Фридом Хаус: 'Президент Каримов ҳукумати репрессив давлат назоратини сақлаб қолаётир'

2010 йилда дунёнинг 40 мамлакатида демократиядан кескин чекинишлар кузатилди, дея хабар беради АҚШнинг Фридом Хаус нодавлат ташкилоти. Жаҳоннинг 194 мамлакатида сиёсий эркинликлар ва фуқаролар озодлиги даражасини ўрганган Фридом Хаус чиқарган йиллик ҳисоботга кўра, озодлик бўғилган инсон ҳуқуқлари фаолларига таъқиблар кучайган мамлакатлар сирасига Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва собиқ Совет Иттифоқи давлатлари киритилган.

Фридом Хаус қарийб қирқ йилдан буён дунёдаги эркинликлар даражасини тадқиқ этиб келади. Ҳисоботда Ўзбекистонга ҳам алоҳида тўхталган.

Унда айтилишича, Президент Ислом Каримов ҳукумати мамлакат устидан репрессив давлат назоратини сақлаб қолаётир.

Фридом Хаус ҳисоботида Ўзбекистон демократия даражаси энг паст бўлган мамлакатлар қаторига киритилган.

"Ўзбекистон сайловга асосланган демократик мамлакат эмас", дейилади Фридом Хаус ҳисоботида.

Президент Ислом Каримов сиёсий мухолифатни бостириш учун ижроий ҳукумат қудратидан фойдаланади.

Фридом Хаусга кўра, унинг 2007 йил декабрида президент сифатида қайта сайланиши президентлик муддатига оид конституциявий қонунни назар-писанд этмаганини кўрсатди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2002 йилда ўтказилган "шубҳали референдум" Ўзбекистонни икки палатали парламентар тизимга ўтказган. "Ўзбекистонда ҳозирда тўртта сиёсий партия рўйхатдан ўтган. Уларнинг барчаси ҳукуматпараст ва биронта ҳам ҳаққоний мухолиф партия мавжуд эмас", дейди Фридом Хаус.

Ҳисоботга кўра, рўйхатга олинмаган "Бирлик" ва "Эрк" гуруҳлари асосан хориждан фаолият юритади.

Фридом Хауснинг урғулашича, Ўзбекистонда коррупция кенг ёйилган.

Конституциявий кафолатларга қарамасдан, сўз эркинлиги ва матбуот шиддатли чекланган. Давлат матбуот ва унга боғлиқ идораларни назорат этади.

2002 йилда цензура расман олиб ташланган эса-да, у ўз-ўзини цензура қилишни тарғиб этувчи ярим расмий механизмлар воситасида сақланиб қолмоқда, дейилади Фридом Хаус ҳисоботида.

Ҳисобот, шунингдек, Ўзбекистондаги диний эркинликлар муаммосига ҳам тўхталган.

Унга кўра, расмий Тошкент мамлакатда мавжуд анъанавий динлар фаолиятига изн берса-да, норасмий фаолиятларга жиноят сифатида қарайди.

Ҳисоботда таъкидланишича, давлатнинг мусулмонлар ибодати устидан назорати шунчалар қаттиқки, ҳатто масжидларда маърузалар мавзусини ҳам олдиндан белгилаб қўяди.

Фридом Хаус Ўзбекистон ҳукуматининг фуқароларнинг очиқ ва ўзаро суҳбатларини ҳам маҳалла қўмиталари орқали назорат қилиб боришини айтади.

"Ҳукумат маҳаллаларни жамоатни кузатиш ва назорат қилишнинг расмий тизимига айлантирган", дея хулоса қилади ҳисобот.

Фридом Хаус, шунингдек, Ўзбекистонда йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқлари ҳам амалда чекланиб қўйилганини таъкидлаган.

Ташкилот Ўзбекистонда адлия тизимининг тўлалигича президент иродасига бўйсундирилганини айтади.

Президент барча ҳакамларни тайинлайди ва истаган пайтида олиб ташлаши мумкин, дейилади Фридом Хаус ҳисоботида.

Бу мавзуда батафсилроқ