Қозоғистон ҳибсхонасидаги ўзбек маҳбусларнинг соғлиги ёмонлашган

Image caption Аёллар турмуш ўртоқларининг Ўзбекистонда диний эътиқодлари учун таъқиб этилганликларини айтишади

Олма-Ота шаҳар 1-сон тергов изоляторида сақланаётган 14 нафар бошпана изловчиларидан айримларининг соғлиқлари ёмонлашган.

Бу ҳақда Би-би-сига уларнинг яқинлари маълум қилишган.

Яқинларига кўра, уларнинг бири юрак ҳуружи кечирган.

Шу муносабат билан Қочқинларни қутқариш қўмитаси Қозоғистон раҳбариятига мактуб билан мурожаат қилган.

Ҳибсхона маъсуллари Би-би-сига маҳбуслар соғлигини ўрганаётганликларини билдиришган.

Қашқадарёлик бошпана изловчи Отабек Шарипов юрак ҳуружидан ҳушидан кетиб қолган.

“Ҳушидан кетиб қолган, 4-5 киши бўлиб дўхтирларнинг олдига олиб боришган. Укол қилганидан кейин ўзига келгану, аммо ўрнидан туролмай қолган. Боши айланиб, ҳолсиз бўлиб ётиб қолган. Адвокат Иго Пан олдига кирганида ҳам унинг кўз ўнгида икки марта ҳушидан кетиб қолган. Адвокат ҳам аҳволининг ёмонлигини айтди”,- дейди Отабекнинг турмуш ўртоғи Нилуфар Норқобилова.

Нилуфар Норқобилованинг қўшимча қилишича, турмуш ўртоғи болаликдан полиамелит хасталиги билан оғрийди, иккинчи гуруҳ ногирони. Телефон орқали суҳбатда ўнг оғининг тиззадан паст қисми умуман ишламай қолганини билдирган.

Ўзбекистонда диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланган Отабек 3 йил Ўзбекистон хибсхоналарида ҳам ўтириб чиққан. Қамоқхонадан бел чурраси ва бошига тўқмоқ билан уриш оқибатида мия томирларида қон уюлиши ташхислари билан чиққан.

Нилуфар Норқобиловага кўра, тиббий муолажа сўрашларига қарамасдан, турмуш ўртоғига профессионал тиббий муолажа кўрсатилмаган.

1-тергов изоляторида сақланаётган бошқа бошпана изловчиларнинг ҳам соғлиқлари ёмонлашган. Қурбонов Қобилжоннинг аёли Гулнора Қодирова ҳам эрининг соғлиғи хавф остида эканлигини айтади.

"Ҳамма жойи шишиб кетган, юзлари сап сариқ. Жигарим оғрияпти, дедилар, ойим турли ҳил дорилар олиб кирганди, ҳеч қайси бирини қабул қилишмади. Ўзимиз қараймиз дейишган. Аммо ҳозирги кунгача мазалари йўқ. Муолажа қилишмаган, бир марта анализларини олиб кетишган. Оёқлари яра бўлиб, юрса суви чиқиб кетаётган экан", - дейди Гулнора Қодирова.

Бундан ташқари Болтаев Аҳмаднинг ҳам соғлиғи ёмонлашган.

Абгор шароитлар

Бошпана изловчиларнинг яқинларига қўра, ҳибсхоналардаги шароитлар абгор ва совуқдан ҳимоя қилиш учун ойнаси йўқ. Ёпиниш учун берилган бир одеял уларни совуқдан ҳимоя қила олмаяпти.

Қочқинларни қутқариш қўмитаси президент Назарбоев ва бошқа қозоқ масъулларига мурожаат қилиб, маҳбусларнинг тақдирига бефарқ қолмасликка чақирган.

Мактубда ҳибсдагиларнинг соғлиғи ёмонлашгани ва уларга тез тиббий ёрдам лозимлиги айтилади.

Олма-Ота шаҳар жазони ижро этиш бошқармасидан Чинара Ҳусаинованинг Би-би-сига айтишича, бугун раҳбарият ўзбек бошпана изловчиларнинг соғлиғи ва шароитини ўрганиш учун теров изоляторига кетган.

“Айни дамда раҳбарият 1 - сонли тергов изоляторида бўлиб турибди. Улар ушбу одамлар бўйича муаммони ечишмоқда”, - дейди Чинара Ҳусаинова.

Масъул ходим бу борада тўлиқроқ эртага шарҳ бериши мумкинлигини ва бошпана изловчиларнинг шароитини ўрганишга юқори ташкилотларга ёзилган мурожаат сабаб бўлганини урғулади.

Ҳибсдагиларнинг аёллари иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолганини айтишади. “Қизил ярим ой ташкилоти томонидан бериладиган ёрдам пули квартира ижараси ва газ учун етади холос”, дейди улар.

"Ейиш-ичишдан ҳам анча қийналиб қолганмиз, болаларимизга етарли озиқ-овқат олиб беролмаймиз. Гўшт-сариёғларга қўлимиз етмайди. Хоналаримиз совуқ. Майли, бу қийинчиликларга шукур қиламиз, турмуш ўртоқларимиз эсон-омон чиқишсин", дейди хибсдагиларнинг аёлларидан бири.

Қийноқ ва ўлим хавфи

Бир неча йилдан буён Қозоғистон ҳудудида яшаб келган ушбу ўзбекистонликларнинг аксариятига аввал БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги томонидан "бошпана изловчи" мақоми берилган.

Аммо ўтган йили бу каби ваколат Қозоғистон Миграция хизматига ўтказилиши ортидан ўтган июн ойида Олма ота шаҳрида 45 нафар қочқин ҳибсга олинган.

Ўзбекистонга экстрадиция этилиши маълум қилинган қочқинларнинг оилалари аввалроқ Қозоғистон Бош прокуратурасининг Олма-Отадаги идораси қаршисида қатор норозилик чиқишлари уюштиришган.

Ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонликлардан баъзилари экстрадиция ҳаракатларига норозилик сифатида очлик эълон қилганликлари ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистон ҳукумати бошпана изловчиларни диний экстремизмда айблайди, аммо уларнинг ўзлари ватанларида диинй эътиқодлари учун таъқиб этилганликларини айтадилар.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари улар Ўзбекистонга қайтарилгани тақдирда қийноқ ва ўлим билан юзма-юз келишлари ҳақида огоҳлантирганлар.