Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Қийноқлар ҳибсдаги Ғайбулло Жалиловни суиқасдга мажбур қилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Яқинларига Ғайбулло Жалилов билан 17 ойдан кейин илк бор учрашишга изн берилган

2009 йил сентябрида ҳибсга олинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ғайбулло Жалилов билан илк бор учрашишга изн берилган рафиқаси Муқаддас Темированинг айтишича, эри улар билан видолашган.

Норасмий Ўзбекистон Инсон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят фаоли Ғайбулло Жалилов билан рафиқаси Муқаддас Темирова ҳамда фарзандлари 24-25 январ кунлари Тошкентга яқин Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида кўришишга муваффақ бўлганлар.

Муқаддас Темирова турмуш ўртоғи билан у Қарши шаҳрида ҳибсга олинганидан 17 ой ўтиб биринчи марта учрашишга рухсат беришганини айтади.

46 ёшли Ғайбулло Жалилов эркин нафас ололмаётганидан, эшитиш қобилиятини йўқотганидан шикоят қилган, ўзининг соғлигини йўқотаётгани яқинлари билан яна юзма-юз кўришишга имкон бермаслиги мумкинлигини айтган.

"Балки бу мени охирги кўришларингдир. Болаларим мендан рози бўлинглар! Мен ҳеч қачон ҳеч кимга ёмонлик қилмаганман. Эрта мендан бир кун давр ўтса, "дадам шундай ёмон бўлган" деб хафа бўлманглар! Мен сизларга ҳам, фарзандларимга, оиламга ҳам, юртимга ҳам хиёнат қилмаганман, деди", дейди Ғайбулло Жалиловнинг рафиқаси.

Ўзининг яқинлари билан биринчи кўришишида Ғайбулло Жалилов тутқунликда ўзига кўрсатилган шафқатсиз муносабатлар ҳақида гапириб берган.

Ғайбулло Жалилов айтишича, 2009 йил сентябрида уни Қарши шаҳрига яқин Бешкентдаги муваққат ҳисбхонада сақлаганлар, милиция ходимлари қўйилаётган айбларга иқрор бўлишни талаб қилганлар.

Террорчиликка алоқадорлиги ҳақидаги айбларни тан олмаган Ғайбулло Жалиловни қийноқларга солишган, бу қийноқларга чидай олмаган инсон ҳақлари фаоли ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган.

Аёлининг айтишича, Ғайбулло Жалиловнинг қўлида қон томирлари кесилгани ва тикилгани жойлари билиниб туради.

Маҳкама қарори чиқарилганидан кейин Ғайбулло Жалилов Қарши шаҳри яқинидаги "Шайхали" номи билан ҳамда маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатлар туфайли танилган қамоқхонада сақланган.

"Шайхали"да Ғайбулло Жалилов қулоғига резина тўқмоқ билан уришган, оқибатда бугунга келиб у эшитиш қобилиятини йўқотган.

Ғайбулло Жалилов рафиқасига ўзини совуқ кунда ҳайвонлар сақлайдиган қафасда сақлашганини айтган.

Инсон ҳуқуқлари фаолини Қарши шаҳри аэропорти ва "Хонобод" ҳарбий базасини портлатишга тил бириктириш сингари айбловлар билан 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этишган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти Ғайбулло Жалилов ҳукмини қоралаган, "сохта айбловлар билан маҳкамага тортилган Ғайбулло Жалиловнинг айби исботланмагани учун у зудлик билан озод этилиши керак"лигини айтган.

Шўролар армиясида хизмат қилган пайтида Ғайбулло Жалиловнинг бир ўпкаси жарроҳлик йўли билан олиб ташланган.