Равшан Эрматов энди Осиё чемпионлар лигасида ҳакамлик қилади

Ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматов Осиё чемпионлар лигасининг "А" гуруҳидаги дастлабки беллашувга ҳакамлик қилади.

Учрашув 1 март куни Риёдда, "Ал-Ҳилол"(Саудия Арабистони) ва "Сепоҳан"(Эрон) орасида бўлиб ўтади.

Осиё Футбол Конфедерацияси тарқатган хабарларга кўра, Равшанга ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровлар ёрдамчилик қилишади.

2011 йилги Осиё чемпионлар лигаси беллашувларида Ўзбекистондан "Бунёдкор" ва "Пахтакор" клублари ҳам иштирок этишмоқда.

Ўзбекистонлик жамоаларга ҳалича Осиё чемпионлари чемпиони бўлиш шарафи насиб этгани йўқ.

Равшан Эрматов Осиё чемпионлар лигаси учрашувларига 2007 йилдан бошлаб ҳакамлик қилиб келади.

У 2007 йилда Осиё чемпионлар лигасининг финал беллашувини ҳам бошқарган.

Бу Равшаннинг куни-кеча Қатарда якун топган 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинларидан кейин ҳакам сифатида иштирок этаётган навбатдаги нуфузли футбол беллашувидир.

Яқинда кетма-кет учинчи бор "Осиёнинг энг зўр ҳаками" деб топилган Равшан сўнгги Осиё Кубоги ўйинларининг финал учрашувига ҳам ҳакамлик қилганди.

Япония ва Австралия орасида бўлиб ўтган финал ўйинида шарқий осиёлик футболчилар тўртинчи бор Осиё чемпиони бўлишганди.

Австралия миллий терма жамоаси эса, ярим финалда ўзбекистонлик футболчиларни йирик ҳисоб билан мағлуб этиб, финал босқичига чиқишга муваффақ бўлганди.

33 ёшли Равшан Қатардаги Осиё Кубоги ўйинларида иштирок этаётган бир пайтда Халқаро Футбол Тарихи ва Статистикаси уюшмаси томонидан дунёдаги иккита зўр ҳакамдан биттаси деб ҳам топилганди.

Халқаро карьерасини бор-йўғи 2003 йилда бошлаган Равшан уюшманинг ўтган 10 йилликнинг энг яхши ҳакамлари рўйхатида ҳам саксондан ортиқ ҳакам орасидан 26-ўринни эгаллаб, манаман деган рақибларини ортда қолдирганди.

Бу эса, Осиёдаги энг яхши кўрсаткичдир.

Биз ҳали Риёдга жўнаб кетмасидан аввал ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматовни суҳбатга чорлаб, энг аввало сўнгги Осиё Кубоги ўйинларида олган таассуротлари билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди