Роберт Блейк:'Менинг сафарим АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш ҳаракатлари аксидир '

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Жаноб Блейкка кўра, унинг сафари АҚШнинг Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳаракатларини акс эттиради.

Ўзбекистонга сафар билан борган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ўринбосари Роберт Блейк АҚШ икки томонлама муносабатларнинг турли соҳаларида алоқаларни кенгайтириш тарафдори эканлигини билдирди.

Жаноб Блейкнинг 18 феврал куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида айтишича, унинг сафари АҚШнинг Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳаракатларини акс эттиради.

Ўзбекистон расмийлари билан учрашувлар мобайнида ҳам икки томонлама алоқаларнинг турли соҳаларида муносабатларни кенгайтириш масалалари мубоҳиса этилган.

Хавфсизлик, савдо, илм-фан ва технологиялар, гиёҳванд моддаларга қарши кураш масалалари билан биргаликда, шунингдек, фуқаровий жамиятни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари муаммолари ҳам кўтарилган.

АҚШ расмийсига кўра, расмийлар билан учрашувларда хусусан президент Каримовнинг ўтган йил 12 ноябр куни қилган нутқида кўтарилган фуқаровий жамиятни мустаҳкамлаш, матбуот эркинлиги ва қонун устуворлигига алоҳида тўхтаб ўтилган.

Бундан ташқари виждон эркинлиги ва инсон трафикинги каби муҳим муаммоларга ҳам тўхталган.

Жаноб Блейк Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларига Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган қўлловни, жумладан халқаро кучлар учун юклар транзити учун берилган рухсат, Афғонистонни электр қуввати билан таъминлаш ва Ҳайратондан Мозори-Шариф шаҳрига қадар темир йўл қурилишидаги иштирокини АҚШ юқори баҳолашини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Жаноб Блейкка ўн нафар АҚШлик йирик ишбилармон ҳамроҳлик қилмоқда ва Ўзбек-Америка Бизнес форумида иштирок этганлар.

Унга кўра, бу галги сафарида ўн нафар йирик америкалик ишбилармонлар унга ҳамроҳлик қилмоқдалар ва бугун эрталаб Ўзбек-Америка Бизнес форумида савдо ва сармоялар ётқизиш имкониятлари мубоҳиса этилган.

Фуқаро жамияти вакиллари билан ҳам кечроқ учрашган жаноб Блейкнинг айтишича, фуқаро жамиятининг ривожланиши ва инсон ҳуқуқлари масаласи АҚШнинг жаҳон бўйлаб мамлакатлар билан икки томонлама алоқаларининг муҳим қирраси бўлиб келган.

Журналистлар саволларига жавоб берар экан, жаноб Блейк Қирғизистондаги жараёнларга ҳам тўхтаб ўтди.

Унинг айтишича, АҚШ Қирғизистондаги жараёнларни синчковлик билан кузатиб турибди ва июн ойи ҳодисаларидан сўнг бўлиб ўтган баъзи маҳкама жараёнларининг халқаро стандартларга мувофиқ ўтмаганлигидан хавотир изҳор этган.

"Қирғизистондаги ўзбек ва қирғиз жамолари ўртасидаги ярашув жараёнида адолатли маҳкама жуда муҳим рол ўйнайди", деб айтди жаноб Блейк.

Шунингдек, АҚШ расмийси Туркманистондан Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга қадар узанувчи газ қувур лойиҳаси ҳақида ҳам гапириб, бу масалани Туркманистонга сафари мобайнида Президент Бердимуҳамедов билан кўтаргани ва АҚШ бу лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдирди.

Унга кўра, ушбу лойиҳа Марказий Осиё минтақасини Жанубий Осиё билан боғлашда муҳим рол ўйнайди.