Доналд Рамсфелд фикрида, АҚШнинг Андижон сиёсати хато бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америка Қўшма Штатларининг собиқ мудофаа вазири, Доналд Рамсфелд, шу кунларда чоп қилган ёднома китобида 2005 йил Андижонда юз берган хунрезликлар ортидан АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан қабул қилган сиёсати ташқи сиёсатдаги энг катта хатолардан бири бўлганини ёзади.

2005 йил 13 майида минглаб намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши ва, қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларига кўра, 500 нафарча оддий инсонларнинг нобуд бўлиши ортидан расмий Тошкент хунрезликларни Исломчи радикаллар амалга оширганини даъво қилганди.

Ўзбек ҳукуматининг бу даъвосини расмий Вашингтон қабул қилмаган ва АҚШ Давлат Департаменти ўзбек ҳукумат кучларининг амалларини қоралаганди.

Бунинг ортидан эса, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов АҚШ кучларидан Хонободдаги ҳаво базасини бўшатиб қўйишни сўраган.

Ўз ёдномасида жаноб Рамсфелд инсон ҳақлари деб АҚШнинг стратегик муҳтожликларини унутиб қўйиш хато бўлганини айтади.

"Ўзбек ҳукуматининг версиясини қўллаб-қувватлашдан бош тортиш билан биз ўзимизнинг минтақадаги мавқемизни бой бердик, уларнинг эркинроқ тизим сари тараққиётини ортга буриб, ўз миллиё манфаатларимизга шикаст етказдик," - деб ёзади жаноб Рамсфелд.

Андижон воқеалари ва АҚШ аскарларининг Ўзбекистондан чиқариб юборилишидан кўп ўтмай, 2005 йил ноябрида Тошкент Москва билан стратегик ҳамкорлик шартномасига имзо чекканди.

Image caption Мудофаа Жосуслик Агентлиги ҳисоботи Рамсфелднинг 23 андижонлик тадбиркор Исломий радикаллар экани борасидаги иддаоларини рад этади

"Ўзбек раҳбарлари энди уларни демократия ва инсон ҳақлари масалалари деб койимайдиган Россия ва Хитой каби мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлай бошлади," - дейди Рамсфелд.

Андижон воқеаларига таъриф берар экан, Доналд Рамсфелд ғалаённи "Ўзбекистон шарқида Исломий ҳалифаликни истаган Исломчи экстремист гуруҳ" амалга оширганини айтади.

Бу баёнотига илова қилиб жаноб Рамсфелд АҚШнинг Мудофаа Жосуслик Агентлигининг ҳисоботини келтиради.

Бироқ, гап шундаки, Мудофаа Жосуслик Агентлиги жаноб Рамсфелднинг версиясини ҳеч қачон қўллаб-қувватламаган. Аксинча, Андижон воқеалари Исломчилар фитнаси эмас, балки оддий аҳолининг асосли шикоятлари натижасида юзага келган дея хулоса қилган.

Агентлик ҳисоботида жумладан қуйидагилар ёзилган:

"Уларнинг ғалаёнда иштирок этишлари асосида эктремист мафкура эмас, балки абгор ижтимоий ва иқтисодий аҳвол, ҳамда ҳукуматнинг репрессив сиёсатидан норозилик ётган".

Ҳисобот муаллифи Лоуэл Жакобии ўшанда "Каримов бу норозилик асосида чуқур адолатсизлик ҳисси ётганини тушунмайди. Агар у иқтисодий ва ижтимоий шикоятларга қулоқ тутмаса, яна намойишлар юзага келиши мумкин ва балки кўпроқ зўравонликлар келиб чиқар," деб ёзганди.

Доналд Рамсфелд китобида яна бир хато кўзга ташланган. Унга кўра, Андижон воқеалари ортидан деярли бир неча кун ўтиб АҚШ Хонободдаги база ижараси учун 23 миллион долларни Тошкентга тўламасликка қарор қилган. У айтмоқчики, бу аскарларнинг чиқариб юборилишига асос бўлган.

Лекин, Рамсфелднинг ўз шахсий веб саҳифасида чоп қилинган Сенатор Жон Маккейн мактубидан аниқланишича, мазкур 23 миллион доллар масаласи аскарларнинг чиқариб юборилиши қароридан кейингина кўтарилган.

Рамсфелд жаноблари Андижон воқеалари ортидан инсон ҳуқуқлари ташкилотлари олиб борган тадқиқотларни ҳужумга олади.

Унинг айтишича, намойишчилар орасида қуролли кишилар бўлганини Хюман Райтс Вотч каби ташкилотлар қайд қилишмаган.

Бироқ, Хюман Райтс Вотч Андижон намойишчилари орасида саноқли қуролли кишилар бўлганини ва бу қолган намойишчилар сонига солиштирганда ўта кам бўлгани, ҳамда ҳукумат кучлари оддий одамларни пистирмадан отиб ташлаганини қайд қилган.