HRW: 'Оврўпо Иттифоқи қуруқ гапдан нарига ўтмаяпти'

Image caption Ҳюман Райтс Вотч ўз даъвосини урғулаш учун йиллик ҳисоботини Президент Каримов Брюсселга ташриф буюрган куни Белгия пойтахтида тақдим этган.

Хьюман Райтс Вотчга кўра, Оврўпо Иттифоқи репрессив тузумларни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга мажбурлаш йўлида қуруқ гапдан нарига ўтмаяпти.

Ташкилотнинг ишонишича, Бирлашган Миллатлар ва Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистон ва Хитой сингари давлатларда инсон ҳуқуқлари вазиятини ими-жимида ва ҳамкорлик орқали ўнглаш ҳаракатлари иш бермаётир.

Ташкилотнинг ижрочи директори Кеннет Ротнинг айтишича, Бирлашган Миллатлар ва бошқа етакчи халқаро ташкилотлар унсиз дипломатияга урғу бериш билан фундаментал хатога йўл қўйишмоқда.

Унинг сўзларига кўра, бу каби дипломатия кўпинча бошқа манфаатларни яшириш мақсадида ишлатилади.

Ҳюман Райтс Вотч Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистон ва Туркманистон каби Марказий Осиёнинг энергияга бой давлатларига нисбатан сиёсатини қоралаган.

Оврўпо Иттифоқининг юқори мартабали дипломати Кэтрин Эштон савдо ва сиёсий алоқаларда йирик энергия заҳиралари устунлик қилаётган Ўзбекистон ва Туркманистонга нисбатан, Ҳюман Райтс Вотч таъбирича, итоаткорона ёндошув ортига яширинмоқда.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган қисмида 2010 йилда инсон ҳуқуқлари борасида сезиларли ўзгариш кузатилмагани таъкидланади.

Ҳюман Райтс Вотчнинг урғулашича, ўтган йили ҳукумат сўз эркинлигини янада кўпроқ чеклаган ва ҳукумат танқидчиларининг овозини ўчириш учун фуқаролик маҳкама даъволаридан кўпроқ фойдаланган.

Камида 14 нафар инсон ҳуқуқлари фаоллари ва сиёсий айблар билан қамалган Юсуф Жума сингари диссидентлар қамоқда қолаётир.

Ҳисоботда 2010 йилда қаршилик ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси фаолларига қарши ҳужум ва тазйиқлар, шунингдек, сураткаш Умида Аҳмедова ҳамда журналистлар Абдумалик Бобоев ва Владимир Березовскийлар устидан кечган маҳкама жараёнлари тилга олинган.

Ҳюман Райтс Вотчнинг хулоса қилишича, Ўзбекистонда қийноқларни мунтазам қўллаш давом этмоқда.

Ташкилот ўтган йилнинг июлида қамоқда вафот этган 37 ёшли Шавкат Алимҳўжаевнинг тақдирини мисол қилиб келтирган.

Ҳюман Райтс Вотчга кўра, Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ мавқейи заифлигича қолмоқда ва ташкилот мамлакатдаги тобора ёмонлашиб бораётган вазият ҳақида очиқ ташвиш изҳор қилмаётир.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳи АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабатларида Пентагон ва Афғонистонга транзит йўли устунлик қилаётганини афсус билан қайд этган.

Ҳюман Райтс Вотчнинг урғулашича, Қўшма Штатларнинг Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари борасида бир-бирига қарама-қарши муждалар бераётгани хавотирлидир.