Россияда яшаган 4 ўзбекистонлик ёнғин оқибатида ҳаётдан кўз юмди

Россиядаги меҳнат муҳожирлари
Image caption Ёнғиндан жабр кўрган оиланинг Россияга нима учун боргани маълум эмас, аммо кўплаб оилалар у ерга иш излаб кетишган

Ростов вилоятининг Батайск шаҳридаги дала ҳовлилардан бирида юз берган ёнғин оқибатида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлган.

Расмийларга кўра, ҳаётдан кўз юмганларнинг 2 нафари балоғат ёшига етмаган болалар бўлишган.

Дастлабки маълумотлар бўйича, ёнғин хафсизлик чораларига риоя қилмаслик натижасида юз берган. Ростов вилояти расмийларига кўра, ёнғин кеч тунда Батайск шаҳри чеккасидаги рўй берган.

Ростов вилояти прокуратураси вояга етмаганларнинг ёши 15 ва 3 яшар эканини маълум қилган.

Ёнғиндан оғир жароҳатланган яна икки бола шаҳар шифохонасига ётқизилган.

Ростов вилояти терогов қўмитаси расмий вакиласи Галина Гагалаеванинг Би-Би-Си-га айтишича, оламдан ўтганлар ва ярадор бўлганлар бир оила аъзолари бўлишган:

"Биздаги дастлабки маълумотларга кўра, нобуд бўлганлар бир оила бўлишган. Лекин, ҳалок ва ярадор бўлган болалар уларнинг фарзандлари эканлиги ҳозирча аниқ эмас. Ўзбекистонлик оила Батайск шаҳри чекасидаги дала ҳовлида яшаган. Ҳодиса бўйича жиноий иш очилган. Ҳозирда текширув ишлари кетмоқда. Дастлабки маълумотлар бўйича, ёнғин қўлбола иситиш ускунасидан нотўғри фойдаланиш оқибатида юз берган бўлиши мумкин", - деб айтди Галина Гагалаева.

Фавқулодда вазият вазирлигини Ростов вилояти бўлими расмийларининг айтишларича, шифохонага ётқизилган болаларнинг аҳволи оғир, ёнғин таналарининг ярмидан кўпига зиён етказган.

Прокуратура расмийси ҳалок бўлган оиланинг Батайск шаҳрида қандай иш билан шуғуллангани борасида ҳозирча маълумот берилмаслигини билдирди.

Айни вақтда, қашшоқликдан Россияга иш излаб келаётган Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларининг бахтсиз ҳодисаларга йўлиқиш ҳоллари жуда кўп учраши айтилади.

Кузатувчилар сўнги йилларда муҳожирларнинг бахтсиз ҳодисалардан ўлиш ҳоллари ортиб бораётганига ишора этишади.

Яқинда Тожикистон Меҳнат вазирлиги келтирган рақамлар бўйича ўтган йилнинг сўнгги 10 ойида Россияда 800га яқин тожикистонлик ҳалок бўлган. Ушбу кўрсаткич олдинги йилларга қараганда анча юқори эканлиги айтилади.