Одил Аҳмедов шунча номдор клублар қолиб, нега 'Анжи'га ижарага ўтди?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сара ўйинчиси ва "Пахтакор" клуби сардори Одил Аҳмедов Россия Олий лигасининг "Анжи"(Махачқалъа) клубига ижарага ўтди.

Ўзбекистонлик футбол масъуллари 23 ёшли футболчининг "Анжи"га ўтишини тасдиқлашган эса-да, трансфер миқдорини расман очиқламай, "катта миқдордаги маблағ," дейиш билан кифояланишган.

Одил Аҳмедов куни-кеча Қатарда якун топган Осиё Кубоги ўйинлари чоғида ўзининг Оврўпо майдонларида тўп суриш нияти борлигини ошкора баён қилганди.

У Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубогидаги учрашувларида яхшигина ўзини кўрсатиб, мезбон Қатар ва Хитой билан ҳал қилувчи ўйинда муҳим тўпларнинг муаллифига айланганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Одил Аҳмедов ҳам салмоқли улуш қўшган ютуқлари ортидан илк бор мамлакат футболи тарихида ўйинларнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Бунинг ортидан Одил Аҳмедовга "Монако", "Малага", "Болтон", "Рубин" (Қозон), "Динамо"(Киев), "Бешиктош" ва Саудия Арабистонининг манаман деган клубларида таклифлар тушгани хабар берилганди.

Ўзбекистонлик футболчилардан деярли ҳеч қайсиси сўнгги Осиё Кубоги ўйинлари ортидан узоқ, яқин хорижий клублар томонидан бунчалик катта қизиқишга сабаб бўлмаганди.

'Пахтакор' сардори ўз вақтида дунё футболи юлдузи Ривалдони ортда қолдириб, Ўзбекистонда йилнинг 'Энг зўр футболчиси,' деб ҳам топилганди.

"Анжи" Россия Олий лигасига 1999 йилда чиқишга муваффақ бўлган. Аммо орада беқарор ўйин кўрсатиб, биринчи лигага қулаган ва 2009 йилдагина яна Олий лигага қайтган. Ўтган мавсумни 11-ўрин билан якунлаган.

Россия Олий лигасида эришган энг олий ютуғи - тўртинчи ўрин бўлган. Россия Кубоги финалисти ва бир бор УЕФА ўйинлари иштирокчиси.

Аммо шу йилнинг январ ойида "Анжи"ни асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов сотиб олган.

Айрим хабарларга кўра, жаноб Керимов мураббийлар, футболчиларнинг маошлари ва янги ўйинчиларни харид қилиш учун йилига 30-50 миллион доллар маблағ сарфлаш ниятидадир.

Биз ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев билан боғланиб, шунча номдор клублар турганда, Одил Аҳмедов нега "Анжи"га ижарага ўтишга рози бўлди, деб сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди