Араб амирликлари ўзбек қочқинни экстрадиция қилиши мумкин

Image caption Бирлашган Араб Амирликлари ўзбекиcтонлик муҳожирлар учун асосий масканлардан биридир

Қароргоҳи Москвада жойлашган Мемориал инсон ҳуқуқлари маркази тарқатган хабарга кўра, 2011 йилга ўтар куни Бирлашган Араб Амирликларида ўзбекистонлик Ғайратжон Зоидов қўлга олинган.

Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари Ғайратжон Зоидовни Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари талаби билан ҳибсга олганликларини маълум қилганлар.

Асли тошкентлик 43 ёшли Ғайратжон Зоидов 1999 йил Тошкент портлашларидан кейин наркотиклар ва диний адабиётлар сақлашда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган ва 2003 йилда амнистия бўйича озодликка чиқарилган эди.

Мемориал марказига биноан, шунингдек, Ўзбекистон махсус хизматларининг хориж ўлкаларда фаоллашгани кузатилмоқда. Жумладан, ўтган йилдан буён Россия ҳудудида бўлган ўзбек қочқинларини ўғирлаш ҳоллари кучайган.

Би-би-си Мемориал марказидан Виталий Пономаревга боғланди ва аввало Ғайратжон Зоидов ҳақида нималар маълумлигини сўради.

Пономарев: Мен Ғайратжон Зоидовнинг тўлиқ таржимаи ҳолини билмайман. Аммо 1999 йил портлашларидан кейин унга нисбатан чиқарилган ҳукмда унинг Тошкентлик экани ва қаҳвахонада ишлагани қайд этилган. У ўшанда Тошкентда портлашлар содир этилган куннинг ўзида ҳибсга олинган. Ушлаш чоғида унинг чўнтагига наркотик солиб қўйишган ва уйидан диний китобларни топишган. Хуллас, кўп ўтмай Ғайратжонни 8 йилга озодликдан маҳрум этишади ва 2003 йил январида умумий авф фармони асосида озодликка чиқаришади. Озодликка чиққач у бир неча йил давомида Тошкентда яшаган. Аммо, 2009 йилда Тошкентда диний уламоларга қилинган суиқасдлардан кейин ҳуқуқ тартибот идоралари яна қора рўйхатни кўтаришади ва уни яна сўроққа чақиришади. Ҳибсга олишларидан қўрқиб, Ғайратжон Зоидов аввалига Қозоғистонга қочади, кейинчалик у ердан Туркияга ўтиб кетади. Сўнги бир йил давомида у Бирлашган Араб Амирликларида яшаб юрган. Хуллас, уни ўша ерда 31 декабрда қўлга олишган.

Би-би-си: Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон ўртасида қидирувдаги шахсларни топшириш бўйича келишув борми?

Пономарев: Ўтмишда Бирлашган Араб Амирликларидан фуқароларни Марказий Осиё мамлакатларига топшириш ҳоллари кузатилган. Бундай экстрадициялар анча шубҳали асосларда амалга оширилган. Мен Ғайратжон Зоидовни Ўзбекистонга топшириб юборишлари хавфи йўқ эмас деб ўйлайман.

Би-би-си: Амирликлар инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг чақириқларига қулоқ тутиши мумкин деб ўйлайсизми?

Пономарев: Ҳа, албатта, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари чақириқларига қулоқ тутиш ҳоллари бўлган. Амирликларда Ғайратжон Зоидов ишида Ўзбекистоннинг қандай ҳужжатларни топширишига эътибор қаратишади. Мен унинг яқинларига бу ишни кўриб чиқа оладиган яхши ҳимоячи топишлари муҳимлигини айтдим. Унинг бу ҳолатда қочқин эканлигини ва мутасадди ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилиши ўта муҳимдир.

Би-би-си: Ғайратжон Зоидов мисолида Ўзбекистонда диндорларга нисбатан таъқиблар кучаймоқда деб хулоса қилса бўладими?

Пономарев: Мени ўйлашимча, 2008 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, қатағонлар тўлқини бормоқда. Мемориал ташкилоти шу ой охиригача Ўзбекистондаги диндорларга боғлиқ ишлар ҳақида ҳисобот чиқаради. Ҳозирда Ўзбекистон махсус хизматларининг хориж ўлкаларда фаоллашгани кузатилмоқда. Мен, мисол учун, ўтган йилдан буён Россия ҳудудида бўлган ўзбек қочқинларини ўғирлаш ҳоллари кучайганини биламан.

Би-би-си: Ташкилотингиз вақти вақти билан Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳкумлар рўйхатини чиқариб турасиз. Ҳозирда бундай маҳкумлар сони бўйича, тахминий бўлсада, рақамлар борми?

Пономарев: Бу ерда бир муаммо мавжуд. Биз чиқарилган ҳукмлар бўйича Ўзбекистондан тўлиқ бўлмаган маълумотларни олиб турамиз. Аммо маҳкумларнинг муддатидан олдин озод этилгани ё бўлмаса қамоқ муддати узайтирилгани бўйича маълумот тўплаш анча қийин. Бўлиб ўтган маҳкамаларга таяниб гапирадиган бўлсак, Ўзбекистонда жазони ўташ муассисаларида бир неча минг диндор бор деб хулоса қилиш мумкин. Умуман, Ўзбекистондаги диний маҳкумлар собиқ Совет республикаларидаги сиёсий маҳбусларнинг умумий сонидан кўпроқ.