Ўзбекистонда ўртача маошга қандай кун кечириш мумкин?

Энг бирламчи озиқ-овқат учун (нон, гўшт, гуруч, ёғ, картошка, пиёз, сабзи, олма, сариёғ, сут-қатиқ, шакар) бир ойда 300 минг сўм кетар экан.
Image caption Энг бирламчи озиқ-овқат учун (нон, гўшт, гуруч, ёғ, картошка, пиёз, сабзи, олма, сариёғ, сут-қатиқ, шакар) бир ойда 300 минг сўм кетар экан.

Ассалому алайкум ҳурматли Би Би Си.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда эришилаётган "ютуқларни" тобора кўкларга кўтариш, халқнинг кундан-кунга бойиб бораётганини қайта-қайта эшитавергандан сўнг доно халқимизнинг "ҳолва деган билан оғиз чучимас" деган мақоли мазмунига етгандекман.

Кеча яна ўша "Ахборот"да президентимизнинг узоқни кўзлаган доно сиёсати туфайли ўзбек халқининг бойиб бораётганини кўрсатиш мақсадида бир қанча рақамлар қалаштириб ташланди. Эслаб қололганим, бугунги кунда ҳар юз хонадонга юздан ошиқ телевизор, юзга яқин музлатгич ва яна бир қанча автомобил тўғри келиши бўлди.

Мен "жонбоз мухбирларимиз"нинг бу рақамларига қарши бир нарса демоқчи эмасман. Бироқ бугун дунёнинг аксар қисмида бир хонадонда бир телевизор ва бир музлатгич бўлиши бу ҳали фаровонликдан нишона эмаслиги, ҳамма гап ана ўша музлатгичнинг ичида нима борлигида эканини айтмоқчи эдим. Қолаверса, мухбирлар бу рақамларни оламшумул хабар сифатида тавсия этар экан, буларнинг бари ҳукумат юритаётган иқтисодий сиёсат натижаси эканини рўкач қилганидан қаттиқ ранжидим, холос.

Дарҳақиқат аҳоли телевизорлар, музлатгичлар ва автомобиллар сотиб олмоқда. Бироқ мен аминманки, аксарият кишилар бу нарсаларга қуруқ маоши билан эришаётгани йўқ. Қолаверса, телевизордаги таҳлилчиларимиз Ўзбекистонга четдан меҳнат муҳожирлари жўнатаётган миллиардлаб доллар ҳақида лом-мим демай, мамлакат иқтисодига жиддий ёрдам бераётган гастербайтерларнинг таҳликали шароитдаги меҳнати маҳсулини "юртбошининг доно сиёсати" билан адаштириб юбормадимикин!?

Келинг, сўзларим қуруқ бўлмаслиги учун баъзи ҳисоб-китобларга муроажаат қилсак:

Бугун Ўзбекистонда ўртача маош расман 480-500 минг сўм атрофида. Албатта, президент ўтган олти ой ичида ўртача маош 500 АҚШ долларига, яъни 800 минг сўмга етиб қолиши ҳақида бир неча марта такрорлади. Лекин амалда буни ҳали одамлар кўргани йўқ. Шу сабаб ўртача маош кўпи билан 500 минг сўм атрофида.

Мен ўзимдан, қўшниларим ва дўстларим турмушидан келиб чиқиб, ўртамиёна оила маоши ва харажати ҳақида гапирмоқчиман. Ўртача оилада отанинг маоши 600 минг, мактабда муаллимлик қиладиган онанинг маоши 300 минг сўм, жами 900 минг. Оилада уч фарзанд, бири коллежда ўқиса, иккиси мактабга боради.

Уларнинг бир ойлик транспорт харажати 150 минг сўм, электр, газ, сув ва бошқа коммунал хизматлар учун тўлов 120 минг сўм. Энг бирламчи озиқ-овқат учун (нон, гўшт, гуруч, ёғ, картошка, пиёз, сабзи, олма, сариёғ, сут-қатиқ, шакар) бир ойда 300 минг сўм кетар экан. Кир ювиш воситалари ва шахсий гигиена маҳсулотлари учун 40 минг сўм.

Оила аъзолари навбат билан бир ойда бир кишини ўртамиёна кийинтиришга камида 250 минг сўм сарфлайди. Болалар тез ўсиши ва фасллар алмашиб тургани учун кийинишга аслида кўпроқ сарфлашга тўғри келса ҳам энг камини оламиз.

Шу тариқа бу оила роса камхаржликка тиришса 840 минг сўм сарфлаши ва атиги 60 минг сўм тежаб қолиши мумкин экан. Бироқ биз ҳали коллеж ва мактаблардаги кўнгилли-мажбурий йиғимлар, ишхонадаги кутилмаган харажатлар, туғилган кунлар ва кўчада овқатланиш ҳолларини назарда тутмадик.

Шу тариқа бу ўртамиёна оила докторга бормай, дам олмай тер тўкиб ишлаб пул тежаса 15 ойдан кейин бир музлатгич сотиб олиши мумкин экан. Лекин бунинг иложи йўқ, болаларни янги ўқув йилига тайёрлаш учун ўтган куз улар 400 минг сўм сарфлаб қўйишган. Докторга, ҳеч қурса ўз билганича даволаниш учун дорихонага кирмасликнинг иложи йўқ.

Лекин ўзбеклар меҳнаткаш халқ. Ота ишдан кейин хусусий буюртмалар олиб қўшимча пул топади, кези келганда ўзи ишлайдиган ташкилотдан бирор нарса ўмариб чиқади ва ойига 300-400 минг сўм топади. Она эса қийин бўлса-да, мактабда аълочиликка даъвогар ўқувчиларнинг баҳосини сунъий пасайтиради ва дарсдан кейин уларга соатига уч минг сўмдан репетиторлик қилади. Танаффусларда, гапга ва қариндош-уруғникига борганда Орифлейм косметик маҳсулотларини сотади.

Дала ҳовлиси борлар ёки қишлоқ аҳолиси учун эса томорқа бор. Мева ва сабзавот етиштириш маошнинг ўрнини босади. Шаҳарларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги кишиларнинг даромади анча катта. Бироқ ўртача маош ҳақида гап кетганда бугун Ўзбекистонда ҳеч ким маош билан яшаши, фарзандларини катта қилиб, ўқитиб, уйлашни тасавурига сиғдира олмайди. Ҳамма яширин ва норасмий даромад манбаларини қидиради ва бу табиий кўрилади.

Image caption Кимдир кун ўтказиш учун тиланчилик қилади

Демоқчи бўлганим, аксар кишиларнинг моддий ҳаётида ўзгаришлар юз бераётган бўлса, бу ҳукумат ғамхўрлигидан эмас, аксинча, қимирлаган одамдан пул ундирмоқчи бўлган давлат назоратчиларидан яширинча топилаётган даромад туфайли одамлар моддий шароитини яхшилашга уринмоқда. Мамлакат қишлоқларида кучга тўлган йигит борки ўзга юртларга иш қидириб кетган, қолгани фақат кўча санғийди. Шўро даврида ҳарбийга борган йигитларга қиз топилиши осон бўлган эса, ҳозир Россияда ишлаб келган ёки ишлаётган йигитлар жўнатган совчи қуруқ қайтмайди. Бўлғуси қуда томонга "оиласидан кимдир Россияда ишлар экан" дейишнинг ўзи кифоя. Чунки бугун қишлоқда чиройли уй қурган ҳам, автомобил сотиб олган ҳам ўшалар.

Ўртача маош билан эса қўлни киссадан чиқармаслик керак, чиқарганлар эса чўнтак қурғур тешилиб қолмадими деган хавотирда бўлади, холос.

Ҳурмат ила ўзбекистонлик мухлис.