Тошкентдаги турк мактаби "бюрократик тўсиқлар туфайли" ёпилди

Улуғбек Халқаро Мактаби

Ўзбекистонда энг илғор халқаро мактаблардан бири "бюрократик тўсиқлар ва хавфсизлик хавотирлари" туфайли ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.

Тошкентдаги Улуғбек Халқаро Мактаби 1995 йилдан буён 6 дан 16 ёшгача бўлган мактаб болаларига инглиз тилида таълим бериб келаётганди.

Мактаб маъмурияти чиқарган баёнотга кўра, мактаб хорижий ўқитувчиларига маошларни АҚШ долларида тўлай олмаган.

Маъмуриятнинг даъво қилишича, Ўзбекистондаги банклар ўзбек сўмини АҚШ долларига айлантиришни истамашмайди.

Хорижий ўқитувчиларга визалар олиш ва уларни қайддан ўтказиш ҳам муаммо экани қайд этилади.

Шунингдек мактаб маъмурияти Ўзбекистондаги террорга қарши курашувчи ташкилотлар босимлари охирги дамларда кучайганини даъво қилган.

Тошкентдаги Улуғбек Халқаро Мактаби Туркиянинг Силм Корпорацияси ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик хизмати ҳамкорлигида очилганди.

"...Ўзбекистонга тижорат қилиш учун келманг"

Улуғбек Халқаро Мактаби Тошкентда турк сармоядорларига қарашли, Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери муваффақиятли фаолият юритиб келган "Демир" ширкати муаммоларга юз тутиши ортидан беркитилмоқда.

Тошкентдаги манбаларга кўра, "Демир" ширкати раҳбарларидан бири Ўзбекистонда ҳибсга ташланган ва ширкат фаолияти устидан текширувлар бормоқда.

"Демир" ширкати Туркиянинг Ўзбекистондаги йирик сармоядорлардир биридир.

Туркия Савдо вазирлигидаги манбаларга кўра, Ўзбекистонга "Демир" киритган ётирим 100 миллион АҚШ долларидан ошади.

Ўтган йиллар ичида бу ширкат Ўзбекистонда йирик фермани сотиб олган ва сут ҳамда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқиш учун 13 миллион доллардан кўпроқ сармоясини тикканди.

"Демир" Ўзбекистонда кенг тан олинган бир номга айланди.

Ҳозирда бу ширкат ва Ўзбекистон ҳукумати орасидаги қийинчиликлар хабари Тошкентдан анча узоқларда ҳам хавотир уйғотмоқда.

Тошкентдаги Туркия элчилиги бу масалада изоҳ беришга у қадар иштиёқманд кўринмайди.

Аммо Туркия элчихонаси веб саҳифасида турк ишбилармонларини огоҳлантаридаган битикларни ўқиш мумкин. Унда хусусан шундай дейилади:

"Токи Ўзбекистонда ёзилган ва ёзилмаган қонун-қоидалар қандай ишлашини тушунмагунча ва ё ишончли манбаларни қўллай билмагунча, Ўзбекистонга тижорат қилиш учун келманг."

Мухолифат лидери

Image caption Ўзбек мухолифати лидери 17 йилдан буён ҳижратда

Ўзбекистон ҳукумат доираларида ўз манбаларига эга "Узметроном" веб саҳифаси турк ширкатлари дуч келган муаммолар ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг Туркиядаги фаолияти билан боғлиқ эканини тахмин қилади.

"Узметроном"га кўра, мухолифатдаги "Эрк" партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг ўзбек халқига мурожаати битилган ДВД дисклар ўтган йил охирида Ўзбекистон халқи орасида тарқалган.

"Баъзи маълумотларга кўра, Ўзбекистонга ноқонуний қўллар билан келтирилган ва тарқатилган дисклар адади аллақачон 30 мингдан ошиб кетди. Бу дискларнинг Туркияда тайёрлангани тахмин қилинади," деб хабар беради "Узметроном".

Веб саҳифа шунингдек "Эрк" газетасининг Туркияда ўзбекистонлик муҳожирлар томонидан чоп этилиши ва унинг баъзи сонлари Ўзбекистонга давомли етиб келаётганини даъво қилади.

"Туркиянинг қатор шаҳарларида турк махсус хизматлари ҳамкорлигида у ёки бу сабаблар билан мамлакатни тарк этган Ўзбекистон фуқаролари ғоявий жиҳатдан қайта ишланиб, жангарилар сафларига ёлланмоқда," деб ёзади "Узметроном".

Ўзбекистон мустақиллигини тан олган илк давлат

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган илк давлатдир.

Мустақилликниннг илк кунлариданоқ Туркия ширкатлари Ўзбекистонга келиб ишлашга қизиқиш билдирганлар.

Ўзбекистоннинг ҳам ички ва ҳам ташқи доирадаги чеклангган савдо шарт-шароитларига қарамасдан, кўплаб турк ширкатлари ҳалиям бу мамлакатда ишлашмоқда.

Улар ўз тижоратларини кенгайтиришга ҳам интилаяптилар.

Аксар тўқимачлик ҳамда озиқ-овқат, мебел ишлаб чиқариш ва қурилиш бўйича кўплаб ўзбек-турк қўшма корхоналари фаолият юритади.

Аммо Туркия Ташқи савдо департаменти ва Ўзбекистон расмийлари бераётган икки ўртадаги садво ҳажмига оид рақамлар бир-биридан фарқ қилади.

Турк тарафига кўра, икки орадаги савдо ҳажми 918 миллион АҚШ долларига етган.

Ўтган 2009 йили Ўзбекистондаги энг катта сармоядор Россия эди.

Кейинги ўринларда эса Туркия ва Жанубий Корея туришади.

Тошкентдаги турк дипломатлари тижорий алоқаларни йўлга қўйиш ва савдо масалаларини ҳал этиш йўлида кўп вақт сарфлашади.

Ўзбек расмийлари бу мамлакатда турк ишбилармонлари юз тутаётган тўсиқларни ҳам яхши билишади.