Қозоғистондаги ўзбек тутқунлардан бирининг онаси ўғли аҳволидан хавотирда

Image caption Раҳима Акбарова ёш ўғлининг аҳволи оғирлашиб бораётганидан хавотирда

Қозоғистон Давлат Хавфсизлиги Қўмитаси тутқунликда сақлаётган 29 ўзбекистонликдан бирининг онаси ўз ўғлининг саломатлиги ёмонлашганидан хавотир билдирмоқда.

Сирдарё вилоятининг Сайҳунобод туманида яшовчи Раҳима Акбарованинг айтишича, тутқунлар орасида бўлган 20 яшар ўғли Файзуллахон Акбаровнинг аҳволи оғирлашган.

Акбарова хоним бу борада Ўзбекистондаги "Эзгулик" Инсон Ҳуқуқлари жамиятига мурожаат этган

Файзуллахон Акбаров ўтган йил 3 ноябрида юрак ҳуружини бошидан кечирганди. Онадаги маълумотга биноан, ҳуруж ортидан унинг чап қўлидаги икки бармоғи ишламай қолган, у қулоғи ва чаккасида қаттиқ оғриқлардан азоб чекмоқда, шунингдек, шишлар пайдо бўлган.

Бироқ, унинг абгор ҳолатига қарамай, у кучайтирилган назорат режимида сақланмоқда ва унга кўнгилдагидек тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти.

Файзуллахон Акбаров, ўзи билан бирга сақланаётган яна 28 ўзбекистонлик каби, Ўзбекистонга экстрадиция этилиши мумкин.

Қозоғистон ҳукумати мазкур ўзбекистонлик бошпана изловчиларни сиёсий қочқинлар дея тан олишдан бош тортган.

Файзуллахонга июнь ойида ҳибсга олинганидан бери то декабргача ўз оиласи билан кўришишга рухсат берилмаган.

Ниҳоят 24 декабрда учрашувга рухсат берилганида ўғли билан дийдорлаша олган Акбарованинг айтишича, 20 яшар ўғли ўрта ёшлардаги касалманд кишига айланиб қолган.

Акбарова хоним ўғли тутқунликда вафот этиши мумкинлигидан хавотир олмоқда.

Эзгулик ташкилоти хабар қилишича, Акбаровлар оиласининг мурожаатларини Қозоғистон Ички Ишлар Вазирлиги ва Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ўрганиб чиқмаяпти.

Айни дамда Олма-ота шаҳар ҳибсхонасида юрак ҳуружига учраган яна бир бошпана изловчи, 33 ёшар Отабек Шариповда қанд хасталиги аниқланган.

Олма-ота шаҳар 1-тергов изоляторида сақланаётган жаноб Шарипов ва бир неча бошпана изловчиларнинг соғлиғи ёмонлашгани борасидаги мурожаатдан сўнг қозоқ расмийлари ҳибсхонага боришган.

Би-би-си билан суҳбатда Отабек Шариповнинг турмуш ўртоғи Нилуфар Норқобилова ўз хавотирларини изҳор этди.

"Кеча прокуратурадан дўхтир олиб бориб текширтиришибди. Юраги яхши чиқибди, аммо қанд миқдори баланд чиқаётганмиш. Икки ой олдинги қон анализидан қанд миқдори баланд чиқибди," - деди у.

Нилуфар Норқобиловага кўра, икки ой олдинги текширишларда қонида қанд даражаси баландлигини ҳибсхона шифокорлари Отабек Шариповга айтмаган, унинг соғлом эканини билдиришганди.

Отабек Шариповнинг соғлиғидан ташқари айни шу тергов изоляторида сақланаётган Аҳмад Болтаев, Қобилжон Қурбонов ва Исабек Пардаевларнинг ҳам соғлиғи ёмонлашганини айтилганди.

Ўзбекистонлик 29 бошпана изловчи ўтган йил 9 июнда "Мигрант" номли амалиёт доирасида қўлга олингандилар.

Улар 29 июлда Қозоғистон Давлат Хавфсизлиги Қўмитасининг изоляторига кўчирилганлар.

Олма-ота шаҳар қарорига биноан, улар 27 августдан бери Давлат Хавфсизлиги Қўмитасининг ертўласида сақланмоқда.

Бошпана изловчиларнинг Олма-Ота шаҳар Олмалиқ тумани маҳкамасига ўзларини қочқин дея тан олишларини сўраб ёзган аризалари қониқтирилмаган.