Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Яқинлари ҳибсдаги собиқ зобит Мусаев тақдиридан хавотирда

Ўзбекистондаги қамоқхоналардан бирида жазо ўтаётган Ўзбекистон Мудофаа Вазирлиги собиқ ходими подполковник Эркин Мусаевнинг тақдири яқинларида жиддий хавотир уйғотмоқда.

Эркин Мусаевнинг отаси Ҳайитжон Мусаевга кўра, ўғлига қамоқхонада тазйиқлар ўтказилмоқда.

Ҳаитжон Мусаевнинг айтишича, декабр ойи ўрталарига белгиланган учрашув ўғлининг қамоқхона тартибини бузганлик баҳонаси билан бекор қилинган. Уларга қамоқхона расмийларининг айтишларича, тартибни бузгани учун уни изоляторга ташлаганлар.

Ҳайитжон Мусаевга кўра, ҳар сафар ўғлининг тақдири юзасидан инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилганларидан сўнг, Эркин Мусаевга қамоқхонада худди шундай жазо қўлланилган.

Бу гал Ҳаитжон Мусаев Қизил Хоч халқаро ташкилоти вакилларидан изоҳ сўрагани ва бу АҚШ Давлат котибаси Хиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга сафари билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги хусусида тахминий хулосага келганларини айтади.

Клинтон хонимга Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари ноҳақ қамалганлар рўйхатини беришган ва бу рўйхатда Эркин Мусаевнинг ҳам исми бўлган. Ана шу ҳолат, Ҳаитжон Мусаевга кўра, ўғлига нисбатан жазо чораси қўлланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ҳаитжон Мусаевнинг айтишича, ўғлини 15 кун алоҳида изоляторда сақлашган. Январ ойи бошларида у ердан чиқаришган ва шундан сўнг яқинлари билан учрашиш рухсати берилган.

Учрашув мобайнида Эркин Мусаев ҳеч қандай қамоқхона тартибини бузмаганлигини айтган.

Ҳаитжон Мусаевнинг айтишича, ўғлининг жосусликка оид айбловлар билан ноҳақ қамалиши унинг бошқа ўғилларига ҳам таъсир қилган, уларнинг лавозимлари пасайтирилган ва баъзилари бошқа ишга ўтишга мажбур бўлишган.

Подполковник Эркин Мусаевга нисбатан Америка Мудофаа вазирлиги - Пентагонга Ўзбекистон ва Россиянинг ҳарбий сирларини етказганлик айбловлар қўйилганди.