Тошкент шаҳри ва вилоятида фуқароларни вақтинчалик рўйхатга қўйиш чекланган

Бошқа вилоятдан келиб ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари бир неча ойдан бери ички ишлар бўлинмаларига бориб-келиб овора бўлишмоқда. Мутасаддилар бу борада янги тартиб-қоидалар жорий қилинаётганини айтишмоқда. Уларга кўра, энди рўйхатга олиш жараёни анча енгиллашиши мумкин. Инсон ҳақлари ҳимоячилари эса фуқароларнинг эркин ҳаракатланишини чекловчи ҳар қандай тартиб-қоида инсон ҳуқуқларини бузиш демоқда.

Бир неча ойдан бери бошқа вилоятдан келган ўзбекистонликлар Тошкент шаҳри ва вилоятига вақтинчалик рўйхатдан ўта олмаяпти. Суҳбатдошимиз Тошкент вилоят Қибрай тумани паспорт столига бир неча бор қатнаганини айтади.

"Қачондан бери неча марта бордим. Борасиз, "йўқ", дейди. Борасиз, "йўқ", дейди. Бекорчимассиз-ку, тўғрими. Одам ишлайди, ўзига яраша иши бор, ташвиши бор. Сабаб кўрсатишмайди. Сўрасангиз айтмайди. Тушунтириб беришмайди ёки қачон очилишини ҳам айтишмайди. Мисол учун, менинг ҳамма ҳужжатларим тайёр", - дейди исми ўзгартирилган Санжар.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш хизматидан навбатчининг Би-би-сига айтишича, айни дамда фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятига вақтинчалик ва доимий рўйхатга қўйиш тўхтатилган.

"Вақтинчалик ва доимий рўйхатга қўйишлар президент апаратидан ҳал бўлади, 20-февраллардан кейин маълум бўлади. Бундан буён бизнинг ишхона кўриб чиқади. Айрим енгилликлар бўлиши керак, аммо қанақлигини билмаймиз. Президент аппарати қанақа қоғоз чиқариб берса, биз шуни амалга оширамиз", - дейди Ички ишлар вазирлиги ходими.

Халқ орасида ОВИР номи билан таниқли Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати кузатувчилар томонидан фуқароларни назорат қилишга қаратилган идора сифатида кўрилади.

Бу вақтгача доимий рўйхатга олиш бўйича қарорни ҳокимият берган бўлса, бундан буён фуқароларни вақтинча рўйхат олиш Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати зиммасига ўтиши мумкин. Кузатувчиларга бундан буён фуқароларни назорат қилиш янада кучайишидан хавотирланмоқда.

"Вилоятдан бир одам келган бўлса, мен уни хавфли деб ўйламайман. Чунки, Ўзбекистон фуқаролари сиёсий фаол эмас. Шунинг учун, бизларнинг одамларнинг нимасини назорат қилади. Қишлоқларда ёки узоқ вилоятларда яшайдиганларнинг нимасини назорат қилиш мумкин. Унинг қўлидан қандай хавф келиши мумкин", - дейди Тошкентдан инсон ҳақлари ҳимоячиси Суръат Икромов.

Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасидан исмини айтишни истамаган масъулнинг айтишича, бундан буён бошқа вилоятлардан келган фуқароларни вақтинча рўйхатга олиш жараёнлари енгиллаштирилади. Ҳозирги мавжуд тартиб - қоидалар инсон ҳуқуқларига мос келмайди ва ўта мураккаб. Давлат божи сезиларли даражада кўтарилиб, талаб қилинадиган ҳужжатлар сони камайтирилиши мумкин.

Мавжуд тартиблар бўйича, вақтинчалик рўйхатга турмоқчи бўлган шахс, доимий турар жойидаги милиция нозиридан ноқонуний ишлар билан шуғулланмаётгани тўғрисида маълумотнома, рўйхатга турмоқчи бўлган жойдаги маҳалладан маълумотнома, уй эгасининг розилиги ёзилган ариза ва давлат божи тўлаганлиги ҳақида маълумотнома олиб келиши керак. Агар вақтинчалик рўйхатга турувчи ишхонасидан ҳам маълумотнома олиб келса, бу жараён анча осонроқ кечииши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов Ўзбекистон фуқароларининг мамлакат ичида эркин ҳаракатланиши уларнинг конституцион ҳуқуқи эканлигини айтади. Аммо, Тошкент шаҳри ва вилояти билан бошқа вилоятларнинг ўртасида иқтисодий тафовут катта бўлганлиги боис, ҳамма Тошкентга интилади.

- Бу масала бўйича ҳам ислоҳат бўлиши керак. Тақиқлаш тизимидан воз кечиш лозим. Одамларнинг ҳаракатланиш ҳуқуқини ислоҳ қилиш зарур. Ким қайси жойга хоҳласа ўша ерга кўчиши ва қаерда истаса ўша ерда ишлаш ҳуқуқи бўлиши керак, - дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромовнинг илова қилишича, шу билан бирга бошқа вилоятларда ҳам Тошкентдаги каби иш ўринлари яратилиши, олийгоҳлар бўлиши керак. Барча ҳудудлар пойтахт билан тенг ривожланиши лозим.