Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё Кубоги нимчорак финалига чиқди

Ўзбекистон

Қатарда бўлиб ўтаётган футбол бўйича Осиё Кубогида Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳ босқичи якуний учрашувида Хитой жамоасига билан 2:2 ҳисобида дуранг натижага эришиб, нимчорак финалга йўлланмани қўлга киритди.

Дастлабки икки учрашувда ўзбек футболчилари рақиблари Қатар (2:0) ва Қувайт (2:1)) жамоалари устидан ғалаба қилган эдилар.

Айни гуруҳнинг бошқа бир беллашувида Қатар миллий жамоаси Қувайт футболчилари устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиққан иккинчи жамоа бўлди.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўйин ўта қизғин, эҳтиросли ва шиддатли кечди.

Илк гол беллашувнинг 7 дақиқасида Хитой ҳужумчиси Йи Ҳай томонидан Ўзбекистон дарвозасига киритилди.

Бироқ, Осиё Кубоги ўйинларига келганидан буён илк бор орқада қолган Ўзбекистон футболчилари довдираб қолишмади.

Ўзбек футболчилари ёш хитойлик рақибларига нисбатан тажрибалироқ экани ўйиннинг биринчи ярми давомида сезилиб турди.

Техник жиҳатдан устунроқ бўлган ўзбек футболчилари майдон марказини яхшироқ назорат қилган бўлсалар, жисмонан яхши тайёргарликдан ўтган хитойликлар қарши ҳужумлари ниҳоятда кескин эди.

Беллашувнинг 37 дақиқасида Ўзбекистон жамоаси ҳимоячиси Одил Аҳмедов жавоб тўпини киритди.

Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги учрашувнинг иккинчи ярими ҳам ниҳоятда кескин ва қизиқарли кечди.

Иккинчи тайм бошланар-бошланмас, Ўзбекистон жамоаси ҳужумчиси Александр Генрих 25 метрлар чамаси узоқликдан туриб, Хитой дарвозасига қойилмақом қилиб иккинчи голни урди.

Орадан ўн минут ўтиб, ўйиннинг 56 дақиқасида Хитой ҳужумчиси Жун Мин ҳисобни тенглаштирди - 2:2.

Айни ҳисоб учрашув охирига қадар ўзгармасдан қолди.

Нимчорак финалда Ўзбекистон миллий жамоаси "Б" гуруҳида иккинчи ўринни олган жамоага қарши майдонга чиқади.

Ушбу гуруҳда Япония, Иордания ва Сурия жамоалари ғолиблик учун кураш олиб бормоқдалар.