Ўзбек терма жамоаси мураббийси ишқибозлардан кечирим сўради

Image caption Вадим Абрамов энди учинчи ўринга умид қилмоқда

Футбол бўйича Осиё кубоги ярим финалида 6-0 ҳисоби билан Австралияга ютқазган Ўзбекистон терма жамоаси мураббийси Вадим Абрамов ўз жамоаси ўйини учун кечирим сўраган.

Жаҳон футбол жамоалари рўйхатида 108-ўринда турганига қарамай жаноб Абрамов ўйиндан аввал Австралияни хавотирга солишга уринганди, бироқ бу хавотирлар асоссиз бўлиб чиқди.

Ўзбек ўйинчилари Оврўподаги етакчи жамоаларда тўп сурадиган ўйинчилар билан тўла Австралия жамоасига қарши майдонга тушишдан сал эсанкирагандилар.

Лекин, шунга қарамай, жаноб Абрамовнинг жамоаси ярим финалгача ўзини яхши кўрсатиб, олқишларга сазовор бўлди, бироқ нима учун Австралия билан беллашувда шармандали 6-0га ютқазганларини асослаб бера олмади.

"Мен майдонга келган одамлардан ва Ўзбекистондаги ишқибозларимиздан кечирим сўрайман," - деди мураббий.

"Қандай ўйнаганимизни тасвирлаб ҳам беролмайман. Биз ўйинга тайёр эдик, лекин ёмон ўйнадик. Бу катта муаммо, кўп хатоларга йўл қўйдик."

Кубок давомида Абрамов ўз жамоаси таркибини бир неча бор ўзгартирди, кечаги Австралия ўйини олдидан ҳам тўртта ўйинчини алмаштирди. Бироқ бу ёрдам бермади.

"Ҳозиргача Австралияни енга оламиз ва кубокни қўлга киритамиз деб ўйлагандим. Иккинчи голдан кейин биз ҳужумга ўтишни истадик, лекин дарвозамиз олдида кўп хатоларга йўл қўйдик," - деди у.

Мураббий хатоларда айрим футболчиларни эмас, балки бутун жамоани айблади.

Жаноб Абрамов энди руҳи тушган жамоани учинчи ўрин учун бўлиб ўтадиган Жанубий Корея жамоасига қарши ўйиндан аввал рағбатлантиришдек қийин вазифага юз тутмоқда.