Тошкентда Собир Раҳимов ҳайкали кўчирилди

Image caption Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда Иккинчи Жаҳон Урушининг аҳамияти пасайтирилмоқда

Тошкентнинг Олмазор туманидан ўтган январ ойи бошида олиб ташланган Генерал Собир Раҳимов ҳайкали энди Чилонзорга ўрнатилган.

Ҳарбий қаҳрамоннинг ҳайкали эндиликда Чилонзордаги Ғафур Ғулом (собиқ Мирзо Улуғбек) истироҳат боғига жойлаштирилган.

Ҳайкалнинг кўчирилишига сабаб деб Собир Раҳимов тумани номининг Олмазор дея ўзгартирилиши айтилади.

Ўттиз йил аввал очилган ёдгорлик ўрнида энди олма дарахтлари ўстирилиши режаланган.

Тарих қайта ёзилмоқдами?

Айни дамда Олмазор туманининг бир қатор яшовчилари туманнинг номи ўзгартирилишидан ва ҳайкалнинг кўчирилишидан норози бўлишган.

Туманда истиқомат қилувчи ҳуқуқшунос Сурат Икромовнинг айтишича, расмийлар томонидан ҳеч кимга ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

"У нафақат маҳаллий, балки миллий қаҳрамон. Мен ўзим у туғилиб ўсган ҳовлига яқин жойлашган уйда катта бўлганман, оиласини танирдим. Ўзбеклар уни жуда ҳурмат қилишади... Нимага туман номини ўзгартиришаяпти, буни ҳеч ким билмайди," - дейди Сурат Икромов.

Жаноб Икромовга кўра, Ўзбекистонда Иккинчи Жаҳон Урушига бўлган муносабат ўзгармоқда.

"Мана ўтган йил Москвада Иккинчи Жаҳон Урушининг 65 йиллиги улкан парад билан нишонланди, унда бутун дунёдан келган давлат раҳбарлари билан бирга собиқ шўро республикалари раҳбарлари ва уруш фаҳрийлари қатнашди. Аммо, фақат Ўзбекистон вакиллари унга бормади. Фаҳрийларимиз жуда ҳафа бўлишди," - дейди у.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, Ўзбекистонда тарихни қайта ёзиш тенденцияси Иккинчи Жаҳон Уруши ва унда иштирок этиб жонини фидо қилган ватандошларимизнинг хотирасини сўндирмоқда.

"Парадни томоша қилиб ўтириб, қозоқ, қирғиз, белорус, украин фаҳрийлар сафида бизнинг уруш фаҳрийларимиз йўқлигини кўриб кўзимга ёш олдим," - дейди Сурат Икромов.

Маъмурий қийинчиликлар

Сурат Икромовнинг айтишича, туман номининг ўзгартирилиши нафақат фуқаролар онгига, балки чўнтагига ҳам таъсир қилмоқда.

"Собир Раҳимов, ҳозирда Олмазор, Тошкентдаги энг катта туманлардан бири. Совет даврида ҳам биз энг аҳолиси зич туманлардан ҳисобланганмиз. Энди шунча одам, юз минглаб кишилар ўз ҳужжатларини ўзгартиришларига тўғри келади, ва бу қатор қийинчиликлар уйғотади. Бюджетга ҳам бу арзонга тушмайди," - дейди у.

Қаҳрамон

Собир Раҳимов 1902 йилда Тошкентда туғилган. У Иккинчи Жаҳон Урушида жанг қилган ва бир неча бор яраланган.

Генерал Раҳимов 1944 йил ноябрида иккинчи Беларусь фронтининг 65-армиясидаги 37-мерганлар дивизияси қўмондони этиб тайинланган.

Ўзбекистонлик қўмондон 1945 йил мартида жанг майдонида ҳалок бўлган ва Тошкентда дафн этилган. Вафотидан 20 йил ўтиб унга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони тақдим этилган.