НАТО раҳбари Президент Каримов билан учрашувларни оқлашга уринди

Image caption НАТО раҳбари Афғонистондаги амалиётлар унга ўзбек инсон ҳуқуқларидан муҳимроқ эканига ишора қилди

Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни қабул қилаётгани учун халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан қаттиқ танқид остида қолар экан, оврўполик расмийлар мазкур учрашувни асослашган уринишмоқда.

Жаноб Каримов Брюсселда Оврўпо Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Барросо ва НАТО Бош Котиби Андерс Фох Расмуссен билан музокаралар ўтказмоқда.

Президент Каримов маъмуриятини халқаро ва маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар сиёсий маҳбусларни қийноқларга тутиш ва 2005 йил Андижонда юз берган қирғинда юзлаб намойишчиларни ўлдиришда айблайдилар.

Оврўпо Комиссияси воизи инсон ҳуқуқлари масаласи Каримов жаноблари билан бўладиган учрашувлар кун тартибида энг устивор масала бўлишини айтган.

Унинг ортидан НАТО бош котиби жаноб Расмуссен ўзбек президентини таклиф қилиш ташаббусини ҳимоя қилди.

"Биз Ўзбекистон орқали юкларни ташиш жараёнини йўлга қўйганмиз ва бу Афғонистондаги амалиётларимиз учун муҳим. Очиқча айтсам, мен Афғонистондаги аскарларимиз манфаатини ўйлаяпман. Биз уларнинг кундалик амалиётлари учун зарур бўлган жиҳозларни етказиб бериш йўлида қўлимиздан келганини қилишимиз керак," - деди НАТО раҳбари.

Аммо, у инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам кўтаришини айтди.

"Мен учун инсон ҳуқуқлари ва демократияни муҳокама қилиш билан бир вақтда юк ташиш тизими ва Афғонистондаги бошқа амалиётларимизга фойда келтирадиган ҳамкорлик ўртасида мувозанат ушлашимнинг имкони бўлади," - деди Андерс Фох Расмуссен.