Ўзбекистон ИИВ собиқ ходими: "Муҳожирлар назорат остида"

Image caption Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигининг собиқ ходими тақдим этган маҳфий ҳужжатларда вазирлик ўзбекистонлик муҳожирлар устидан кузатув олиб бориши қайд этилган.

Норвегиядан келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигининг собиқ ходими яқинда бошпана сўраб мурожаат қилди. У томонидан Норвегия расмийларига тақдим этган махфий ҳужжатларда вазирлик ўзбекистонлик муҳожирлар устидан кузатув олиб бориши қайд этилган.

Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг собиқ ходими январ ойи бошларида Россия-Норвегия чегара нуқтасида оила аъзолари билан бирга бошпана беришларини сўраб мурожаат қилган.

Унинг аризасини кўриб чиқиш жараёнида ёрдам бериш учун жалб этилган инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Евгений Дяконовга кўра, вазирлик ходими ўзи билан бирга 8 килограммга яқин махфий ҳужжатларни олиб келиб, расмийларга топширган.

Дяконовга кўра, бошпана сўраган вазирлик ходими коррупция, рэкет ва терроризмга қарши кураш бўлимида ишлаган ва ишдан бўшатилган вақти ўзи билан бирга махфий ҳужжатларни олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Ҳужжатлар билан бир неча кундан бери танишиб чиқаётган Дяконовнинг айтишича, ушбу ҳужжатларда Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги хориждаги ўзбекистонлик муҳожирлар устидан назорат қилиш йўлида фаол ҳаракатлар олиб бориши қайд этилган.

Ҳужжатларда муҳожирлар тўрт тоифага бўлинган. Биринчи гуруҳ Россия ва Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлари, иккинчи гуруҳ Оврўпо давлатларида бошпана сўраганлар, учинчи гуруҳ АҚШ ва Канададаги муҳожирлар ва тўртинчи гуруҳ жаҳоннинг турли мамлакатларида яшовчи миллати ўзбек бўлганлар.

Ҳужжатларда шунингдек, сохта исмлар билан "гўёки" муҳожирлар хорижга жўнатилиб, ана шу гуруҳлар устидан назорат қилиш мақсадида жамоалар ичига кириб бориш вазифаси қўйилиши айтилган.

Бу каби "жосуслар" Ўзбекистон ҳақида салбий оҳангда гапиришга жазм этганларга таҳдид-пўписалар қилиб, ватанда қолган яқинларига тазйиқ ўтказиш билан огоҳлантирар эканлар.

Ҳужжатлардан англашилишича, муҳожирлар жамоалари ичига "жосусларни" юбориш билан Ички Ишлар Вазирлиги ўн йилдан ортиқ вақтдан бери шуғулланиб келади.

Ҳужжатларнинг не қадар ҳақиқий эканлигини билиш қийин, лекин Евгений Дяконовнинг айтишича, уларнинг аксари қоғоз нусҳалар, улардаги имзо, муҳр ва исмлар аниқ кўриниб турибди. "Лекин бу ҳужжатлар сохта бўлиши эҳтимолини ҳам инкор этмаган бўлардим", деди у.

"Бу ҳужжатларда биронта ҳам "жосус"нинг асл исми кўрсатилмагани, фақатгина лақаблари қайд этилгани ҳам баъзи шубҳаларга етаклаши мумкин",-деди Евгений Дяконов.

Би-би-си хорижда яшаётган баъзи ўзбекистонликлар билан боғланиб, ўзларининг назорат остида эканликлари, ё-да таҳдид-пўписалар юз берганми-йўқлиги ҳақида сўраган вақти бу каби ҳолатларни ҳозирча сезмаганликларини билдиришди.

Лекин, Олмониядаги муҳожирлар ташкилотлари вакиллари яқинда маҳаллий полиция бўлимига чақирилганлар ва уларга нисбатан таҳдид ё-да ўзлари устидан назоратни сезган вақтлари бу ҳақда маълум қилишлари сўралган.