АҚШ Миср баёнотларидан норозилик изҳор қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Намойишчилар амалдаги режимнинг ислоҳотлар ваъдасига ишонмаяпти

АҚШ маъмурияти Миср ҳукуматидан 30 йиллик фавқулодда ҳолатни бекор қилишни сўраган.

Аввалроқ, Оқ Уй Миср Вице-Президенти Умар Сулаймоннинг ўз мамлакати "демократияга тайёр эмас" деган баёнотини танқид қилган.

Жаноб Сулаймон агар конституцион ислоҳотлар барбод бўлса, давлат тўнтарилиши юз беришидан огоҳлантирган.

Сешанба куни Қоҳирада икки ҳафта аввал бошланган аксил-ҳукумат намойишлар мисли кўрилмаган даражага чиқди.

Ҳукумат қудратни тинч йўлда топшириш режаларини эълон қилишига қарамай, намойишчилар ҳовуридан тушгани йўқ.

Президент Ҳусни Муборак сентябрга мўлжалланган сайловларгача лавозимда қолишини айтган.

АҚШ босими

АҚШ Вице-Президенти Жо Байден маъмуриятнинг ўзгариши "Миср халқининг орзу-умидларини қондира оладиган тез ва ортга қайтмас тараққиёт"га етаклаши кераклигини айтди.

У, шунингдек, Миср ҳукуматини мухбирлар ва фаолларни ҳибсга олиш ва дўппослашларни тўхтатишга чақирган.

Унга кўра, Миср ички ишлар вазирлигига босимларни тўхтатиш борасида зудлик билан кўрсатма берилиши керак.

АҚШ вице-президенти ўзининг мисрлик ҳамкасби билан деярли ҳар куни телефон орқали мулоқот қилиб келаётганди. Вашингтондаги мухбиримизга кўра, унинг охирги қўнғироғи аввалгиларидан қатъийроқ янгради.

Аммо, АҚШ босими энди Президент Муборак эмас, балки "конкрет ислоҳотлар"га кўпроқ диққат қаратмоқда.

Шу давргача Миср маъмурияти АҚШнинг босимларига ҳафачан ваъдалар билан жавоб берди, аммо амалий чораларга қўл урмади.

Намойишларнинг учинчи ҳафтаси бошланар экан, юз минглаб мисрликлар Қоҳиранинг Таҳрир майдонига йиғилди.

Армиянинг намойишга қўшилаётган одамларнинг ҳужжатларини текшириш чораси намойишчилар сонини ўта йириклиги туфайли бекор қилинди.

Мисрдаги ғалаённи Facebook ижтимой мулоқот сайтидаги саҳифаси билан бошлагани ишонилган Google ходими Войил Ғоним Таҳрир майдонига кирганида оломон уни олқишлар билан кутиб олди.

Кўп ҳолларда кўзи боғланган тарзда 12 кун ҳибсда сақланган Ғоним мирсликлар учун қаҳрамонга айланган.

"Биз талабларимиздан воз кечмаймиз. Бу режимнинг кетишини талаб қиламиз," - деди Войил Ғоним.

Искандария, ҳамда Мисрнинг бошқа йирик шаҳар ва туманларида кўп сонли одамлар намойишлар ўтказишган.