'Собиқ подполковник Эркин Мусаев қамоқхонада қийноққа тутилмоқда'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистондаги қамоқхоналардан бирида жазо ўтаётган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги собиқ ходими подполковник Эркин Мусаевнинг тақдири яқинларида жиддий хавотир уйғотмоқда. "Ўтюраклар клуби" инсон ҳақлари ташкилоти тарқатган хабарга кўра, Эркин Мусаевнинг отаси Ҳаитжон Мусаев ўғлининг қамоқхонада қийноққа тутилаётгани ва жазо изоляторига қамаб қўйилаётгани ҳақида айтган.

Jarayon.com вебсаҳифасида ёзилишича, собиқ полковникнинг ўз яқинлари билан ўтган йилнинг декабрида белгиланган тартиб бўйича учрашувга рухсат берилмаган.

Ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтонга тақдим этилган ва озодликка чиқаришга ёрдам бериш сўралган рўйхатда Эркин Мусаевнинг ҳам номи тиркалгани ҳамда рўйхатнинг интернетга чиқиб кетгани собиқ зобитнинг жазо изоляторига ташланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Мўътабар Тожибоевага кўра, Ҳаитжон Мусаев бошқа фарзандларига нисбатан таъқиблар бўлаётгани ҳақида ҳам хабар қилган.

Ва 20-декабр куни белгиланган учрашувга рўхсат берилмагани ҳамда унга етказилиши керак бўлган озиқ-овқатларнинг қабул қилинмагани Эркин Мусаевнинг аҳволидан хавотирларни кучайтирган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар бош бошқармасининг собиқ бошлиғи, Мудофаа вазирлиги собиқ мулозими Эркин Мусаев давлатга хоинлик қилиш ва жосусликда айбланиб маҳкамага тортилган.

Интернетда чиққан хабарларда подполковник Эркин Мусаевнинг Америка Мудофаа вазирлиги - Пентагонга Ўзбекистон ва Россиянинг ҳарбий сирларини сотганликда айблангани ҳақида ёзилган эди.

Ўзбекистон Ҳарбий маҳкамаси матбуот хизмати тарқатган хабарда эса, жаноб Мусаев, моддий мукофотланиш эвазига хорижий давлатларнинг махсус хизматларига махфий материалларни етказиб турганлиги айтилганди.

2006 йил Ўзбекистон Ҳарбий маҳкамаси, уни давлат сирларини ошкор қилиш ва ўз мансабига совуққонлик билан ёндашишда ҳам айбдор, деб топган ва 15 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этганди.

Эркин Мусаев ҳозирда Бекобод шаҳридаги Уя 64-21 қамоқхонасида сақланаётгани айтилади.

БМТ Эркин Мусаевнинг устидан маҳкама адолатсиз бўлгани ҳақида хулоса чиқарган.