Oxus Gold ширкати Ўзбекистонни тарк этмоқда

Image caption Oxus Gold Ўзбекистондаги олтин ишлаб чиқариш соҳасидаги ягона хорижий ширкат эди

Ўзбекистонда олтин қазиб чиқариш соҳасида 1996 йилдан фаолият юритиб келган Oxus Gold ширкати ўзига тегишли ҳиссаларни Ўзбекистон томонига сотиб, мамлакатдан чиқиб кетиши ҳақида маълум қилган.

Amantaytau Goldfields қўшма корхонаси номи остида иш юритган ширкат сотаётган ҳиссалари қиймати ҳақида ҳали бирон келишувга эришилмаганини билдирмоқда.

Аммо бу қадамга қандай омиллар туртки бергани ҳақида Oxus Gold томонидан чиқарилган баёнотда ҳеч нарса айтилмаган.

Oxus Goldнинг оммавий ахборот воситалари билан алоқалари учун маъсул Тависток Коммуникэйшннинг Би-би-сига маълум қилишича, ширкатнинг ҳайъати яқиндагина Тошкентдан қайтган ва Amantaytau Goldfields қўшма корхонасининг "Оксус Голд"га тегишли бўлган 50 фоизлик ҳиссаларини сотиш ҳақида дастлабки келишувга эришилган.

Тависток Коммуникэйшндан айтишларича, бу 50 фоизлик ҳиссалар нархи борасида келишилмаган.

"Амантайтау Голдфилдс" Ўзбекистондаги олтин ишлаб чиқариш соҳасида хориж сармояси билан фаолият юритаётган ягона ширкат эди.

Британ-Ўзбек қўшма корхонасининг Ўзбекистон тарафдан таъсисчилари - Давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати.

Британиялик сармоядорлар ўзларининг ҳиссаларини ўзбекистонлик шерикларига сотилишини эълон қилганлар.

Oxus Goldнинг номидан эълон қилинган баёнотда "Амантайтау"нинг директорлар кенгаши сафидан Миродил Жалолов ва Джеймс Макбернилар чиқариб юборилиши маълум қилинган.

Amantaytau Goldfieldsнинг низом жамғармаси 11 миллион 600 минг АҚШ доллари бўлгани хабар қилинган.

Тависток Коммуникэйшндан маълум қилишларича, қўшма ширкат ҳиссадорларининг якуний мажлиси 24 февралда бўлади, ўшанда анча масалалар ойдинлашади.

Тависток ширкатидан айтишларича, Британ ширкатининг Ўзбекистонни тарк этаётганига хитойлик сармоядорлар "Амантайтау" учун маблағ ажратишдан воз кечгани сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Маълум бўлишича, асосан Хитой давлати маблағидан иборат бўлган консорциум сармояси бўйича келишув 2010 йил декабригача бўлган, хитойликлар янги йил учун маблағ ажратишдан воз кечганлар.

Олдинроқ Oхus Gold Хитой консорциуми 185 миллион доллар маблағ беришни рад этгани ҳақида эълон қилган.

Британия ширкати Ўзбекистондаги олтин саноатидан чиқиб кетаётганига Ўзбекистон ҳукуматининг олтин ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадидаги дастурлар кам самара бераяпти, деган қарорга келгани ҳам сабаб бўлгани айтилаяпти.

Amantaytau Goldfields 2003 йилда марказий Қизилқумда умумий қиймати 31 миллион долларга баҳоланган олтин ажратиб оладиган корхона ишга туширган.

Хабарларга кўра, ушбу корхонада ишлаб чиқарилган олтин миқдори кўзланганидан кам бўлган.