Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: Андижон шаҳридаги қамоқхона ёпилди

Андижонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг хабар қилишича, Андижон шаҳридаги қамоқхона беркитилган.

УЯ64/Т-1 номи билан машҳур ушбу қамоқхонага 2005 йил майида қуролли ҳужум уюштирилган эди.

Саиджаҳон Зайнобиддинов тарқатга хабарда таъкидланишича, муассиса ҳозирда вилоят тергов изолятори сифатида ишламоқда.

Унда илова қилинишича, ўтган йилдан бошлаб қамоқхонада сақланган 700-800 одам босқичма-босқич бошқа жазони ўташ муассисаларига кўчирилган.

Саиджаҳон Зайнобиддинов у олиб борган кузатувлар анчайин "ижобий" натижаларни берганини айтган.

Ҳуқуқбоннинг терговда бўлган шахслар яқинларига таяниб маълум қилишича, терговда бўлган шахсларни сақлаш "режими сезиларли даражада юмшаган".

Терговда бўлган шахсларга келтирилган озиқ-овқат ва кийим кечаклар "ҳар ойда ортиқча муаммоларсиз қабул қилинмоқда", дея таъкидланади.

"Қизил қамоқхона"

Шўролар пайтида барпо этилган Андижон қамоқхонаси собиқ иттифоқдаги энг номдор жазони ўташ муассисаларидан бири ҳисобланарди.

Ўта шафқатсизлиги билан ажралиб турган ушбу муассиса маҳкумлар орасида "қизил қамоқхона" номини олганди.

Баъзи нашрияларнинг хабар беришича, Ўзбекистон расмийлари Андижон қамоқхонасини ёпиш қарорини 2005 йил Андижонда юз берган қонли ҳодисалар ортидан олган.

2005 йил 12-майдан 13-майга ўтар кечаси бир гуруҳ қуролли шахслар қамоқхонага ҳужум қилиб, у ерда сақланаётган маҳбусларни озод этишган эди.

Кейинчалик Ўзбекистон расмийлари қуролли ҳужум фаолияти таъқиқланган "Акромия" диний ҳаракати томонидан оширилганини даъво қилди.

Аммо бу даъволар мустақил манбалар томонидан ўз тасдиғини топмаган.

Би-би-си Андижон қамоқхонасининг беркилиши борасида қўшимча маълумот олиш учун Саиджаҳон Зайнобиддиновга боғланди.