Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Озиқ-овқат нархларининг ўсиши Ўзбекистонда қандай оқибатларга етаклаши мумкин?

Image caption Ўзбекистонда аҳолининг ойлик маоши кўп ҳолларда бозорлардаги нарху наволарга мос тушмаслиги айтилади

Жаҳон банки раҳбарининг огоҳлантиришича, дунё бўйлаб озиқ-овқат нархлари "хавфли даражада" кўтарилган ва бу Марказий Осиёдаги шундоқ ҳам қалтис сиёсий, ижтимоий вазиятни мураккаблаштириши мумкин.

Банк келтирган маълумотларга кўра, буғдой, макка, шакар ва ўсимлик ёғи қийматининг кескин кўтарилиши ўтган тўққиз ой ичида ривожланаётган давлатларда 44 миллиондан ортиқ кишини ночорлик гирдобига ташлаган.

Аксарият аҳолиси камбағалликда кун кечириши айтиладиган Ўзбекистонда ҳам ўтган йили асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кўтарилганди. Шундай экан, бугун Ўзбекистондаги вазият қандай?

Тошкентдан мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ҳозирда Қозоғистон унининг нархи икки баробарга кўтарилган.

"Бир килограмм Қозоғистоннинг олий уни 900 сўм эди, ҳозир мана 1800 сўм сотиляпти. Ўзимизнинг, Ўзбекистон ғалласидан тайёрланган ун мавҳум сабабларга кўра, республиканинг йирик шаҳарларида йўқ", дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Унга кўра, бошқа маҳсулотлар, масалан, ўсимлик ёғининг нархи ҳам бундан олти ой олдингига қараганда ошган: "Ўсимлик ёғи 4 минг 400 сўм сотиляпти. Бундан 6 ой олдин 3 минг сўмдан ошмаган эди, 3 минг сўм атрофида эди".

Аммо, Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, аҳоли нарху наволарнинг ошишига норозилик билдираётгани йўқ.

"Чунки, улар билиб турибди, ҳукумат уларнинг дардини эшитишни ҳам хоҳламаяпти", дея фикр билдиради иқтисодчи.

Айни пайтда Ўзбекистондаги аксар аҳолининг ойлик маоши ҳозирги нарх - наволар билан мувофиқ тушмаслигини айтилади.

Жаҳонгир Шосалимов вазият шу тарзда давом этадиган бўлса, Жаҳон банки раҳбари айтганидек, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ижтимоий ва сиёсий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтади.