйга кириб келдидар. Икки минг сӯм билан, ўзбек пулига. Ярим йил болаларни инжитиб кетиб, бир марта 150 яна бир гал 200 доллар пул жӯнатдилар, рўзғорга ишлатдик, болаларга кийим-бош қилдим," дейди Элёрнинг аяси.

Буви эса ўғли соғ-омон қайтганига шукроналар келтиради.

Қўшни маҳалладан, дугонасининг ўғли Россияда номаълум сабаблар билан вафот этганини айтади у.

Лекин самарқандлик меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси ҳам янги йилда уйларига қайтишмаган.

Шусиз ҳам сўнгги вақтларда туғилишлар камайганилиги учун ихчамлашган ва бунинг устига яқинлари муҳожирликда бӯлган оилалар бирлашиб янги йилни кутиш анъанси шаклланганлиги кузатилади.

Масалан, 17 ёшли ўғлини "иш ўргансин," дея дадаси ёнига Санкт Петербургга жӯнатган Ситора кичик ўғли билан қолган.

Унинг қайноғаси хонадонида эса бека Қозоғистонда ишлайди.

Уйда қолган ота ва ўғил кундалик овқатни уддаласалар-да, байрам дастурхонига салат ёки пишириқларга қолганда сукут қилишади.

Ана шу зайлда шаҳарнинг икки чеккасида яшовчи икки оила янги йилни бирга кутадиган бўлишди. Ёки боғча ёшидаги ўғил ва қизини қолдириб Москвада ҳайдовчилик қилаётган қӯшнимнинг аёлини байрамолди ота-онаси болалари билан олиб кетишди.

Ҳовлида ёқиб қолдирилган чироқ беш кеча-кундуз ўчмади.

Оилаларнинг бирлашиб янги йилни кутиши бир томондан тежамли, иккинчидан эса байрам зекиракли ӯтмайди.

Байрам дастурхони атрофидаги тилаклар эса "Келгуси янги йилларни яқинларимиз билан бирга кутайлик!", "Соғ-омон қайтишсин", "Долларларимиз кӯпайсин!"

Байрам дастурхони ёки даромад ва буромад

Самарқанднинг машҳур Сиёб бозори байрам арафасида ва байрам кунларида янада гавжум бўлди.

Янги йил киришидан 3-4 кун аввал жамоадошлар, курсдошлар ва синфдошлар ўтиришлари (дейлик жиякфурушлар ёки носфурушлар ҳам ўзаро бирлашиб, ўтиришлар қилганлар) сабаб деҳқон бозорларда савдо авж олган бӯлса, 30 ва 31-декабр кунларида одамлар ўз хонадонлари учун харид қилишди.

"Дейлик, 4-5 кишилк хонадонда, албатта, бунда келди-кетдалир ҳам ҳисобга олинади, ўртача дастурхон безатиш учун 70 мингдан 100 минг сўмгача сарфланади," дейди тадбиркор бекалардан бири.

"Албатта битта тортни 60 мингга олсангиз, кабоб учун қўй суйсангиз, болаларга 40-50 минглик совға инъом қилмокчи бӯлсангиз, 200-400 мингни кӯзлайверинг," дея қӯшимча қилади у. Самарқандликлар ўтган йил охирида гуручдан бўлак бошқа ҳамма маҳсулотлар нархи кӯтарилганини таъкидлашади.

Гўшт 11-12 минг, помидор-бодринг ҳам шу нархда, бир кило картошка 650 дан 1000 сӯмгача, Самарқанд нонлари вазнига кӯра, 1000 сӯмдан 3000 сўмгача. Айни вақтда бир кило гуруч 1500 дан 2000 сӯмгача. Бу нархлар энг арзон ҳисобланувчи Сиёб деҳқон бозоридан олинган.

Мен суҳбатлашганлар орасида энг камтарона байрам дастурхон тузатишни ўйлаб изтироб чекканлигини айтганлар ҳам бўлди.

Юқорида тилга олганимиз эри икки минг ўзбек сўми билан Москвадан қайтган йигитнинг аёли қўлидаги сӯнгги узугини сотиб дастурхон учун бозорлик қилибди.

"Болаларнинг кўнгли ўксимасин," дейди аёл.

Муҳожирликда топиш-тутиши яхши бўлиб қайтганлар хонадонида эса -- ҳақиқий байрам!

Самарқандликлар орасида муҳожирликдан бошқа даромадлари бўлган кишилар ҳам кам эмас.

Ӯқитувчию мураббийлар, шифокору ҳамширалар, идора ходимлари ва ҳоказо.

Дейлик, ҳамшира 150 минг сўмга яқин маош олса, ўқитувчининг маоши 300-400 минг сўм атрофида.

Ундан кейин нафақахўрлар ҳам бор. Самарқанд шаҳридаги 10-почтадан чиқаётган букчайгангина онахон нафақаси 101 минг сўм бўлгани ва бу гал 110 минг сўм олганини айтади.

"Нарх ҳам ўсди, Алихӯжа-Хӯжаали," дейди у кулимсираб.

Бошқа бир нафақахўр эса шу пайтгача 201 минг сӯм олгани ва декабр ойи учун 210 минг сўмга имзо қўйганини айтади.

"Ўн фоизга ошади деб, беш фоизга оширишди. Ғирромлик қилишаяпти," дейди у.

Янги йил арафасида Самарқандда ҳар йили кузатиладиган Хитой портловчи ўйинчоқларининг овозлари деярли эшитилмади.

Бундан катталар хурсанд бўлишди, албатта. Лекин болалар қўлбола портловчи мосламалар ясаб уни портлатган ҳоллар ҳам учради.

Яхши тилакларга йўғрилган янги йил байрами ҳам ўтиб кетди.

Тайлоқлик тадбиркор йигит яна Сурхандарёга уруғлик картошка ташийди.

Талабалар ӯқишларини давом эттиришади.

Мен ҳам иш ӯрнимга қайтдим...

Бугун Самарқанд билан гаплашсам, биринчи қор ёғаётган экан.