Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати икки аъзоси қўлга олинган

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати янги амири
Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати янги амири Усмон Одил

Афғонистоннинг Таҳор вилояти полицияси раҳбари НАТО қўшинлари билан ўтказилган ҳарбий амалиётда бир тожикистонлик жангари ўлдирилгани ҳамда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг икки ўзбекистонлик аъзоси қўлга олинганини хабар қилган.

Ўзбекистонлик жангарилардан фақат бири Умар ака деб таништирилган. Ҳибсга олинганлар ҳақида ҳозирча бошқа маълумот йўқ.

Таҳор вилояти мамлакат шимоли-шарқида жойлашган бўлиб, кўп ҳудудлари тоғли минтақалардан иборат. Вилоятнинг Хўжағор, Янги Қалъа ва Дарқат каби туманлари Тожикистон билан қўшни. Сўнгги пайтларда худди шу туманларда чет эллик исёнкорларнинг фаоллашгани айтиб келинади.

Хабарларга кўра, мазкур туманларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадор исёнкорлар фаол бўлишган.

Расмийлар ўтмишда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари Тожикистон билан чегарадош ушбу ҳудудлар орқали Тожикистон, Ўзбекистон каби Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига ҳам йўл топиш ниятида бўлганларини айтиб келишган.

Бундан олдин ҳам Афғонистон ҳукумати ушбу минтақадаги жангариларга қарши аввал ҳам ҳарбий амалиётлар олиб борган. Шунингдек, Таҳор вилоятининг айрим туманларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадор бўлган исёнкорларни қўлга олингани ва ҳалок этилгани ҳақида хабар қилинганди.

Маҳаллий аҳоли ҳимояси

Афғонистон шимоли, айниқса, Таҳор вилоятида аксар ўзбеклар истиқомат қилишади. Айни ўзбеклар яшовчи минтақаларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти кучайган.

Афғонистонлик мухбиримиз Фозил Аҳмад Ёлғузга кўра, маҳаллий аҳолининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига муносабати яхши бўлганлиги айтилади.

"Уларга халқ томонидан ҳам ҳимоя бўлса эҳтимол. Агар бирон бир минтақада халқ томонидан ҳимоя бўлмаса, у ерда фаолият олиб бориши мумкин эмас. Бундан олдин Таҳор вилоятидаги маҳаллий қўмондонлардан бири Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг у ерларда анча қудратли бўлганини айтган эди. Таҳорга қўшни Қундуз вилояти ҳокими вилоятнинг Гўртепа минтақасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосий маркази қурилганини айтган эди. У ерда ҳам ўзбеклар ва тожиклар истиқомад қилишади. Ва бу шуни кўрсатадики, у ерда ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзо бўлган кишилар ўзбеклар ҳимоясидан бир маънода баҳрамандлар".

Марказий Осиёнинг энг жангари гуруҳи саналган, Ал Қоида билан яқин алоқада эканлиги ишонилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистон шимолида ҳали Толиблар давридаёқ фаол бўлишган.

Турфа тахминларнинг энг мўътадили бўйича, мингдан ортиқ асосан ўзбекистонлик жангарилардан ташкил топган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2001 йил кузида Америка ва халқаро кучларнинг ҳужумлари кейин анчайин кучсизланиб қолгани айтилганди.

Халқаро кучлар ҳужумларидан бирида ҳаракатнинг таниқли қўмондони Жума Наманганий ҳалок этилган, юзлаб бошқа жангарилар Афғонистон билан чегарага яқин Покистон минтақаларида яширинганлигига ишонилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг веб-сайти деб кўриладиган интернет саҳифаси ҳаракат амири Тоҳир Йўлдош Покистон шимоли-ғарбида 2009 йил августида ҳалок бўлгани ва ҳаракатга Усмон Одил янги амир этиб тайинлангани ҳақида эълон қилганди.