Wikileaks Ўзбекистоннинг АҚШ ва Россия билан алоқалари ҳақида...

wikileaks

Wikileaks эълон қилган махфий дипломатик ёзишмаларнинг навбатдагисида Ўзбекистоннинг Қўшма Штатларга яқинлашиш ва Россиядан узоқлашишга интилишлари ҳақида сўз боради.

Веб саҳифа ошкор қилган дипломатик ёзишмаларнинг биринчиси 2000-йил, иккинчиси эса 2010-йилга таалуқли.

Дастлабки махфий ҳужжат 2000-йилда АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Ҳербст, иккинчиси эса 2010-йилда АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Жон Байерли томонидан йўлланган.

Хуфия дипломатик мактублар Ўзбекистоннинг Россия ва Қўшма Штатлар билан бўлган муносабатлари ўн йил давомида қай тарзда ривожланганини кўрсатади.

Wikileaks нашр этган дипломатик ёзишмаларга эътибор қаратилса, 2000-йилда Ўзбекистоннинг Америка билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ва Россияга бўлган қарамликдан чиқиб кетишга интилгани ойдинлашади.

2005-йил майида Андижонда юз берган ҳодисалари ортидан Қўшма Штатлар билан алоқалари совуқлашган Ўзбекистон Россия билан "стратегик шериклик" битимини тузди.

Аммо 2010-чи йилги дипломатик мактубдан Президент Каримовнинг яна Қўшма Штатлар дастагидан умидвор бўлаётгани англашилади.

"Ўзбекистон - Ислом дунёсининг қоқ маркази"

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Ҳербст йўллаган махфий мактубда, унинг 2000-йил ноябрида Президент Каримов билан бўлган илк учрашуви ҳақида сўз боради.

Бир соат давом этган мулоқот чоғида Ўзбекистон президенти мамлакатининг АҚШ билан ҳамкорликларни мустаҳкамлаш истагида эканини айтган.

Президент Каримов "Россияни Марказий Осиёда ўз гегемониясини қайта ўрнатиш мақсадида менёвр қилишда айблади", деб ёзади америкалик дипломат.

Элчи Жон Ҳербстнинг ёзишича, Президент Каримов унга Ўзбекистон стратегияси "руслар режаларининг амалий бўлишига йўл қўймаслик" эканини айтган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон президенти мамлакатининг "Ислом дунёсининг қоқ марказида" жойлашгани ҳақидаги ўзининг "синалган важ"ини ишга солган

Президент Қўшма Штатларга шерик сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаган.

"Суҳбат сўнгида у Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари вазияти ва бошқа масалалар юзасидан бизнинг танқидларимизга қулоқ тутишга тайёр эканини айтди," деб ёзади АҚШнинг собиқ элчиси Жон Ҳербст.

Айни дамда АҚШ элчиси Президент Каримовнинг энг мураккаб ва ҳассос саволларга жавоб беришни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ҳавола этгани ва шу тарзда ушбу саволларни четлаб ўтишга уринганини таъкидлайди.

"Ўзбекистон ўз йўналишини ўзгартирмайди"

Жон Ҳербст мактубида, шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳақида Президент Каримов фикрлари акс эттирилган.

Ислом Каримовга кўра, халқаро масалаларнинг аксарида Ўзбекистон мавқеъи Қўшма Штатларникига мос тушади.

"Ўзбекистон, баъзилардан фарқли, ўз йўналишини ўзгартирмайди," деб айтган Ислом Каримов АҚШ элчиси билан мулоқоти чоғида.

Ўзбекистон президенти қўшни Қозоғистон ташқи сиёсатининг давомли ўзгариб туришини танқид қилган.

Ислом Каримов расмий Тошкентнинг Яқин Шарқ ва Афғонистон масалаларида Қўшма Штатлар билан яқин ҳамкорлик қилаётганини ҳам урғулаган.

У шунингдек Ўзбекистонда собиқ Совет республикалари орасида биринчи бўлиб мудофаа вазири лавозимига ҳарбий бўлмаган шахс - академик Қодир Ғуломовнинг тайинлаганини маълум қилган.

Жон Ҳербстнинг махфий мактубига кўра, Ислом Каримов янги мудофаа вазирини эскидан таниши ва унга олим сифатида ҳурмат билан қарашини айтган.

"Каримов ҳарбийларнинг сиёсатга аралашишини ёки, Россияда бўлгани сингани, сиёсий мавзуларда омма ўнгида фикр билдиришларини истамайди," деб ёзади Жон Ҳербст.

Қодир Ғуломов 2006 йилда 20 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Собиқ Совет республикалари ўртасидаги зиддиятлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жон Ҳербстнинг ёзишича, Ислом Каримов собиқ Совет республикалари ораларидаги муносабат ва келишмовчиликларга алоҳида тўхталган.

Ислом Каримовнинг айтишича, МДҲ ичида Ўзбекистон, Гуржистон, Украина ва қисман Озарбайжон ўхшаш мавқеъларни эгаллашган.

"Ўзбекистон ва унинг дўстлари... Россиянинг бошқалар устидан ҳокимлик қилиш уринишларига қарши туришади," дея Президент Каримовдан иқтибос келтиради америкалик дипломат.

Оврўосиё истиқодий ҳамжамияти, Каримовнинг айтишича, "Россиянинг МДҲдан кўнгли қолганини кўрсатган".

Ўзбекистон президентининг ишонишича, Россия МДҲдаги барча аъзоларга ўз хоҳиш-иродасини ўтказишни истайди.

У Россиянинг табиий газ йўлларидан Туркманистон ва Украинага босим ўтказиш воситаси фойдаланишини бунга мисол тариқасида келтиради.

Шериклар, аммо...

Wikileaks эълон қилган навдатдаги махфий дипломатик ёзишмаларнинг иккинчиси қисмида 2010 йилда АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Жон Байерли тайёрлаган ҳисобот ўрин олган.

Жон Байерли хуфия мактуби Россия ва Ўзбекистон дипломатлари билан бўлган суҳбатлар асосига қурилган.

Америкалик дипломатнинг ёзишича, рус расмийлари АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликлар унчалик қизиқтирмайди, бироқ улар икки давлат ҳарбий ҳамкорликларининг қайтадан куч олиши эҳтимолидан хавотирдалар.

Москвадаги Ўзбекистон элчисининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Россия ва Ўзбекистон муносабатларини "барқарор ва ижобий", дея баҳолаган, бироқ икки томонлама муносабатларда Россия ҳалиям "ҳоким томон" экани ҳақидаги фаразларни инкор этган.

Ўзбекистонлик дипломатга кўра, мамлакати "ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда" амал қилади.

Жон Бейерлининг ёзишича, Россияда борган сари Ўзбекистонга ўтказиши мумкин бўлган босим воситалари камаймоқда.

"Ўзбекистоннинг ўзига ишончи афтидан тобора ортиб борадиганга ўхшайди," деб хулоса қилади америкалик дипломат.