Ўзбекистонда мобил алоқаси арзонлаб бормоқда

Image caption Ўзбекистонда мобил алоқаси тобора оммавийлашиб бормоқда

Ўзбекистонда мобил алоқа ширкатлари мижозлар учун курашни авж олдиришмоқда. Учта энг йирик ширкатлар қўнғироқ қилиш нархини бир дақиқа учун 1,5 центга туширган.

Ўзбекистонда мобил алоқаси бошқа кўпгина мамлакатларга қараганда арзонроқ ҳисобланади.

Газета.уз веб саҳифаси хабар қилишича, биринчи бўлиб "Бир ярим" тарифини 5 февралдан бошлаб UCell ширкати киритган. У TeliaSonera швед-фин гуруҳининг шуъба корхонаси бўлиб, ўз абонентлари сони бўйича Ўзбекистонда иккинчи ўринда туради.

"Суҳбатдошингиз UCell абоненти ёки UCell абоненти эмаслиги энди аҳамиятга эга эмас, чунки қўнғироқ қилиш нархи ёки смс жўнатиш атиги 1,5 цент бўлади," - дейилади мобил операторининг матбуотга берган баёнотида.

Мазкур тариф фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади.

Айни дамда UCell кириш қўнғироқлари текин экани ва 1 Мб интернет 10 центга тушишини қўшимча қилди.

Мазкур эълондан уч кун ўтиб, 8 февралда "Билайн" ширкати ўзининг "Оддийгина! Бир ярим!" номли тарифини таклиф қила бошлади.

"Билайн" Ўзбекистондаги мижозлари сони бўйича мобил операторлари орасида учинчи ўринда туради.

"Билайн" эълон қилган тариф тафсилоти рақиби UCell таклиф қилаётган нархлардан мутлақо фарқ қилмайди.

"Билайн" баёнотидан кўп ўтмай энг йирик мобил оператори "МТС-Узбекистон" "Ҳаммага салом!" номли тарифи билан чиқди.

Бироқ, унинг нархлари юқоридаги икки рақибиникидан ҳам арзонроқ.

"МТС-Узбекистон"нинг янги нархларига кўра, тармоқ ичидаги суҳбатнинг илк уч дақиқаси ҳар дақиқасига 1,5 центга тушади, аммо учинчи дақиқадан сўнг нарх ҳар дақиқа учун 0,5 центга пасаяди.

Тарифнинг бошқа тафсилотлари икки рақиб нархларидан фарқ қилмайди.

МТС-Узбекистан ҳозирда 9 миллион, UCell эса 7 миллион абонентга хизмат қилади.

Учта ширкат ҳам GSM андозасида фаолият олиб боради.

Ўзбекистонда, шунингдек, икки CDMA-операторлари фаолият юритишади, улар Perfectum Mobile ва Uzbektelecom Mobile.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124