'Тожикистон шимолида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари 20 % кўпайган'

Шифокор ва Бемор

Расмий маълумотларга қараганда Шимолий Тожикистонда кейинги бир йил орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари 20 фоизга яқин кўпайган.

Гарчи эркаклар орасида суиқасд кўпаяётгани энг ташвишли ҳол бўлса-да, лекин балоғатга етмаганлар ва аёллар орасидаги ўз-ўзини ўлдиришга уринишлар жамиятдаги хавотирликнинг кучайишига сабаб бўлган.

Айни бир пайтда ҳуқуқ-тартибот мулозимлари суиқасд ҳолатлари сабаблари таҳлил этилаётганини, лекин барибир анчагина ҳолат сабаби аниқланмасдан қолаёт-ганини айтишган.

Суғд вилояти ички ишлар бошқармасидан билдиришларича ҳар учта ўз-ўзини ўлдириш ёки суиқасд қилишга уриниш ҳолатидан биттасининг сабаби аниқланган эмас.

"Икки қўлини бурнига тиқиб қайтгандан сўнг"

Қирқ ёшни қоралаб қолган бу кишини шифокорлар иккинчи марта ўлимдан қутқариб олишди.

Ҳар икки гал ҳам, у ҳаётдан воз кечиб, катта миқдорда дори ичган.

Лекин яқинлари хабардор бўлиб қолиб ҳушсиз ётган кишини беморхонага олиб боришган.

У киши ўзини кимлигини айтмаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан нега ширин жонига қасд қилганлигини айтди.

У ўз жонига қасд қилишидан икки ҳафта илгари Россиядан қайтиб келган.

Бегона юртда бир даврага тушиб қолиб ичкиликка берилган ва жигари оғриб қолган.

Уйига ўзи айтмоқчи "икки қўлини бурнига тиқиб қайтгандан сўнг" оилада жанжал бошланган.

Россияда тиббий хизмат қимматлиги боис ўз юртида даволаниш учун келган кишининг ҳаётдан буткул кўнгли совийди-да, бир неча қути дори ичади.

Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси таҳлилларига кўра, ўтган йилги ўз-ўзини ўлдириш ва суиқасд қилишга уриниш ҳолларида осиш йўлларини танлаганлар кўп бўлган.

207 киши шу йўл билан ҳаётдан кетмоқчи бўлган. 55 киши заҳар ичиш, 12 киши ўзини ғарқ этиш, 6 инсон эса ўзини ёқиб юборишга уринган.

Конибодомлик Гулчеҳранинг айтишича, ота-она ва фарзанд орасидаги тушунмовчилик натижасида эндигина мустақил ҳаёт остонасида турган қизгина жон берган.

"Бу фожиа Кўчкак қишлоғида юз берди. Ота-онаси бўйига етган қизни у ёқтирган йигитган турмушга беришни истамасликлари туфайли қизгини ширин жонига қасд қилди," дейди Гулчеҳра.

Синфдошлар масхара қилганда

Расмий маълумотларга кўра, Шимолий Тожикистонда 121 нафар аёл ўз жонига қасд қилган ёда қасд қилишга уринган.

Балоғатга етмаганлар орасида ҳам ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпайган.

Суғд вилояти маориф бошқармаси ўтган йили мактаб ёшидаги 41 нафар боланинг ўз жонига қасд қилганидан ташвиш билдирган.

Аслида Панжакент туманидан бўлган Худоёр Оллоёровнинг фикрича, кўп нарса оилавий тарбияга боғлиқ.

"Кўпинча оилада бола ҳаддан ташқари эркалатиб юборилади. Кейинчалик бир оғиз аччиқ , лекин тўғри сўз айтилса, тантиқ болалар дарров ўзларини ўлдиришга тушадилар,"дейди Худоёр Оллоёров.

Унинг айтишича, ҳаётга муҳаббат билан қарашгина болани нотўғи йўлдан қайтаради.

"Мен ҳам вақтида оғир ҳолатларга тушиб қолганман, лекин ҳар гал мен яшашим ва курашишим керак, деган ўйда ўзимни тўхтатиб қолганман," дейди Худоёр.

Конибодомлик Гулчеҳранинг кузатишларига кўра, фақат қизлар эмас, ҳатто айрим иродаси суст ўғил болалар ҳам, ўзига тўқ синфдошларининг масхара қилишларига чидай олмай ўзларини нобуд этишмоқда.

Калака қилишларига бу синфдошларнинг яхши кийинмасликлари, айрим ҳолларда ўқитувчи ёки мактаб учун йиғиладиган пулларни олиб келиб бермасликлари сабаб бўлаётир," дейди Гулчеҳра.

Суғд вилоятида қайд этилган 309 ўз-ўзини ўлдириш ва жонига қасд қилиш ҳолатининг 147 таси эркаклар томонидан содир этилган..

"Мен ўқитувчи сифатида болалар, аёл сифатида аёлларнинг ўз жонига қасд қилганларини эшитганимда юрагим оғрийди, лекин барибир кейинги йилларда оила устуни бўлиши зарур эркаклар орасида қўлига арқон, пичоқ олаётган, заҳар ичаётганлар кўпаймоқда", дейди Гулчеҳра.

"Менимча, бунинг сабаби кўпроқ иқтисодий жиҳатдан бўлса керак. Чунки турмуш машаққатлари, биринчи навбатда, оила бошлиғи бўлган эркак зиммасига келиб тушади. Ҳозирда айрим аёллар мен пул топиб келяпман, дея оилада ўзини баланд тутишга интилишади. Бу эрнинг ғурурига тегади ва эркак орияти ўз жонига қасд қилишдек фожиага бошлайди," дейди Гулчеҳра.

Самарасиз тадбирлар

Суғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Шариф Назаровнинг айтишича, суиқасдлар олдини олиш учун кўп тадбирлар ўтказилмоқда.

"Инсонлар арзимас сабаблар, оилавий можаролар, иқтисодий қийинчиликлар, тирикчиликнинг ўтиб кетадиган муаммоларига чидаёлмасдан бу ёмон ишга қўл уришади. Бу номатлуб ҳодисалар олдини олиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси ташаббуси ва маҳаллий давлат ижроия ҳокимияти билан келишилган тарзда шаҳар ва туманларда минтақа милиция нозирлари, маҳаллалар фаоллари, жамоатлар вакиллари, маориф, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот бўлимлари, руҳонийлар иштирокида мунтазам амал қиладиган ишчи гуруҳлари ташкил этилди," дейди Шариф Назаров.

Унга кўра, қариялар, ёлғиз яшайдиган кишилар, руҳий хасталикка чалинганлар, ўз жонига қасд қилиш майли бўлган одамлар, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан паст даражада яшаётган оилалар рўйхати тузилиб, суиқасд олдини олиш учун давлат маҳаллий ижроия ҳокимиятлари мақомотларига етказилган.

"Афсуски, бу чоралар амалга оширилишига қарамасдан, ўтган йили ўз-ўзини ўлдириш ва суиқасд ҳоллари 2009 йилга нисбатан 49 тага кўпайди," дейди генерал Шариф Назаров.

Суғд вилояти Ички ишлар бошқармаси таҳлилларига мувофиқ, 58 нафар киши руҳий хасталиклар боис, 57 нафар инсон оилавий можаролар, 26 киши камбағаллик, 98 киши бошқа сабаблар билан ўз жонига қасд этган. 70 нафар кишининг ўзини ўлдириш сабаблари аниқланмаган.

Одамларни ўз жонига қасд қилиш ҳолатига етказгани учун 21 кишига нисбатан жиноий иш очилиб, маҳкамага юборилган.

Маҳаллий кузатувчи Мунаввар Ойматованинг фикрича, барча суиқасд ҳолатлари ўрганилиб, суиқасдга етаклаган сабаблар аниқланиши шарт.

Бошқа кузатувчилар фикрича эса, Тожикистонда ўз-ўзини ўлдириш ҳоллари бартараф этилмаётганига иқтисодий, ижтимоий, оилавий можаролар каби сабаблар билан бир қаторда психолог хизматининг деярли йўқлиги ҳам боис бўлаётир.