Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Миржалол Қосимов: 'Ўзбекистон эртага тезкор қарши ҳужум кўрсатиши лозим'

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага Осиё Кубоги ўйинларининг навбатдаги гуруҳ босқич саралаш беллашувларида қувайтлик рақибларига қарши майдонга тушади.

Қувайт ўзбекистонлик футболчилар тушган "Ўлим" гуруҳидаги энг кучли жамоалардан биридир.

Қувайтлик футболчилар жорий пайтда Ғарбий Осиё чемпионати ғолиби ва Форс Кўрфази кубоги соҳибидирлар.

Аммо жамоа Хитойга қарши илк учрашувини 2:0 ҳисобида бой берган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, мезбон Қатарни худди шундай ҳисоб билан мағлуб этган.

Қувайтлик футболчилар Осиё Кубоги ўйинларида 1972 йилдан буён иштирок этиб келишади.

Бир марта Осиё Кубоги ўйинларида ғолиб чиқишган ва битта кумуш ҳамда битта биринж медалини қўлга киритишган.

Лекин ўтган галги ўйинларнинг финал босқич беллашувларига чиқа олишмаган.

Ўзбекистонлик футболчилар эса, сўнгги икки бор Осиё Кубоги ўйинларининг нимчорак финалигача чиқишга муваффақ бўлишган.

2011 йилги Осиё Кубоги ўйинларининг финал босқич беллашувларига ҳам муддатидан олдин йўлланмани қўлга киритишган.

Қувайт миллий терма жамоасига 2009 йилдан бошлаб сербиялик таниқли мураббий Горан Туфегжич бош мураббийлик қилиб келади.

Қувейтлик футболчилар сўнгги халқаро мусобақалардаги ютуқларига айнан у бошчилигида эришишган.

Футбол мутахассисларига кўра, жамоанинг яна бир устун жиҳати - минтақа футболининг паст-баландини яхши билишларидир.

Аммо миллий чемпионатининг савияси юқори бўлмагани - ожиз жиҳатларидан бири сифатида кўрилади.

Ўзбекистон ва Қувайт бундан аввал 2006 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларида икки бор учрашишган.

Ҳар икки томон ўз майдонларида ғолиб, рақиб майдонида эса, мағлуб бўлишган.

Қатарда бўлиб ўтаётган 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинларида қитъанинг 16 жамоаси иштирок этмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийси Миржалол Қосимовнинг айтишича, Қувайтга қарши ўйинда ғолиб чиқиш учун ўзбекистонлик футболчилар тезкор қарши ҳужумга зўр беришлари керак.

Ўзбекистонлик футболчилар айнан Миржалол Қосимов бошчилиги остида 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинларининг финал босқич учрашувларига чиқишга муваффақ бўлишганди.

Таниқли мураббийга кўра, ўзбекистонлик футболчилар илк учрашувда мезбон Қатарни мағлуб этиш билан, ўйинларга ҳам руҳий ва ҳам жисмоний жиҳатдан ҳозир эканликларини намоён этишган.

Миржалол Қосимовнинг умид қилишича, жамоа сафларида тўп сураётган футболчиларнинг тажрибаси ва малакаси ҳам бу гал уларга қўл келиши мумкин.