Интернетдаги Арбуз форуми ёпилди

Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган arbuz.com форумининг нима сабабдан ёпилгани номаълум, бироқ унинг Ўзбекистондаги иштирокчиларига зарар етаётгани учун ҳам ёпилган бўлиш эҳтимоли бор.

Аввалроқ ушбу форум иштирокчиларидан олти нафарининг ҳибсга олингани хабар қилинган эди. Қўлга олинганларнинг беш нафари 18 кунлик қамоқдан сўнг озодликка чиққан ва форумда мавзу очиб уни тарк этаётганларини билдирганлар.

Ўзбекистонда интернет форум фаолларига босим кучайди

3 февраль тунда kitayoza ники остидаги форум иштирокчиси хайрлашув мавзусини очди. kitayoza форум орқали келган баъзи бир синовлар ортидан ўзи билан бирга яна тўрт кишининг форумни тарк этаётганини билдирди.

Кетишга сабаб қилиб ушбу беш кишининг Mr.Abdulloh ники остидаги юзер билан яқиндан таниш эканлигини келтирилган.

"Арбуз" форуми ёпилишидан олдин kitayoza ёзишича, Mr.Abdulloh дастидан беш киши 18 кун ҳибсда ўтирган ва яна бир қанча юзерлар савол-жавобга чақирилган.

Бундан 5 ойча аввал Mr.Abdullohнинг ҳибсга олингани хабар қилинган эди. Форум иштирокчиларига кўра, у экстремистик руҳдаги сайтлардан экстремистик материалларни юклаб олиб бошқаларга юборгани учун ҳибсга олинган.

Kitayoza нинг ёзишича, шу сабабдан Mr.Abdullohнинг ўзига, оиласи, ҳамкасблари ва у билан учрашган форум иштирокчиларига қийинчиликлар келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

18 кун ҳибсда ушланган kitayoza бўлиб ўтган воқеалардан сўнг форум Ўзбекистоннинг Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги назарига тушганини, шунинг учун "ҳар ким қадамни ўйлаб босиши" кераклигини айтган.

"Сиз ва сизнинг оилангиз бошқа Ўзбекистонга қайтиб келмаса ҳам лекин, юртимизда яшаб келаётган яқинларингиз ва сизга алоқаси бор инсонлар учун ҳам маъсул эканлигизни унутманг! Майли уларни унутсангиз ҳам лекин, сизни демократиядан руҳланиб айтган гапларингиздан кейин, сўзларингиздан таъсирланиб қолган Ўзбекистонда яшаб келаётган ёш, беғубор ёшларни ҳам унутманг. Сизларни "ҳақиқат"ларингиз туфайли, бу заволлилар не не кўргуликларни кўриб чиқишлари мумкин", деб ёзган kitayoza.

У яна ҳукуматни танқид қилмоқчи бўлган демократлар ёки Ўзбекистонда тақиқланган салафизм оқимларининг ғояларини етказишдан олдин "емаган сомсага пул тўлаши мумкин" бўлган ёшларни унутмасликни сўрайди.

Шундан кейин kitayoza ўзи билан бирга яна тўрт кишининг форумни тарк этаётганини айтган. Ва бир ҳолатда, форумда ҳукуматга қарши гапларга нисбатан цензура қўйилсагина яна қайта фаолият юритишлари мумкинлигини айтган.

3-4 киши, форумда цензура ўрнатиб бўлмаслигини, агар шундай бўладиган бўлса Ўзбекистондаги "Ахборот", "Давр" теледастурлари ва "Халқ сўзи" рўзномасидан фарқи қолмаслигини айтишган.

Ушбу мавзу очилганидан 12 соатлар ўтиб arbuz.com форумининг ёпилгани ҳақидаги ёзув пайдо бўлди.

Форум 1990 йилларнинг охири ва 2000 йиллар бошида choyhona.uz, forum.uz каби номлар билан фаолият юритарди. Унга Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан очилган "Умид" жамғармаси орқали хорижга ўқишга кетган ёшлар асос солишган.

Кейинчалик бу форумга Ўзбекистонда тақиқ қўйилгач, номи arbuz.com дея ўзгартирилди. Унга Ўзбекистондан ёшлар айланма йўллар орқали кирган бўлса, дунёнинг турли бурчагидаги ёшлар эса тўғридан-тўғри кириб фикрларини эркин билдирарди. Сўнгги вақтларда форумда диний қарашдаги иштирокчиларнинг анча фаоллашгани кузатилаётган эди.